30 May 2021
13:14 -
Юсуф Жума: Ҳаммага насиҳатларим!

Тўртдан бири ўрис элининг
Оқ - қорани танийдиган эл.
Ўлимини бўйнига олиб,
Эрк йўлини танлайдиган эл.
Кўзи очиқ бундоқ халқ учун
Зиндонларда ётсанг арзийди.
Эсиз мен ҳам бўлганман тутқун ,
Шундоқ элим бўлса қанийди?!
Нетай - қавмим ётдир номусга,
Нетай - ёвнинг шотири бўлса?!
Тўртдан бири эмас, улусда
Тўртта оқил ботири бўлса…
2021 йил, 28 май.
* * * * *
Буюк тилаклар борки - ёлғиз етиб бўлмайди,
Зўр бўлсанг ҳам бир очун ёвни отиб бўлмайди.
Энг улуғ эр этувчи ишни этишинг мумкин,
Энг улуғ эл этувчи ишни этиб бўлмайди.
2021йил, 29 май.
* * * * *
Кетдик ошга - десанг, барча йўлдошинг.
Кетдик ишга - десанг, барча йўлдошинг.
Кетдик эркка! - десанг, бир эр чиқарми -
Бутун элдан бир мард жонни тикарми?!
Кетдик қуликка! - де, ҳамма эргашар.
Ёвга қуллуққа! - де, ҳамма эргашар.
Кетдик майдонга! - де, чиқарми бир эш?!
Кетдик имонга! - де, ким кўтарар бош?!
Иркит шоҳни ялаш бизга - дегин - дин!
Ҳамманинг сўлаги оқиши тайин.
Кетдик ор - шонга! - де, бир эр чиқарми?!
Кетдик Туронга! - де, бир эр чиқарми?!
Тангри бундоқ элга берарми омон ,
Берарми озодлик?! беради қирон…
2021 йил, 29 май.
* * * * *
Дедилар - бир кентда бир эр бор ,
Дардлашай деб юртдан, от солдим.
Деди: кут, ош тотмоғим даркор…
Гаплашмасдан гаплашиб бўлдим.
Дедилар - бир улуғ бор - доно,
Елни доғда қолдириб елдим.
Деди: - қонман, йўқламас подшо,
Гаплашмасдан гаплашиб бўлдим.
Кимга бир сўз айтибман - эсиз -
Пушаймондан минг карра ўлдим.
Одамзотдан қочаман - сўзсиз -
Гаплашмасдан гаплашиб бўлдим…
2021 йил , 29 май.
* * * * *
Ё раббий, қачонгача қараб турасан?!
Ҳаётимни шу йиртқичлардан халос қил!
Ҳазрати Довуд.
Ҳиммат этма - ҳимматсизларга,
Ҳиммат этиб - мен нима бўлдим?!
Шавқат этма - шавқатсизларга,
Шавқат этиб - мен нима бўлдим?!
Гар қумусқа чақиши аён -
Ўлдир уни! Бермагин омон,
Аждар бўлди бағримда илон,
Тоқат этиб - мен нима бўлдим?!
Меҳр сочдим барчага бирдай ,
Ҳар биттаси йўлимда жардай,
Ютаман дер ёрилган ердай,
Иззат этиб - мен нима бўлдим?!
Инсоният - оч йиртқич тўпор,
Ёвузини қирса БируБор,
Бир яхшиси қолса - тикла дор,
Шавқат этиб - мен нима бўлдим?!!!
Ҳар жон боши, осмон - аждаҳо,
Томошабин Тангри ҳам ҳатто -
Кўп юкиндим - этмади парво,
Тоат этиб - мен нима бўлдим?!
2021 йил , 29 май.
* * * * *
Ёшлигим ўтдими - кучим синдими,
Бетимга боқмагин, отимга боққин -
Ўт учқуни эмас, Тангри учқуни !!!
Бетимга боқмагин, отимга боққин!
Кўкларни ҳуркитар - тулпорим дами,
Чақнаган чақинлар - дамининг шами,
Ўзига интилар ёғдунинг жами,
Бетимга боқмагин, отимга боққин!
Суйганинг ёш бўлса демак сен ёшсан,
Севганим - эрку ҳақ - ёшдан ҳам ёшман,
Севгидан бош - оёқ ўтман, оташман,
Бетимга боқмагин, отимга боққин !
Олов кучайганда - кучаяр тутун,
Тутуним тўлқини - юзим - серажин,
Дуссага боқмагин, ўтга боқ - ойдин ,
Бетимга боқмагин, отимга боққин!
Озодлик - ҳақиқат - Ўзининг мулки -
Ўзидир - Ўзининг муборак кўрки!
Қартаярми Тангри - Тангридан кўчки ?!!!
Бетимга боқмагин, отимга боққин!!!
2021 йил, 29 май.
Ким кимдир? Who is Who?Добавить
персону
Рўзи Назар
"Туркистон Легиони" раҳбарларидан бири, Иккинчи жаҳон Урушидан кейин Германия ва АҚШда яшаб, Ўзбекистоннинг мустақиллиги учун курашган инсон...
Добавить сведения