Қамоқхонада жазо ўтаётган россиялик мухолифатчи Алексей Навалний очлик эълон қилди. Бу ҳақда сиёсатчининг Твиттердаги саҳифасида пост қўйилди.
“Шифокор кўригида бўлишга ҳар бир маҳбуснинг ҳаққи бор, ҳатто ҳеч қандай айбим бўлмаган ҳолда менинг ҳам. Олдимга шифокорлар киришини талаб қиламан, бу талабим қаноатлантирилмаганига қадар очлик эълон қиламан”, деб ёзибди Навалний ўз Твиттерида.
“Менга тиббий ёрдам ўрнига тунда саккиз мартагача уйқуни қочириш кўринишида қийноқ қўлланилмоқда. Фаол маҳбуслар (“козёллар”) эса оддий маҳбуслар менинг краватим атрофини тозаламаслиги учун уларни қўрқитиш билан банд. Бу “козёллар” бир банка қуйилтирилган сут учун онасини сотишга тайёр”, дебди сиёсатчи қамоқхона раҳбарига ёзган ва Инстаграмда эълон қилинган мурожаатида.
Навалнийнинг айтишича, у аввал белида, кейин икки оёғида оғриқ сезган, лекин сиёсатчига тиббий ёрдам кўрсатилмаган.
“Маҳбуслар нега очлик эълон қилади? Бу саволни фақат маҳбус бўлмаганлар бериши мумкин. Бу ерда бўлганлар биладики, сенга зуғум қилаверишса, курашишнинг бошқа йўли қолмайди. Ҳозир сочим олинган ҳолда қўлимда Инжил билан краватда ётибман. Нега Инжил дейсизми? Чунки уч ҳафта давомида сўраб-сўраб олганим фақат шу китоб бўлди.
Мен тиббий ёрдамга муҳтожман ва шусиз менга шифокор ёрдамини тақдим этишмайдиган кўринади. Белимдаги оғриқ аввал ўнг оёғимга, кейин чап оёғимга ўтди. Ҳазил ўз ўрнига, лекин оғриққа чидаш қийин бўляпти. Бундай вақтда нима қилиш мумкин? Очлик эълон қилдим. Қонундаги талаблар таъминланишини сўрайман ва шифокор олдимга киришини хоҳлайман. Хуллас, шунақа гаплар, ҳозирча оч ётибман, шукрки ҳозирча икки оёқда. Сизга эса касал бўлмаслигингизни тилайман”, деб ёзибди Алексей Навалний.
2 феврал куни “Ив Роше” иши бўйича Навалнийнинг 3,5 йиллик шартли қамоқ жазоси ростакам жазога алмаштирилиб, сиёсатчи жазони ижро этиш колониясига юборилиши ҳақида ҳукм чиқарилганди. Россия Президенти Владимир Путиннинг ашаддий танқидчиси ҳисобланган Алексей Навалний август ойида заҳарланиш ташхиси билан касалхонага тушган ва Германияда даволанганди. Тузалганидан кейин Россияга қайтган Навальний ўша куниёқ қўлга олинганди.
“Ҳаракат”: Қаранг, ҳурматли ўқувчиларимиз, аҳвол қанчалик дабдала, аммо уни тузатиш ҳақида ўйлашимиз керак.!!! Қани, ўйлайлик!!!