21 февраль кунига белгиланган суд мажлисида Васила Эгамбердиева ҳимояси учун юзга яқин одам йиғилган.
Мамлакатда сиёсий партия тузишга уриниши ортидан танилган Хидирназар Аллақулов ўтган йилнинг июнь ойида жамоатчилик фаоллари янги бир сиёсий ҳаракат - "Ҳақиқат, тараққиёт ва бирдамлик демократик партияси"ни тузишга бел боғлаганини эълон қилганди.
Шу йилнинг 19 январь куни ҳаракат фаоллари 74 яшар Эгамбердиеванинг хонадонида йиғилишган.
20 февраль куни эса фаоллар Жиноят ишлари бўйича Мирзо Улуғбек туман судидан Вазира Эгамбердиева номига чақирув хати келганини эълон қилганлар.
Суд чақирув қоғозида Вазира Эгамбердиева Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 202-моддаси (Рухсат этилмаган йиғилишлар, митинглар, кўча юришлари ва намойишлар ўтказиш учун шароитлар яратиш) бўйича ҳуқуқбузар ўлароқ суд мажлисига етиб келишдан огоҳлантирилгани ҳақида сўз боради.
21 февраль кунига белгиланган суд мажлисида Вазира Эгамбердиева тарафдорлари бўлган юзга яқин одам йиғилган.
Видеоконференция шаклида ташкил этилган суд мажлисида Вазира Эгамбердиева суд иши ҳужжатлари билан таниш эмаслиги, ўзининг нимада айбланаётганидан бехабар эканлигини билдириши ортидан суд мажлиси 24 февралга қолдирилган.
Қолдирилган суд мажлисидан сўнг Би-би-си саволларига жавоб берганВазира Эгамбердиеванинг тахмин қилишича, у хонадонида сиёсий йиғин ўтказилишига рухсат бергани туфайли судга тортилаётган бўлиши мумкин.
У тузилишига ҳаракат бошланган янги партия тўғрисидаги хабарларни ижтимоий тармоқ орқали билганини айтади.
Эгамбердиева фаоллар маслаҳат йиғини ўтказиш учун жой топишда муаммоларга дуч келаётганидан хабар топгач, уларни ўз уйига таклиф қилгани ҳақида гапиради.
"Улар йиғин ўтказиш учун ижарага олмоқчи бўлган жой эгаларини қўрқитишгани, офис олишганда ҳам муаммоларга учраганини кўриб, шу йиғинни уйда ҳам ўтказса, бўладими, дедим".
"Шу партия тузилишини ич-ичимдан хоҳладим. 19 январь куни уйимда йиғилиб, Қозоғистондаги вазиятга муносабат билдирдик. Шу йиғинни ушлаб олишяпти, лекин, аслида, кейинги йиғилишимизда партия тузиш масаласини муҳокама қилдик. Шу партия тузамиз, деганимизга босим қилишяпти", - дейди у.
1948 йилда туғилган Вазира Эгамбердиева аввалдан жамоат фаоли бўлган.
Касби ўқитувчи бўлмиш Вазира Эгамбердиева "Бирлик" Халқ Ҳаракати фаолларидан саналади.
Унинг судга тортилиши жамоат фаолларининг эътирозларига сабаб бўлмоқда.
Улар сиёсий партия тузиш ишлари мамлакат қонунчилигига тўлиқ амал қилган ҳолда кечаётганини таъкидлаб, фаоллар йиғини учун хонадонидан жой берган кекса аёл ҳуқуқбузар ўлароқ судга тортилаётганини савол остига олганлар.
Вазира Эгамбердиевани дастаклаш учун суд мажлисига келган тиббиёт фанлари доктори, профессор Зарифбой Ибодуллаев 74 яшар аёлнинг суд қилинишини уятли ҳолат", деб атаган.
"Сиз Ўзбекистон виждонига, ҳақиқатан, "миллат онаси" деган номга айландингиз", фикр билдирган у Вазира Эгамбердиевани назарда тутиб.
21 февраль куни сиёсий ҳаракат етакчиларидан бири Хидирназар Аллақулов Вазира Эгамбердиеванинг суд қилиниши ғайриоддий ҳолат эмаслиги, фақат суд адолатли ўтиши тарафдори экани ҳақида гапирган.
"Онахонимизни қўллаб келганинглар учун ҳаммангизга миннатдорчилик билдирамиз. Мен ҳамма вақт айтаманки, қонунларга сўзсиз итоат этамиз ва бунда намуна ҳам бўламиз", - деган у йиғилганларга қарата.
Фаоллар расмийлардан навбатдаги суд мажлисида кенг жамоатчилик иштироки учун шароит яратиб беришни сўрашларини билдирганлар. // BBC News