Иқтисодчи Миркомил Холбоевнинг таъкидлашича, ички ишлаб чиқарувчилар қанчалик кучли ҳимоя қилинмасин, чет эллик ишлаб чиқарувчилар билан рақобатда ютқазишмоқда ҳамда бозорни уларга бой бермоқда.
Мустақилликдан кейинги даврда ички ишлаб чиқарувчиларни қўллаб-қувватлаш мақсадида кўплаб имтиёзлар тақдим қилингани кўпчиликка сир эмас. Жанубий Кореядаги “Жэонбук Университети” магистранти, иқтисодчи Миркомил Холбоевнинг фикрича, ушбу имтиёзлар кўзланган натижани бераётгани йўқ.
“Статистика қўмитасининг берган маълумотларига кўра, жорий йилнинг 9 ойи мобайнида Ўзбекистонга жами қиймати 9.9 млн долларлик оёқ кийимлар импорт қилинган. Ўтган йилнинг мос даври билан таққослаганда оёқ кийим импорти тахминан 83 фоизга ёки 4.5 млн долларга ошган. Экспорт ҳажми эса жорий йилнинг январ-сентябр ойларида 24,7 млн долларни ташкил этган ҳамда ўтган йилнинг мос даври билан таққослаганда 13 фоизга ёки 3,6 млн долларга камайган.
2019 йилнинг октябр ойида импорт қилинадиган оёқ кийим учун импорт божи миқдори 20 фоиз ҳамда бир жуфти учун 2 доллардан кам бўлмаган чекловлар ўрнатилганди. Бунгача эса импорт қилинадиган оёқ кийим учун 10 фоизлик бож режими амал қилар эди(2021 йилда бирон-бир ўзгариш бўлганлиги ҳақида маълумот тополмадим). Амалдаги 20 фоизлик бож режими эса 2023 йилгача амал қилиши режалаштирилган эди.
Кўриб турганингиздек, 2019 йилда божларнинг сезиларли миқдорда оширилганига қарамасдан миллий ишлаб чиқарувчилар 2021 йилда ички бозорда сезиларли улушини импорт оёқ кийимларига бўшатиб берган. Албатта, ҳозирги ҳолатда мамлакатимиз оёқ кийимнинг нет экспортери (экспорт импортдан юқори) ҳисобланади. Аммо бу тенденция узоққа чўзилмаслиги ҳамда Ўзбекистон бу соҳада нет экспотердан нет импортерга айланиши мумкин.
Бир жиҳат қизиқки, ички ишлаб чиқарувчилар қанчалик кучли ҳимоя қилинмасин, чет эллик ишлаб чиқарувчилар билан рақобатда ютқазмоқда ҳамда бозорни уларга бой бермоқда. Ички ишлаб чиқарувчиларни қўллаб-қувватлаш учун импорт божларини ўрнатиш ёки уни ошириш қанчалик жозибали ҳамда яхши ният билан қилинган бўлмасин, унинг натижаси биринчи навбатда истеъмолчиларнинг камбағаллашишига сабаб бўлса, иккинчидан ўша яхши ниятлар билан ҳимоя қилинган соҳанинг ҳам ривожланишига олиб келмайди. 30 йиллик тарихимиз шуни кўрсатадики, ташқи дунёдан ҳимоя қилинган бирон-бир соҳамиз кутилган даражада ривожланиб кетмади.
Тарих берган дарсдан тўғри хулоса чиқармаслик бир хил хатоларнинг қайта-қайта такрорланишига сабаб бўлаверади. Хатоларнинг такрорланиши эса табиийки, ёмон оқибатларнинг ҳам такрорланишига сабаб бўлаверади. Албатта бундай ҳолатда истеъмолчилар асосий зарарни ўз елкасига олади. Мана шу каби соҳаларнинг ҳимоя қилинишидан манфаатдор кичик гуруҳлар эса бойишда давом этади.
Ўтган тарихимиз ташқи савдода нима қилиш ёки нима қилмаслик кераклиги бўйича энг яхши қўлланмалардан бири. Шунчаки, қилинган хатолардан тўғри хулоса чиқарилишининг ўзи кифоя”, дейди иқтисодчи.
“Ҳаракат”: Ҳурматли блогеримиз Миркомил Холбоевнинг фикри жуда ҳам тўғри. Қаранг , у нима деб ёзмоқда: “Бир жиҳат қизиқки, ички ишлаб чиқарувчилар қанчалик кучли ҳимоя қилинмасин, чет эллик ишлаб чиқарувчилар билан рақобатда ютқазмоқда ҳамда бозорни уларга бой бермоқда.”
Бу фикрдан тўғри хулоса чиқариш жуда муҳимдир. Блогернинг фикрича, ўз одамларимизга қанча ёрдам берилмасин, улар ўзимизга фойда чиқадиган ишлар қилолмайдилар. Демак, принципиал янгликлар киритиш керак.
Шавкат Мирзиё замонида Бош Вазир ўринбосари бўлиб ҳам ишлаган Рустам Азим, аввалги Бош Вазир президент бўлиб олиши биланоқ, Бош Вазир ўринбосарлигидан улоқтирилиб, оддий ишга жўнатилганди. Аниқроғи, у бир вакиллар уйининг раҳбари қилиб қўйилган. Демак, авваламбор, уни жойига қайтариш керак ва ҳамма нарсадан четлатилган “Бирлик” Халқ Ҳаракати Партияси тикланиши керак. Ана ўшанда ҳамма нарса жойига тушишга бошлайди.
Демак, Миркомил Холбоев кабилар ҳам шу каби хулосаларни чиқаршлари керак эди.Шундай қилинса, тахмин қилиш мумкинки, Рустам Азим ўз хатосини тезда тузатган ва “Бирлик”ни оёққа турғазган бўлардилар.