17 January 2021
16:50 - Юсуф Жума: Тангрининг ёғдуси ёғилсин - Сизга - Гулчеҳра Нур - опагинам…


Ўзи эзгин, сўзи кескин -
Шундоқ опам ўтдиларми?!
Қора ерга кетдиларми,
Ё Тангрига етдиларми?!

Ош ўрнига, эл ғамини
Қон этиб, қон ютган, опам.
Барча чироқ ёқиб кетса,
Чақмоқ ёқиб кетган, опам!!!

Тупроқдадир тупроқлари ,
Тангридадир ардоқлари !
Ёғийга ўч - мангу ўчмас
Юсуфдайин чақмоқлари!!!

Шундоқ бир чиқинди борки, бошқа чиқиндилар бу иркит олдида тоза пахтадай. Барча чиқиндиларни, ҳатто гўнгни ҳам қайта ишлатса бўлади. Бу иркитни минг чиритиб, ишлатсанг - ерни бузади.
Элнинг бу чиқиндиси - ёзувчи - шоир аталмиш - не деганини билмаган, ичи кирдан маразлаган - кўролмас - бири-бирига ёв, сотқин, лекин биронтанинг бошини Тангри ҳикмат билан сийласа, бари бир гала бўлиб, ўшанга ташланадиган аҳли ҳасаддир.

Шулар мухолифатни КГБ йўриғи билан парчаладилар.
Шулар миллатни пароканда эдилар.
Шулар диндорларнинг четга кетиб, ҳар хил оқимлар қўшилиб, жувонмарг бўлишларига боис бўлдилар.

Эсиз йигитлар - она Турон йўлида бирлашсалар - буюк Култегиндек саркардалар бўлиб, ҳатто Уйғуристондаги қондошларимизни озод этардилар…
Шу чиқит гала боис юрт иркит Каримовларга, сотқин Мирзиёевларга - ётларга, беш-ўн кун яйраб қолиш қизу хотинларини бозорга солган даъюсларга, Ватанфурушларга - онафурушларга қолиб кетди….

Шундоқ дардлар исканжасида қон ютиб ўтдилар - опагинам. Армонлари ушалса - юздан ошиб юрардилар.

Тангрининг улуғлиги чексиздан ҳам чексиз бўлсинки, шу иркитлар замонида менга икки улуғ устозни - юраклари тоза Гулчеҳра Нуру Эркин Воҳиддай даҳони берди.

Ёзувчилар уюшмасига - гўрига нур ёғгур Абдулла Орифни излаб келардим.
Оёқ кийимимдан, бор эгин бошимнинг баҳоси ўн сўм ҳам чиқмасди.
Чўпон бола эдим - саҳарда мол боқардим.
Деҳқон бола эдим - тонгда пахта чопиғидан ўттиз сўтиқ ер олардим.
Кейин мактабга кетардим.
Пешин чопиқ қилардим…

Тошкентга йилига бир-икки келиб Абдулла Орифни излардим.
А.Ориф “Оқ йўл” берган шогирдлари куларди - Абдулла Орифгами?
Э ҳе…
Ҳали узоқ йиллар ўтирғичда ўтириб - кўп шимларни йиртишинг керак.

Алкаш гала бу кун етмишдан ошди, олтмиш йил шим йиртдилар, бироқ биронтаси бир шеър ёзолмадики, эл уларни шу шеър билан билан таниган бўлсин.

- Майли дафтаринг ташлаб кет, устоз келсалар, берамиз - дердилар.
Изимдан хат борарди, машқларинггиз китобий - А.Орипов.
Дафтар - дафтар битикларимни йиртиб ташлардим…

Тағин улуғ А.Орифни излаб бордим, нозиккина, юзидан нур ёғилиб турган аёл, меҳр билан қаршиладилар.
- Абдуллажонни излаб келдингизми?!
Онда-сонда келиб турадилар, мен ҳам яқиндан шу ерда ишлаяпман.
Менда битадиган бирон ишинггиз бўлса, тортинманг - дедилар.

Мен бир даста машқларимни узатдим.
Ўтириб ўқий бошладилар, кўзлари чақнай бошлади…
Хотирам ёмон, бироқ Гулчеҳра опамларнинг ўша кунги ёғдули чеҳралари бугунгидай қароғимда…
Ўғлининг бирон ишидан хурсанд она ўғлига жонкуярлик билан боққандай менга тикилдилар…
Эркин акага олиб бордилар.
Тангрининг олқишида мангу ардоқлансин - даҳо Эркин Воҳид ҳар машқимни ўқиганларида - яшанг дер эдилар.
Эркин аканггиз - Яшанг! - деяптилар, бу сўзлари Нобил мукофотидан ортиқ, - деб кўнглимни кўтарардилар…

Улуғ Эркин Воҳид янги журнал “Ёшлик”ка редактор бўлдилар, деярли ҳар сонда шеърларимни берардилар.
Шеърият бўлимида Гулчеҳра Жўраева ишларди, қўлёзмаларимни йўқотиб юборарди.
Эркин ака - ўзимга олиб келинг, Гулчеҳрахонга берманг - дердилар.
Қўлёзмаларимни ўқиб, бирон ходимни чақириб, терилаётган сонда беринглар! - деб буюрардилар…

Гулчеҳра опамларнинг чексиз яхшиликларини кўрдим, қўлларидан кўп туз тотдим.
Турмуш ўртоқлари Усмонжон акамлар тўғишгангандан зиёда акалик этдилар - юзларидан ёғду ёғиларди - бу зотдай тоза кишини дунё кезиб топиш қийин…
Бу улуғ жуфтлик кўпнинг қора кунида яраганлар,эсизки кўпидан хиёнат кўрдилар…
Ёзсам, қалин-қалин китоблар бўлади, ўрни билан ёзаман ҳам..
Эсизки мен на Улуғ Эркин Воҳидга, на Гулчеҳра опамларга, на Усмонжон акамларга бирон эзгулик этолмадим.

Охирги гаплашганларимиздан бирида Эркин акадан сўз очиб, шу ўкинишимни опамларга айтдим, руҳларини шод этаяпсизку, шу етарли - дегандилар.

Азизларимни Тангрим ардоқласин.
Уч - тўрт кунликда Усмонжон акамларни соғиниб бир нарса битдим, Гулчеҳра опамларга қўнғироқ қилиб, шу битганимни ўқиб бераман, Усмонжон акамларни бирга эслашамиз деб қўнғироқ қилдим.
Ҳеч ким жавоб бермади.
Қайта қўнғироқ қиламан деб турганимда, шум хабар етиб келди..

Усмонжон Ражаб ўғилларининг кўзларимда қолган ёғдули кўринишлари.

Ёвуз ёвузлик этиб,
Эзгулик этган бикин
Юртнинг тўрида тўрлар,
Жиноятидан мамнун.

Барчага яхшиликлар
Айлар эдилар, лекин
Гуноҳкордай бир четда
Ўлтирардилар эзгин.

Дин не - чексиз эзгулик
Этиб кўздан панада ,
Айбидан пушаймондай
Пастда туриш даврада…

16.1.2021

Ким кимдир? Who is Who?Добавить персону