United Tax Advisors компанияси асосчиси Муроджон Муҳаммеджанов МFaktor лойиҳасига берган интервьюсида мантиқсиз солиқ текширувлари ва солиқ қонунчилиги соҳасидаги муаммоларга алоҳида тўхталибди.
Мана унинг асосий факторлари.
“Солиқ соҳасида бизнинг тадбиркорлар учун самараси 0,01 фоиз, аммо салбий жиҳати 5-6 баробар юқори ҳисобланадиган ўзгаришлар кутиб турибди. Масалан, ҳозирги кунда E-aktiv, E-ijara каби дастурларни қилишмоқда. Қонунчиликка шунақа таклифларни киритиб қўйишганки, солиқ тўловчилар солиқ органи томонидан ишлаб чиқиладиган дастурий маҳсулотни ишлатиши мажбурий. Бу жуда хавфли нарса ва солиқ тўловчиларни хоҳлаганимча, хоҳлаган жойимга бураман деган ғояга ўхшайди. Бу каби янгиликларни салбий эмоциялар билан кутиб олмасликнинг имкони йўқ”.
У “Камерал Текширув ўзи нима?» дегaн саволга ҳам жавоб қидирибди ва Камерал Текширув Солиқ Қўмитасининг хатарларни таҳлил қилиш дастуридаги қизил, сариқ, яшил йўлакларнинг қай бирига мос келишига қараб, хатарли йўлакка тушган тадбиркорларда ўтказилиши ва солиқ тўловчининг солиқ тўламаслик риски анализ қилиниши кераклигини ҳам муҳокама қилибди. Унга кўра, тадбиркорлик субъекти ҳисоботлари, товар айланмаси каби молиявий ва ҳуқуқий ҳаракатлари таҳлил қилинаиши ва тадбиркор 3та йўлакдан биттасига туширилиши керак. Шубҳали йўлакка тушган тадбиркорлик субъектлари камерал, яъни тўлиқ текширув ўтказилиши учун белгилаб олинади.
Муроджон Муҳаммеджанов солиқ қонунчилигини ҳам қаттиқ танқид қилиб, бир қатор янгиликлар тарлиф қилибди. Қани кўрамиз, ҳақиқатда нима бўлади. Regulation.gov.uz сайтида солиқ қонунчилигига киритилаётган ўзгаришлар лойиҳаси жойлаштирилган. Ҳар бир тадбиркор бу лойиҳанинг нуқтасидан вергулигача яхшилаб танишиб чиқиши керак, чунки бу ўзгаришлар уларнинг келажакдаги фаолиятига бевосита таъсир ўтказади.
Бу ерда ўша интервьюнинг энг қисқа жойларини, яна ҳам қисқартириб бердик. Аслида, у ерда эътиборга лойиқ нарсалар ЖУДА КЎП, дейди “Ҳаракат” мухбирлари.