2022 йил учун “Эл-Юрт Умиди” жамғармаси квоталари 420 ўрин этиб белгиланибди. Бу ҳақда - бугун, яъни АОКАда бўлиб ўтган матбуот анжуманида бу жамғарманинг Ижрочи Директори Ўринбосари Жавоҳир Аҳмедов маълум қилибди.
“Жамғарма томонидан 140 дан ортиқ вазирлик, идора ва ташкилотнинг хорижда таълим олиш учун реал эҳтиёжи ўрганилганда, жами 2068 ўринга, жумладан, бакалавриатга 253 ўрин, магистратурага 1259 ўрин ва докторантурага 556 ўринга эҳтиёж мавжудлиги аниқланди.
Мазкур эҳтиёжлардан келиб чиқиб, хорижий давлатларда бакалавриат, магистратура ва докторантура дастурлари асосида таълим олиш учун 2022 йилга мўлжалланган стипендиялар квотаси 420 ўрин этиб тасдиқланган.
Жамғарма дастурлари кесимида бакалавриатга 120 ўрин, магистратурага 180 ўрин ва докторантурага 120 ўрин ажратилган”, - дебди директор ўринбосари.
Таъкидланишича, 2020 йилдан бошлаб ҳар йили танлов асосида танлаб олинган 20 нафаргача ногиронлиги бўлган иқтидорли ёшлар хорижий давлатга таълим олишга юборилмоқда эди. Жорий йилда ушбу кўрсаткични оширишга устувор эътибор қаратилганмиш.
Унинг сўзларига кўра, стипендияга номзодлар ҳужжатларини қабул қилиш жорий йил 10 январдан 10 февралга қадар, саралаш танловини ўтказиш эса 10 февралдан 10 мартга қадар амалга оширилади.
2021 йилда “Эл-Юрт Умиди” жамғармасига мутахассисларни хорижда тайёрлаш учун 142,6 млрд сўм ажратилган бўлса, 2022 йилда бу маблағ 170 млрд сўмни ташкил қилиши айтилибди.