28 May 2021
21:12 - Америкалик кузатувчилар 2020 йилдаги Ўзбекистон ҳақида: Кўплаб ҳолатларда коррупцияга қўл урган амалдорлар жазосиз қолди
АҚШнинг Ўзбекистонда “Демократия, Инсон Ҳуқуқлари ва Меҳнат Бюроси” бўйича 2020 йил ҳисоботи ҳақида “Ҳаракат” ҳам хабар берган эди. Кўринишидан, бу нарса етарли деб ҳисобланмади ва бизда турли хабарлар чиқариш давом этмоқда. Мана ўша хабарлардан яна биттаси. Бу хабар ҳам маҳаллий ахборот воситаларида, яни Интернет нашрида чиқарилган.

* * * * *

“Қонунларга етарлича амал қилинмади, амалдорлар кўпинча коррупция билан шуғулланиб, жазосиз қолди”, - дейилади АҚШ Давлат Департаментининг Ўзбекистонга доир 2020 йилги ҳисоботида.

АҚШ Давлат Департаментининг Демократия, Инсон Ҳуқуқлари ва Меҳнат Бюроси 2020 йилда Ўзбекистонда инсон ҳуқуқларига риоя этилиши юзасидан ҳисобот эълон қилди.

Ҳисоботда инсон ҳуқуқларининг турли жабҳаларидаги кузатувлар хулосаси келтирилган бўлиб, коррупция мавзусида ҳам сўз юритилган.

“Қонунчиликда амалдорларга коррупция учун жиноий жазо кўзда тутилган, аммо ҳукумат қонунларни самарали ижро этмади ва амалдорлар кўпинча коррупция билан шуғулланиб, жазосиз қолди”, – дейилади докладда.

Ҳисоботда Коррупцияга қарши Курашиш Агентлиги ташкил этилганига ҳам эътибор қаратилган.

“29 июнь куни президент фармони билан коррупцияга қарши курашиш бўйича миллий сиёсат ишлаб чиқиш ва амалга ошириш ваколати берилган Коррупцияга қарши Кураш Агентлиги ташкил этилди.

Агентлик, шунингдек, қуйидагиларни амалга ошириши мумкин: бюджет харажатлари, давлат активларини сотиш, давлат харидлари, инвестиция лойиҳалари ва давлат дастурларини амалга оширишга тегишли маълумотлар ва ҳужжатларни сўраб олиш ва тадқиқ қилиш; коррупция ҳолатлари бўйича жисмоний ва юридик шахсларнинг хатларини кўриб чиқиш ҳамда уларнинг бузилган ҳуқуқларини тиклаш ва манфаатларини ҳимоя қилиш чораларини кўриш; коррупцияга оид ҳуқуқбузарликлар бўйича маъмурий текширувлар ўтказиш; ижро этувчи ҳокимият органлари, хўжалик бошқаруви органлари ва уларнинг расмий ходимларининг қарорларини, агар уларда коррупция белгилари аниқланса, бажарилишини тўхтатиб туриш ёки бекор қилиш тўғрисида мажбурий буйруқлар бериш.

Агентлик президентга бўйсунади ва парламентнинг Қонунчилик Палатасида ҳисобот беради”, – дея қайд этилган АҚШ Давлат Департаментининг йиллик ҳисоботида.

Кузатувлар хулосасида Тошкент шаҳар ҳокимлиги капитал қурилиш бошқармаси бошлиғи ўринбосари 50 минг долларлик пора иши доирасида қўлга олингани, Тошкентда судьялар ва ЙҲХ ходимлари тил бириктириб, ҳайдовчилардан ундирилган бир неча миллиард сўмлик жарима маблағларини талон-торож қилгани эслаб ўтилган.

“19 ноябр куни Коррупцияга қарши курашиш агентлиги 2020 йилда давлат хизматчиларининг коррупцион ҳуқуқбузарликлари натижасида етказилган зарар 200 миллиард сўмдан (20 миллион АҚШ доллари) ошгани тўғрисида хабар берди”, – дейилади америкаликлар ҳисоботида.

Ким кимдир? Who is Who?Добавить персону