05 January 2021
21:12 - ЮНИСЕФ ўзбек талабалари ҳақида: Таълим харажатлари уларда стресс ва чорасизлик ҳиссини уйғотаётгани маълум бўлди

Бу ташкилот – “Юксалиш” Умуммиллий Ҳаракати ва Ёшлар Иттифоқи ҳамкорлигида тайёрланган - “Ўзбекистон ёшлари: чақириқлар ва истиқболлар” мавзусидаги ҳисоботини эълон қилди.

Республика бўйича 14–30 ёш оралиғидаги 4458 нафар респондент орасида ўтказилган сўров ҳисобот хулосалари учун асос бўлиб хизмат қилган.

“Ўзбекистонда болалар ва 30 ёшгача бўлганлар аҳолининг 60 фоизини ташкил қилади. 15–20 йилдан кейин улар мамлакат тарихида энг катта ҳажмдаги ишчи кучини ҳосил қилади. Шу боис болалар ва ёшлар масалалари Ўзбекистон учун устувор аҳамиятга эга”, дейилади ҳисоботда.

Ўтказилган сўров хулосаларига кўра, Ўзбекистон бўйлаб таҳсил олувчилар умумий ҳисобда таълим инфратузилмаси (ўқув материаллари, таълим муассасаларидаги муҳит)дан қониқишини билдирган бўлса-да, қишлоқ ҳудудларида шаҳарга нисбатан аҳвол ёмонроқлигини айтишган.

Шунингдек, талабалар ўқув тизими кўпроқ мотивация уйғота олувчи, амалиётга йўналтирилган бўлишини, тил кўникмалари иш саводхонлигини оширишни хоҳлашларини айтишган.

“Кўплаб талабаларда таълим билан боғлиқ харажатлар стресс ва чорасизлик ҳиссини чақиради. Бу харажатлар қаторида ёшлар репетиторлик машғулотлари учун тўлов, пора бериш ҳолатлари, ОТМларда ўқиш тўловларининг юқорилигини кўрсатишган”, дейилади ҳисоботда.

Уй ва оила юмушлари, янги иқтисодий имкониятлар излашда мобилликнинг пастлиги ёш аёлларнинг шахсий даромадига эга бўлишига тўсқинлик қилааётган эмиш. 19–30 ёшлилар орасида таълимни, касбий тайёргарликни давом эттирмайдиганлар ва ишламайдиганлар улуши 54,6 фоизини ташкил қилиб, бу борада аёлларнинг улуши сезиларли даражада кўп, яъни 74 фоиз эканлиги ҳам алоҳида урғуланган.

Мамлакат ёшларининг компьютерни ўрганишга қизиқиши юқори бўлса-да (86,9 фоиз), компьютерда умуман ишлай олмайдиган ёшлар – асосан аёллар ва қишлоқ ҳудудида яшовчилар қатлами ҳам (37,8 фоиз) мавжуд.

Ёш авлоднинг аксарияти сиёсий янгиликларга қизиқиш кўрсатиб, ўз фикрини эркин ифодалай олишини билдирса-да, жуда камчилик ёшлар жамоат ва сиёсий ташкилотлар фаолиятида иштирок этадилар, дейилади ҳисобот якунида.

Ким кимдир? Who is Who?Добавить персону