29 September 2021
20:16 - Экология ва иқтисодиёт. Экологик партия номзоди фақатгина экологик муаммолар билан шуғулланадими?
Ўзбекистон Экологик Партияси ташкил қилинганига ҳали кўп бўлмади. Аҳоли у ҳақда ҳали атрофлича тушунчага эга эмас. Аммо Ўзбекистон Республикаси президентлигига навбатдаги сайловларда ушбу партия ҳам қатнашмоқда. Партиядан кўрсатилган номзод Нарзулло Обломуродов 27 сентябрь куни қашқадарёлик сайловчилар билан учрашди. Фуқаролар номзоднинг сайловолди дастуридан жой олган масалаларни унинг ўзидан тинглади.

Кўпчилик сайловчида Экологик Партия фақатгина экологик муаммолар билан шуғулланади, деган тушунча шаклланиб қолди. Лекин аслида, ундай эмас. Экопартия нафақат партия номига хос муаммоларни, балки иқтисодий ва ижтимоий соҳаларга ҳам эътибор қаратади. Бунинг мисолини партия ўз олдига қўйган мақсадларда ҳам кўриш мумкин: экологик хавфсизликни таъминлаш, юзага келаётган экологик муаммоларни ҳал этиш билан биргаликда иқтисодий тараққиётни таъминлашда жамиятнинг барча кучларини бирлаштириш.

Бундан ташқари, Экологик Партия иқтисодий ва тараққиётни ҳам «яшил» тарзда ривожлантирмоқчи. Нарзулло Обломуродов бу бўйича партиянинг режаларини маълум қилди.

«Экологик Партия яшил тараққиёт ҳамда яшил иқтисодиётга ўтишни жадаллаштириш тарафдори. Келажакда яшил иқтисодиёт тараққий топган, қайта тикланувчи энергия ҳамда ресурс тежамкор технологиялар жорий этилган замонавий рақобатбардош иқтисодиётни барпо этишни асосий мақсад қилган», - дейди номзод.

Президентликка номзод Нарзулла Обломуродов иқлим ўзгариши муамммосини ҳам эътибордан четда қолдирмаган. У Орол денгизининг экологик фалокати оқибатларини юмшатишга қаратилган инновацион лойиҳаларни амалга ошириш орқали Оролбўйи минтақасида экологик ва ижтимоий-иқтисодий вазиятни, аҳолининг яшаш шароитларини яхшилаш учун амалий ишлар қилинишини айтиб ўтди.

Нарзулло Обломуродов сайловчилар билан учрашган ҳудуддаги тегишли муаммоларга ҳам алоҳида эътибор қаратмоқда. Қашқадарё вилоятида, айниқса, аҳолини тоза ичимлик сув билан таъминлаш масаласи номзод дастуридан алоҳида ўрин олган. Ичимлик сув таъминоти ва канализация тизимларини яхшилаш бўйича дастурий вазифаларни амалга ошириш орқали аҳолининг ичимлик сув таъминотини 90 фоизга етказиш вазифаси қўйилган.

Халқаро ҳужжатларни қабул қилиш, соғлиқни сақлаш, таълим, илм-фан ва маданий-маърифий соҳаларни янада ривожлантириш, шунингдек ташқи сиёсат ва халқаро ҳамкорликни ривожлантириш каби соҳалар нима бўлади?

Албатта, улар ҳам ўз навбатида ривожлантирилади, керакли ўзгаришлар амалга оширилади. Бу бўйича Нарзулло Обломуродов сайловчилар билан юзма-юз учрашувда маълумот бериб бормоқда. Юқоридаги ислоҳотларни амалга ошиши учун сайловчилардан фақатгина Нарзулло Обломуродов номзодига овоз бериш талаб этилади, холос. Танлов ўзингизда — яшил ва соғлом келажак учун овоз беринг!

Ўзбекистон Экологик Партияси матбуот хизмати Ⓣ

Ким кимдир? Who is Who?Добавить персону