Европа Иттифоқи ва АҚШ Россия Президенти Владимир Путиннинг бош мухолифатчиси Алексей Навальний туфайли навбатдаги санкцияларини маълум қилди.
Жорийдаги йилнинг 2 март куни Европа Иттифоқи - Россия Бош Прокурори Игорь Краснов, Тергов Қўмитаси Бошлиғи Александр Бастрикин, Жазони Ижро Этиш Федерал Хизмати раҳбари Александр Калашников ва Росгвардия Қўмондони Виктор Золотовларга нисбатан санкциялар киритганди.
Айнан ўша куни АҚШ Молия Вазирлиги ҳам россияликлар ва Россия компанияларидан иборат санкциялар рўйхатини маълум қилди. Федерал Хавфсизлик Хизмати раҳбари Александр Бортников, Жазони Ижро Этиш Федерал Хизмати бошлиғи Александр Калашников, Кремль маъмурияти раҳбарининг биринчи ўринбосари Сергей Кириенко, Бош Прокурор Игорь Краснов, Мудофаа Вазири ўринбосарлари Алексей Криворучко ва Павел Попов ҳамда ички сиёсат бўйича маъмурият бошқармаси бошлиғи Андрей Ярин жой олибди.
Улардан ташқари, мудофаа вазирлигининг 27-илмий маркази ва 33-марказий илмий-тадқиқот синов институти ҳамда Россия Давлат Органик Кимё ва Технологиялар Илмий-Тадқиқот Институти ҳам ўша рўйхатда.
АҚШ Молия Вазирлиги билдиришича, оммавий қирғин қуролларини тарқатмаслик тўғрисидаги қонун бўйича санкциялар ГРУ собиқ полковниги Сергей Скрипаль ва унинг қизи заҳарланишига алоқадорликда гумонланган Анатолий Чепига ва Александр Мишкинларга нисбатан ҳам татбиқ этилганди. Улар аввалроқ киберҳужумларда айбланиб АҚШнинг санкциялар рўйхатига киритилган эди.