06 January 2022
18:04 - Қозоғистондаги инқироз битаётганга ўхшамоқда. Охирги хабарлардан сўнгги маълумотлар

Давом этаётган намойишлар фонида бутун мамлакат бўйлаб фавқулодда ҳолат режими эълон қилиниб, Олмаотада намойишчилар ҳокимият биноси, президент қароргоҳи ва аэропортни эгаллаб, шаҳарда бемисл талончилик ҳаракатлари бошлангач, президент КХШТга ёрдам сўраб мурожаат қилди. Мамлакатда аксилтеррор амалиётлар бошланди десак бўлаверади.

Мана шу ерда Қозоғистонда 5-6 январь кунлари содир бўлган асосий воқеалар ҳақида маълумотлар олишингиз мумкин:

- 2 январь куни бошланган намойишлар 4 январда авж олиб, бутун мамлакатга тарқалди, 5 январь куни бутун Қозоғистон бўйлаб фавқулодда ҳолат эълон қилинди, банклар ишламаяпти;

- намойишчилар бир қанча ҳукумат биноларини қамал қилиб эгаллашган, Олмаотада супермаркетлар ва дўконлар таланган;

- полиция маълумотига кўра, тўқнашувлар вақтида ўнлаб кишилар ҳалок бўлган;

- президент Қосим-Жўмарт Тўқаев ҳукуматни истеъфога чиқариш ортидан ўзи Хавфсизлик Кенгаши раиси лавозимида Нурсултон Назарбоевнинг ўрнини эгаллади ва КХШТдан ёрдам сўради;

- президент аввалига айрим областларда, кейин бутун мамлакат бўйлаб фавқулодда режим эълон қилди, мамлакатга хориждан келиш тўхтатилди;

Бу вақтда Олмаота области Толдикўрғон шаҳрида Нурсултон Назарбоевга 2016 йилда ўрнатилган ҳайкални ағдариб ташлангани ҳам хабар қилинди.

Қосим-Жўмарт Тўқаев миллатга мурожаатида намойишлар ортида “молиявий жиҳатдан мотивларга эга шахслар” тургани ва уларнинг бу борада “пухта ишлаб чиқилган режаси” борлигини айтиб, “максимал даражада қатъий” ҳаракат қилишини билдирди. У Олмаотада ҳуқуқ-тартибор органлари ходимларига оммавий ҳужумлар кетаётгани, “бандитлар” ҳарбий хизматчиларни камситиб, кўчалардан яланғоч ҳолда олиб ўтилаётгани, аёллар зўравонликка учраётгани, дўконлар таланаётганини айтиб ўтди.

Аввалига Олмаота шаҳри, Олмаота области, Манғистау области ҳамда Қозоғистон пойтахти Нур-Султон шаҳрида фавқулодда ҳолат жорий этилганди.

Кўп ўтмай бутун мамлакатда фавқулодда ҳолат жорий этилгани эълон қилинди. Унга кўра:

- соат 23:00дан соат 7:00гача комендантлик соати;

- полиция бошлиғи раҳбарлигида комендатура ташкил этилган;

- оммавий йиғилишлар тақиқланган;

- эркин ҳаракатланишга, жумладан транспорт воситалари ҳаракатига чекловлар ўрнатилган;

- ҳар бир регионга кириш ва чиқишда чекловлар;

- ҳужжатлар текширилиши, юклар ва транспорт воситаларида тинтув ўтказиш;

- қурол ва ўқ-дори сотуви тақиқланади, дори-дармонлар ва алкогол сотуви устидан алоҳида қатъий режим;

- фавқулодда ҳолат режими даврида аҳолидан қуроллар ва ўқ-дорилар вақтинча олиб қўйилади.
Фавқулодда ҳолат режими 19 январга қадар амал қилади.

Сўнгги маълумотларга кўра, ҳуқуқ-тартибот органлари орасида қурбонлар сони камида 14 нафарни ташкил этмоқда, уч кишининг боши танасидан жудо қилингани айтилмоқда, 350дан ортиқ полициячи ва ҳарбийлар турли даражада жароҳат олган.

5 январь куни Атирауда намойишчиларнинг бир нафари ҳалок бўлгани хабар қилинганди. 6 январь куни Олмаота полицияси қуролланган гуруҳнинг ИИБ биносига ҳужумини қайтариш чоғида ўндан ортиқ киши ўлдирилганини маълум қилди. Олмаота Полицияси Бошлиғи Салтанат Азирбек айни вақтда ҳалок бўлганларнинг шахсини аниқлаштириш ишлари кетаётганини билдирмоқда.

ССВ маълумотига кўра, оммавий тартибсизликлар вақтида мингдан ортиқ киши жароҳатланган, шундан 400га яқин киши шифохонага ётқизилган - 62 киши реанимацияда.

5 январь куни кечқурун намойишлар талончилик ҳаракатларига уланиб кетди. Турли ҳудудларда номаълум шахслар тинч намойишга йиғилганлар орасига кириб, қуроллар тарқатишган ва провокация бошлашган. Энг жиддий воқеалар Олмаотада содир бўлди - бу шаҳарда бир қанча ҳукумат бинолари, жумладан шаҳар ҳокимлиги биноси ва президент қароргоҳи, шунингдек, халқаро аэропортга бостириб кирилди.

Шаҳар ҳокимлиги ва прокуратура биноларига ҳамда бошқа объектларга ўт қўйилган, ҳукмрон “Нур Отан” Партияси офиси вайрон этилган.

Бошқа шаҳарларда ҳам намойишлар давом этган, аммо Олмаотадан фарқли равишда бу ҳудудларда полиция ва ҳарбийлар вазиятни назоратда сақлаб туришган.

Полиция ҳисоботига кўра, Олмаотада фитнес-клублар, дўконлар ва ломбардларга қилинган ҳужумлар бўйича 85та қўнғироқ келиб тушган.

Қозоғистондаги бир қанча завод, фабрика ва корхоналар ҳам фаолиятини тўхтатган, хусусан, Қорағанданинг Балхаш шаҳридаги Металлургия заводи ҳам ёпилибди. Завод ишчилари иш ташлаб, намойишчиларга қўшилишгани ҳам маълум бўлибди.

Хуллас, айни вақтда Россиядан илк ҳарбий бўлинмалар Қозоғистонга келган ва ўз вазифаларига киришган. Россиядан ушбу амалиётларга 5000 ҳарбий жалб этилган.

Шу давлатда аксилтеррор амалиётлар бошланиб кетиб бўлди. Олмаотада тартибсизликларда қатнашган 2 мингга яқин намойишчи қўлга олингани ҳам эълон қилиниб бўлинди.

Ким кимдир? Who is Who?Добавить персону