14 June 2022
19:46 - “Бизда бундай маҳбус йўқ”, деб Алексей Навальнийни қамоқхонадан номаълум томонга олиб кетишибди
Россиялик сиёсатчи Алексей Навальнийни Владимир областидаги 2-рақамли умумий тартибдаги колониядан номаълум манзилга олиб кетилибди. Бу ҳақда мухолифатчининг тарафдорлари хабар берган. Алексей Навальний фирибгарлик ва судга ҳурматсизлик айблови билан 9 йилга қамалган экан.

Сиёсатчининг матбуот котиби Кира Ярмишнинг айтишича, уни қамоқхонага кўришга борган адвокатларга “Бу ерда бундай маҳбус йўқ”, деб жавоб беришибди. Адвокатлар ичкарига кириш учун соат 14:00 гача кутиб туришга мажбур бўлишибди ва ҳозирда Алексей Навальнийни қаерга, қайси колонияга олиб кетишгани номаълумлигича қолмоқда.

“Қатъий режимдаги қамоқхонага ўтказилган, лекин айнан қайси бирига экани ҳақида бизга айтишмади”, дебди Алексей Навальнийнинг адвокати Ольга Михайлова ТАСС мухбири билан суҳбатда. Россия Федерал Жазони Ижро Этиш Хизмати бу ҳолатга муносабат билдиргани йўқ.

“Алексейнинг яқинларига ҳам, адвокатларига ҳам уни қаерга олиб кетишгани ҳақида табиийки олдиндан маълумот беришмабди. Миш-мишларга кўра, уни 6-рақамли Мелехова қамоқхонасига олиб кетишни кўзлашган, лекин бу борада аниқ маълумот йўқ”, дебди Кира Ярмиш.

22 март куни Москвадаги Лефортово туман суди қамоқхонанинг ўзида ўтган суд мажлисида Алексей Навальнийни 9 йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилган эди. Сиёсатчи Коррупцияга қарши кураш фондига хайрия қилинган пулларни ўз манфаатлари учун ишлатиш ва судга ҳурматсизлик қилиш бўйича айбли деб топилганмиш.

4 май куни Алексей Навальний Мелеховадаги 6-рақамли қамоқхонага ўтказилиши ҳақида айтган экан. Бу колония ҳам Владимир областида жойлашган. Алексей Навальний бу ҳақда ўзининг каналида шундай пост қолдирганди: “Менга ҳали ҳукм чиқаришмади, лекин Мелеховадаги қатъий режимдаги маҳбуслар мен учун махсус “қамоқхона ичида қамоқхона” жиҳозланаётгани ҳақида ёзишди. Айтишларича, бу қамоқхона ҳақида Google'да қидирув берилса, у ерда тирноқлар қандай юлиб олиниши борасидаги маҳбусларнинг ҳикоялари чиқиб келар экан”.

24 май куни Москва шаҳар суди апелляция аризасини рад этди ва ҳукм кучга кирган эди. Унга кўра, Алексей Навальний умумий тартибдаги колониядан қатъий тартибдаги колонияга ўтказилиши керакди. Бу икки турдаги қамоқхона маҳбусларни сақлаш шароитлари бўйича фарқ қилади. Қатъий тартибдаги колонияларда маҳбусларга нисбатан учрашувлар, жўнатма олиш, пул сарфлаш, хат ёзиш, ҳисоб рақамидан фойдаланиш ва сайр қилиш бўйича чекловлар кўп бўлади.

Алексей Навальний умумий тартибдаги колонияда уч ойда бир марта оила аъзолари билан узоқ муддатли учрашув ўтказа олаётган бўлса, қатъий тартибдаги колонияда бу борада янада кескинроқ ҳолатга тушиши мумкинлигини айтганди.

“Табиийки, такрорий суд ўтказилиши уни бошидан уюштирган одам учун керак эди. Навальнийнинг аҳволини ёмонлаштириш, муддатини узайтириш ва қамоқда бўлиш шароитини ўзгартириш учун.

Бу ишда ҳеч қандай мантиқ йўқ, чунки Алексей Навальний аллақачон сиёсий саҳнадан четлаштириб бўлинганди. Бу ерда фақат ундан қасос олиш истаги бор холос”, деб изоҳлаганди Алексей Навальний устидан чиқарилган суд қарори ҳақида гапирар экан сиёсатшунос Глеб Павловский.

Тергов хулосасига кўра, Алексей Навальний ўз шериклари билан бирга Коррупцияга Қарши Кураш Фонди учун хайрия қилинган пулларни ўз манфаатлари учун ишлатганмиш. Алексей Навальний судда бу борада келтирган қарши аргументлар эса инобатга олинмаган. Сиёсатчининг сўзларига кўра, арзнома ёзган одамлардан бири чилангар бўлган, фондга 2 миллион рубл ўтказган ва уч ҳафта ўтиб Алексей Навальний пулни ўз манфаатларига ишлатаётганидан шикоят қилиб ариза берган. Мухолифатчи буни кулгили аргумент деб атаганди.

Сиёсатчининг адвокати бу ерда очиқчасига қонун бузилиши ҳолатлари кузатилаётганини айтган. “Бу ишда ҳеч қандай жиноят аломати йўқ. Биз Алексей қатъий тартибдаги колонияга асоссиз тарзда ўтказилди деб ҳисоблаймиз. Уни гўёки рецидивист деб топишган, лекин Навальний “Ив Роше” иши бўйича муддатни ўтаётганди. Жиноят кодекси бундай ҳолатда рецидивист деб топишни тақиқлайди. Шундай экан, унга нисбатан янги ҳукм нотўғри чиқарилган”, дебди сиёсатчининг адвокати Ольга Михайлова BBC билан суҳбатда.

Хуллас, Алексей Навальнийнинг ҳимоячиси кассация тартибида арзнома киритиши кераклигини айтиш билан чекланибди.

Ким кимдир? Who is Who?Добавить персону