Ёш болаларни илм-фанга қизиқтириш йўналишида фаолият юритиб келган сифатли босма нашр – “Жажжи академик” журнали ўз фаолиятини якунлагани ҳақида унинг бош муҳаррири, “Akademnashr” нашриёти бош директори Санжар Назар Facebook саҳифасида лойиҳа қандай сабаблар туфайли муваффақиятсизликка учраганини ёзибди. Бунга жавобан баъзи ўзбек журналистлари ўз фикрларини ёзганлари диққатга сазовор. Мана ўша мақоладан баъзи парчалар ва унга билдирилдган муносабат.
САНЖАР НАЗАР: “Хуллас, эплай олмадик. Журнал муттасил зарарга чиқди. Умумий зарар ўн хонали сонда ифодаланадиган бўлди. Аммо бу асосий сабаб эмас. Иқтисодни амаллаш мумкин, яхшилар енг шимариб туришгани шубҳасиз. Масалан, ўтган йили бир яхши инсон журналнинг жамики қолдиқларини сотиб олди. Бу йил бир дўстимиз бир йиллик нашр харажатларини ўз зиммасига олишга тайёр эканлигини билдирди.
Биз тарқатиш, тарғиб қилиш ва энг аламлиси, эҳтиёж уйғотишни эплай олмадик. Шу йўл – илм нажот эканлигига одамларни ишонтира олмадик. Бу ҳақиқатни билганларнинг кўпчилиги эса болаларига рус тилидаги журналларни олиб беришади. Болалари рус мактабларга қатнайди...
Вазиятимиздан Халқ таълими вазирлигини ҳам, Ёшлар ишлари агентлигини ҳам, бошқа эҳтимолий алоқадор бўлиши мумкинларни ҳам хабардор қилган эдик. Уларда амалий ёрдам бериш учун ваколат ва имкониятлар йўқлигини ҳам биламиз.
Энг силламизни қуритгани почта тизимидаги муаммолар бўлди. Обуна бўлган, харид қилган одамларга журналлар етиб бормади ва ҳамон бормаяпти. Ўзимиз мустақил етказиб бериш тизимини ташкил қила олмасдик. Соф тижорий, миллиардлаб фойда кўрадиган тадбиркорлик йўналишлари ҳам буни Ўзбекистон шароитида ҳозирча эплай олишмайди...
Лойиҳага ҳисса қўшаган ҳамма ҳамкасбларимиз, дўстларимиз ва хайрихоҳлардан розилик сўрайман. Ҳаққингизни ҳалол этинг! Янги лойиҳаларда кўришгунча!”
Санжар Назарнинг лотин графикасида ёзилган бу фикрларига (https://m.facebook.com/story.php?story_fbid=4759572867447550&id=100001846522854) баъзи маҳаллий нашрлар муносабат билдирганлари жуда муҳимдир.Мана ўша муносабатлардан биттасида нималар ёзилган:
“Аслини олганда, болалар учун сифатли маърифий контент ярата оладиган бадиий жамоа мавжудлигининг ўзи катта ютуқ – ҳамма жойда ҳам бор эмас бундай бойлик. Ўтмиш таълимимиз унчалик ёмон бўлмаган эканки, шундай кадрларимиз бор. Бироқ ҳозирги даврда бундай жамоа мавжудлигининг ўзи етарли эмас экан. Бу жамоанинг мардонавор уринишлари кор қилмабди.
Аввало шуни айтиш керакки, хусусий уриниш ўлароқ юзага келган бу босма нашрнинг яшаб кетолмагани сабаби, бошқа кўплаб босма нашрларнинг инқирози каби тушунарли – интернет сабаб давримизга информацион тақчиллик эмас, балки информацияга бўкиб қолиш хосроқ. Бунинг устига, ёш-у катта учун қизиқишларни осонликча қондириш имкониятини берувчи электрон воситалар қулайроқ. Умуман олганда, енгиллик турганда қийинроқ нарсани лозим топиш инсон табиатига зид. Табиатга қарши чиқиб бўлмайди. Шу учун ҳам босма нашрлар ҳозирда фақат «кўнгилли-мажбурий» обуна орқали умргузаронлик қиляпти. Бироқ...
Болаларни ёшлигидан илм-фанга қизиқтирувчи самарали манбалар бўлиши лозим ва лобуд эканлиги барча ривожланган давлатлар – миллатлар учун аксиома бўлиб улгурган. Бу йўлда улар ҳеч нарсани аяшмайди – бор имкониятлар сарфланади, маблағлар ажратилади, масала жамоатчиликнинг кўз ўнгида бўлади, ташаббуслар қўллаб-қувватланади. Зеро, қизиқишлари эндигина шаклланаётган ёш болалар бугун айнан илм-фанга қизиқишса, эртага бу омил маълум маънода миллатнинг умумий ҳолини белгилайди.”
* * * * *
Хуллас, шунақа гаплар, дейди “Ҳаракат” Агентлигининг мухбири. Аммо, бир нарса аниқ. Бу – фикрлар етрасизлигидир.
Ҳурматли ўқувчиларимиз, қани сизларнинг ичингизда бундай нарсаларга бефарқ қолмаслик талаби борми? Кўрсатинг, ўша талабларни!
Ким кимдир? Who is Who?Добавить персону
Сулаймонов Ҳамдам
"Бирлик" Халқ Ҳаракати тузилган 1988 йилдан бери унинг фаоли бўлган Ҳамдам Сулаймонов 2003 йилда "Бирлик" Халқ Ҳаракати асосида тузилган "Би...
Добавить сведения