03 August 2021
19:52 - Юсуф Жума: ОЧУНГА ШУНЧАКИ КЕЛИБ - ОЧУНДАН ШУНЧАКИ ЎТМА!!!

Сўқир келиб - сўқир ўтма, мудраб келиб - ўтма мудроқ,
Қасос йўли турганида, ўзга йўлларда йўл тутма,
Икки қўлинг икки дору бармоқларинг бўлсин сиртмоқ,
Очунга шунчаки келиб - очундан шунчаки кетма!!!

Майли дўстларинг унутсин, ёвинг унутмасин мангу -
Тамуғда ҳам эслаб десин - қошида тамуғ учмоқ-ку?!
Ўч - энг улуғ эзгуликку, ўч олган - энг улуғ эзгу,
Очунга шунчаки келиб - очундан шунчаки кетма!!!

Атилла эр! - десанг ҳамон ёғийнинг кўзи чиқади,
Хоқон Темур! - десанг ҳамон ёғийнинг кўзи чиқади,
Султон Бобур! - десанг ҳамон ёғийнинг кўзи чиқади,
Очунга шунчаки келиб - очундан шунчаки кетма!!!

Сўз айтсанг, эй Юсуф Жума, ёғий юрагини тешсин,
Агар сени қўлламаса, тўққиз кўкига ўт тушсин,
Хом жойлари роса кўпдир - хом жойлари роса пишсин,
Очунга шунчаки келиб - очундан шунчаки кетма!!!

2021 йил, 27 июль.

* * * * *

Агар шон бўлмаса - бошингдаги тож,
Ўткинчидир - тилломи, дур - ўткинчи.
Сендан кейин бошқа кияр - на илож,
Ўткинчидир - тахт билан тўр - ўткинчи.

Агар донг бўлмаса - ҳатто қабртош -
Олтинми - олмосми - тошни дема тош,
Бош - фақат шон - шараф остидаги бош!
Ўткинчидир - зар билан зўр - ўткинчи.

Донг - Тангридан мардга энган улгудир -
Донг - номус - ор - ардоғидир - ёғдудир!!!
Ҳеч ким тортиб ололмайди - мангудир,
Қачон бўлган Бир билан бир ўткинчи?!!!

Ҳар ҳикмати - ўлмас, ҳар ҳикмати - донг,
Юсуф тожсиз дема зинҳор, эй беонг,
Султондир - бошларда оттиради тонг,
Шонсиз шоҳлар манглайи шўр - ўткинчи.

2021 йил, 26 июль.

* * * * *

Нодонликка тутқундирман,
Тангрим, мени озод этгин!
Ёруғ юз - кун, бекундирман,
Тангрим, мени озод этгин!

Ҳар бир хатолиғ - зиндондир -
Барча зиндондан ёмондир.
Янглишим ҳар дам - ҳар ондир,
Тангрим, мени озод этгин!

Икки кўз - қопқаси - очгин -
Эркинлик чораси - очгин,
Қароғимга ёғду сочгин -
Тангрим, мени озод этгин!

Очунда ўрни йўқ элдан,
Эгилмас бўйни йўқ элдан,
Эси йўқ - дини йўқ элдан -
Тангрим, мени озод этгин!

Чексиз ҳикматга тўйинтир,
Чексиз қудратга тўйинтир,
Чексиз журъатга тўйинтир,
Тангрим, мени озод этгин!

Сенсиз кўнгил бўлмас обод,
Сенсиз ўткинчидир ҳаёт,
Ўзингдай бўлайин озод -
Тангрим, мени озод этгин!!!

2021 йил.

* * * * *

Кўзингни оч ҳозироқ,
Эртага кеч бўлади.
Сен -мудроқ, ёв - вақт - уйғоқ,
Эртага кеч бўлади.

Дамлар - беомон черик,
Ҳеч кимни қўймас тирик,
Ёвузлик ҳам ёв, ол эрк,
Эртага кеч бўлади.

Бордир йўлингга муштоқ,
Уни ютмоқчи тупроқ,
Оёғинг бўлсин чақмоқ,
Эртага кеч бўлади.

Сени кутаётир қиз,
Бардоши битди - эсиз,
Яшаш шарт бўрондан тез,
Эртага кеч бўлади.

Эсингни этгин бутун,
Бутун ишни қил бугун,
Қайтиб келмайди бу кун,
Эртага кеч бўлади.

Сен - ўтмасак, ёв - кескин,
Йўлсиз қолмай - йўл тўсгин,
Бошсиз қолмай - бош кесгин,
Эртага кеч бўлади.

Ёғий яшаса қанча -
Боболар руҳи шунча.
Нотинч, ол ўч - шон - ўлжа,
Эртага кеч бўлади.

Ютса бугун ёвни ер,
Ё сени, ўч олмай бир -
Ўтасанми бўлмай эр?!
Эртага кеч бўлади.

2021 йил, 23 апрель - 8 июль.

* * * * * *

Ким кимдир? Who is Who?Добавить персону