18 February 2021
22:34 - НАТО Афғонистондаги қўшинларини олиб чиқиб кетмасликка қарор қилди. “Ҳаракат” нима дейди?

НАТО Бош Котибининг айтишича, Афғонистонда зўравонликка чек қўйилиши ва айни замонда, “Толибон” каби террорчи ташкилотлар билан ҳамкорликни тўхтатиш шартдир.

НАТО мамлакатлари мудофаа вазирлари АҚШ ва “Толибон” ўртасида тузилган келишувда кўзда тутилганидек, 1 майгача Афғонистондан альянс қўшинларини олиб чиқиб кетмасликка қарор қилишибди.

Бу ҳақда НАТО бош котиби Йенс Столтенберг эълон қилди. "Ҳозирча Афғонистондан кучларни олиб чиқиб кетиш бўйича қарор қабул қилмадик, яқин ҳафталарда маслаҳатлашувларни давом эттирамиз. Афғонистондан кучларимизни олиб чиқиб кетиш маълум шартларга асосланган. Афғонистонда зўравонликка чек қўйилиши, “Толибон” террорчи ташкилотлар билан ҳамкорликни тўхтатиши шарт”, дебди у.

Айтилишича, бу мамлакатда вазият барқарорлашиши учун "Афғонистондаги тинчлик музокаралари муваффақиятли бўлиши лозим”.

Столтенберг ҳозирда Афғонистонда ўтган йили 10 минг кишигача қисқартирилган йўриқчилар ва маслаҳатчилардан иборат чекланган контингент борлигини эслатиб ўтди. Улар Афғонистон армиясини тайёргарликдан ўтказиш, логистика ташкил этиш ва разведка маълумотлари билан таъминлаш каби вазифаларни бажаради.

2020 йил 29 февралда Доҳада АҚШ маъмурияти ва "Толибон" ўртасида тинчлик келишуви имзоланган ва ўша ерда, АҚШ, унинг иттифоқчилари ва коалиция 14 ой ичида Афғонистондан барча қўшинларини олиб чиқиб кетиш мажбуриятини олгандилар.

Толиблар эса, мамлакат ҳудудидан АҚШ ва унинг иттифоқчилари хавфсизлигига таҳдид соладиган ҳаракатларни амалга оширишда фойдаланмасликка кафолат беришгани ҳам маълумдир.

Кўриниб турибдики, дейди “Ҳаракат” мухбири, ҳозир Афғонистонда аҳволни тезда тузатиш тўғрисида ўйлаб ҳам бўлмайди. Демак, НАТО тўғри қарор қабул қилган, яқин орада ҳамма нарса жойида бўлади!!!

Ким кимдир? Who is Who?Добавить персону