01 August 2021
20:50 - Сенат раиси кадда-Сенатор Танзила Нарбаева: “Одамлар жарима тўлаб, яна дарахт кесишни давом эттиряпти”. Хўш, “Ҳаракат” бунга нима дейди?
2021 йилнинг 6 ойи давомида 4,5 мингдан ортиқ дарахт ноқонуний кесилган, натижада ўсимлик дунёсига 6,7 млрд сўмлик зарар етказилган. Сенат раиси Танзила Нарбаева мораторий даврида ҳам дарахтларнинг кесилишига тизимдаги сусткашликлар сабаб бўлаётганлиги таъкидлаб, “Одамлар жарима тўлаб, яна дарахт кесишни давом эттиряпти”, дейишгача борибди.

Бугун бўлиб ўтаётган Олий Мажлис Сенатининг ўн еттинчи ялпи мажлисида Экология ва Атроф-Муҳитни Муҳофаза Қилиш Давлат Қўмитасининг давлат ўрмон фондига кирмайдиган дарахт ва буталарни кесилишига доир масалалар юзасидан ахбороти эшитилибди.

“Одамлар жарима тўлаб, яна дарахт кесишни давом эттиряпти. Шунинг учун қўмитанинг бу борадаги янги таклифлари давлат томонидан қўллаб-қувватланяпти. Бу ишларни узоққа чўзиш керак эмас. Чунки, бир дарахтни экиб, катта қилгунча битта авлод улғаяди. У ўзидан кислород чиқариб, атрофга соя-салқинлик берганига қадар кўп вақт ўтади”, дебди Сенат раиси, бош кадда-Сенатор Танзила Нарбаева.

Маълумотга кўра, 2021 йилнинг 6 ойи давомида республикада дарахт ва буталарнинг ноқонуний кесилиши билан боғлиқ 2 597 та ҳуқуқбузарлик содир этилган ва ўсимлик дунёсига 6,7 млрд сўм зарар етказилган. Аниқланган ҳуқуқбузарликлар натижасида 2 407 та қимматбаҳо навли дарахт, 2 109 та кам қимматли дарахт, 1744 м3 буталар ноқонуний кесилган.

“Дарахтлар аёвсиз кесилиши давом этар экан, тизимда шаффофлик таъминланмас экан, ҳудудларнинг ободлиги ва одамларни рози қилиш ҳақида гап ҳам бўлиши мумкин эмас. Шунинг учун ҳам мутасадди вазирлик-идоралар, ҳудудий тузилмалардан мазкур масалаларда жавобгарликни кескин кучайтириш, жазо муқаррарлигини таъминлаш талаб этилади. Шунингдек, дарахтлар муҳофазаси борасида ҳамма учун тушунарли ва очиқ бўлган яхлит тизим яратиш бўйича ишларни қайта кўриб чиқиш керак. Бунда рақамлаштириш масаласига ҳам алоҳида эътибор бериш керак”, дейишгача борибди Бош кадда-Сенатор.

Мажлисда Экология Қўмитасининг фаолияти ҳам танқид остига олинган ва президентнинг 2020 йил 24 августдаги ПФ-6044-сонли фармонига мувофиқ, давлат ўрмон фондига кирмайдиган дарахтлар ва буталарни кесишга рухсатнома бериш ваколатини маҳаллий давлат ҳокимияти органларидан Экология ва Атроф-Муҳитни Муҳофаза Қилиш Давлат Қўмитаси органларига беришни назарда тутувчи норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳаси ишлаб чиқилиши керак эди. Бироқ шу кунга қадар мазкур топшириқ ҳалигача бажарилмаган.

“Берилган мораторий сизларга имконият эди. Мазкур муддатда сизга мана шу ишларни тўғрилаб олишингиз берилган. Мораторий - бу дарахт кесилмасину, буёғига кесаверилсин деган муддат эмас эди. Қонунчиликни такомиллаштириш, механизмларни қайта кўриб чиқиш, жамоатчилик билан алоқаларни ўрнатиш, кадрларни масаласини ҳал қилиш, турдош вазирлик ва идоралар, ташкилотлар билан ҳамкорликни кучайтириш ва шу каби масалаларни қайта кўриб чиқиб, мораторий даврида якунлаб олишингиз керак эди. Мораторий тугагандан кейин ушбу механизмлар ишга тушиб кетса эди, ҳаммаси жойига тушиб кетарди”, - дебди Танзила Нарбаева.

Аммо, кетидан қўшимча қилибди: “Сув танқислиги фақат Ўзбекистонда эмас-ку. Қандай қилиб бошқа давлатлар мавжуд имкониятлардан фойдаланяпти? Лекин уларда ҳамма жой кўм-кўк. Улар дарахтларга шикаст етказилса фожиадек қабул қилишади. Бизда эса бу оддийгина ҳолатдек бўлиб кетяпти”.

Қаранг, дейди “Ҳаракат” мухбири, бош кадда-Сенатордан қандай гаплар чиқмоқда? Бундайлардан тезлик билан тозаланиш керак. Унинг ўзини халқ олдига чиқариб, ҳамма нарсани ўзи ҳам очиқча эшитадиган қилиш керак. Акс ҳолда, Ўзбекистон секин-аста собиқ СССР йўлидан кетаверади.

Ким кимдир? Who is Who?Добавить персону