Соғлиқни Сақлаш Вазирлиги ва қатор манфаатдор ташкилотлар таклифига кўра, Республика Махсус Комиссияси Афғонистон Ислом Республикасида коронавирус инфекцияси билан боғлиқ эпидемиологик вазият кескинлашаётганини инобатга олиб, ўзбек-афғон давлат чегараси орқали фуқароларнинг ҳаракатланишини вақтинча тўхтатишга қарор қилди.
Соғлиқни сақлаш вазирлиги матбуот хизмати хабарига кўра, шу билан бирга, Афғонистон фуқароларига туристик визалар беришни ҳамда туристик фирмалардан виза талабномаларини қабул қилиш вақтинча тўхтатилади.
Бунда “Термиз-автойўл” чегара ўтказиш пункти орқали қуйидаги тоифадаги фуқаролар ва транспорт воситаларининг ҳаракатланишига рухсат берилади:
- дипломатик ваколатхоналар, консуллик муассасалар ва халқаро ташкилотлар ходимлари ҳамда уларнинг оила аъзоларига;
- халқаро юк ташиш билан шуғулланувчи ҳайдовчиларга;
- ўз юртига қайтаётган Ўзбекистон ва Афғонистон фуқароларига.
Шунингдек, “Термиз-автойўл” чегара ўтказиш пункти орқали Ўзбекистонга кириб келаётган шахслар томонидан ўтказиш пунктида фаолият юритаётган махсус клиника ёки лабораторияларда коронавирус инфекцияси антигенини экспресс тест текшируви орқали манфий натижа қайд этилган тақдирда Ўзбекистон ҳудудига киритилади.
Коронавирус инфекциясига мусбат натижа аниқланган Ўзбекистон фуқаролари эса тегишли ҳудудда жойлашган махсус клиникаларга даволаш учун юборилади.
Коронавирус инфекциясига мусбат натижа аниқланган чет эл фуқаролари эса Ўзбекистон ҳудудига киритилмайди.
Бундан ташқари, синов тариқасида Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати томонидан Ўзбекистон чегара ўтказиш пунктлари орқали кириб келган барча шахслардан, республика ҳудудига кириб келганларидан сўнг 7-кунига қадар коронавирус инфекциясига полимер занжирли реакция текширувини ўтказиш ва бунда тест харажатларини давлат бюджети маблағлари ҳисобидан қоплаш тизими жорий этилади.
Эслатиш керакки, Афғонистонда июнь ойи бошидан эпидемиологик вазият ёмонлаша бошлаган. Май ойи ўрталарида кунига 300-400тадан касалланиш ҳолати аниқланган бўлса, май ойи охирида кунлик кўрсаткичлар 1000дан ошган, 17 июнь кунига келиб пандемия бошидан буён рекорд кўрсаткич қайд этилган - 2313 ҳолат.
Шунингдек, кунлик ўлим ҳолатлари ҳам ўсмоқда. 17 июнь куни 100дан ортиқ ўлим ҳолати қайд этилган, кейинги кунларда ҳам бу рақам 100га яқинни ташкил этмоқда. Бунгача кунлик ўлимлар сони бўйича энг юқори кўрсаткич 2020 йил июлида қайд этилганди - 46 ҳолат.