АҚШ ҳукумати 2001 йил 11 сентябрдаги терактлардан кейин эълон қилган фавқулодда ҳолат режими яна бир йил амал қилади. Бу ҳақда АҚШ президенти Жо Байден эълон қилди.
Жо Байденнинг таъкидлашича, АҚШ 20 йил аввал фавқулодда ҳолат режимини киритишига сабаб бўлган террорчилик хавфи ҳамон сақланиб қолмоқда.
Фавқулодда ҳолат режими Нью-Йорк ва Вашингтондаги терактлардан кейин 2001 йил 14 сентябрда ўша вақтдаги президент Жорж Буш (кичик Жорж Буш) томонидан киритилган эди. Фавқулодда ҳолат режими киритилиши ҳақидаги ҳужжатда ҳукумат кўрадиган аниқ чоралар кўрсатилмаган, бироқ у террорчилик таҳдиди ҳолатида президентга қўшимча ваколатларни беради.
Аввалроқ Жо Байден 11 сентябрдаги терактларга алоқадор маълумотларни ошкор қилиш ҳақидаги фармонни имзолади. Бу АҚШ президентининг сайловолди ваъдаларидан бири бўлган эди.
2001 йил 11 сентябрда АҚШда бир қатор терактлар содир этилган, айнан ўшанда террорчилар 2та олиб қочилган йўловчи самолётлар Нью-Йоркдаги Жаҳон Cавдо Маркази минораларига бориб уришганди. Яна бир самолёт Пентагон биносига бориб урилгани ҳам маълум. Ушбу терактлар учун жавобгарликни “Ал-Қоида” террорчи ташкилоти ўз зиммасига олгани ҳам ҳаммага маълум бўлган.