08 December 2020
22:33 - Ахборот ва Оммавий Коммуникациялар Агентлигининг йиғилишида бизда ўғирланган ҳолда товар ишлаб чиқариб сотаётганлар фош қилинибди

Дунёга машҳурлиги билан танилган Colgate, Red bull, Samsung, Coca-Cola, Sanofi, Mars, Nestle, Lada ва бошқа кўплаб ташкилотлар Ўзбекистон тадбиркорлари уларнинг маҳсулотлари кўринишини ўғирлаган ҳолда товар ишлаб чиқариб сотаётгани юзасидан Монополияга Қарши Курашиш Қўмитасига мурожаат қилишгани ҳақида Қўмита раисининг биринчи ўринбосари Бобур Каримов шу йилнинг 7 декабрь куни Ахборот ва Оммавий Коммуникациялар Агентлиги мажлисида айтибди.

Бундай қонунбузилиш ҳолатлари мамлакатнинг инвестицион жозибадорлигига салбий таъсир кўрсатиш баробарида республикада инсофсиз рақобат авж олишига сабаб бўлаётганини айтиб ўтган Бобир Каримов қуйидаги гапларни айтишдан ҳам тортинмагани жуда қизиқ:

“Бугунги кунда инсофсиз рақобат озиқ-овқат маҳсулотлари, фармацевтика ва салқин ичимликлар бозорида кўп учрамоқда. Яъни маълум бир тадбиркор ўз брендини ривожлантириш мақсадида анчагина пул харажат қилиб бозорда танилиб олганидан кейин яхшигина даромад оламан деб турган пайтда инсофсиз рақобатчилар маркетингга пул кетказгиси келмайди-да, битта ҳарфини ёки кўринишини ўзгартириб қўяди.

Кўп истеъмолчилар, айниқса ёшлар харид вақтида кўриниши кўчирилган маҳсулот номини ўқиб кўрмайди. Товар қайсидир маҳсулот брендини эслатса бўлди, «бу ҳам ўша ишлаб чиқарувчининг янги маҳсулоти бўлса керак», деб ўйлайди ва сотиб олади. Бу қонунбузилиш ҳолати ҳисобланади. Натижада Ўзбекистоннинг инвестицион жазибадорлигига путур етади.

Чунки ушбу мамлакат ҳудудида фаолият юритаман деб келаётган чет эл инвесторлари Ўзбекистонда уларнинг интеллектуал мулкка оид ҳуқуқлари ҳимоя қилинишига ишончи ҳосил бўлиши керак.

Биз шу пайтга қадар анчагина чет эл инвесторларига тегишли брендларини Ўзбекистондаги инсофсиз рақобат ҳолатларидан ҳимоя қилдик.

Масалан, Colgate, Red bull, Samsung, Coca-Cola, Sanofi, Mars, Nestle, Lada ва бошқа кўплаб брендлар қўмитамизга инсофсиз рақобат масаласида мурожаат қилишган. Яъни бизнинг тадбиркорлар уларнинг товарларининг ташқи кўринишини «копия» қилиб сотаётгани ҳақида шикоятлар келиб тушган”.

Йиғилишда айтилишича, Қўмитага 2020 йил январь-ноябрь ойлари давомида инсофсиз рақобат масаласида 242та ариза келиб тушгани, уларнинг 48таси корхона қонунларни бузганини тан олганини, 2019 йилда эса 242 рақами ўрнида 195 рақами тилга олингани ҳам эслатилибди.

Ҳурматли ўқувчиларимиз, бу хабарни ўқиб хулосаларни ўзингиз чиқаринг. Қачонгача тадбиркорларимиз ҳаммани алдаб пул ишлаш билан шуғулланишади?

Ким кимдир? Who is Who?Добавить персону