Бу хабар Президент Шавкат Мирзиё Хитой Халқ Республикаси Раиси Си Цзиньпиннинг таклифига биноан бугун 4 ноябрь куни Шанхай шаҳрида “CIIE-2020” Импорт Маҳсулотлари Учинчи Хитой Халқаро Кўргазмасининг очилиш маросими иштирокчиларига видеоалоқа орқали қуруқ мурожаат йўллагани ва унинг йиғи-сиғиси бекорга кетгани ҳақидадир.
Давлат раҳбари ўз нутқида шу муносабат билан глобал инқироз шароитида савдо-иқтисодий ҳамкорликни кенгайтириш ва ҳудудлараро алоқаларни ривожлантиришнинг муҳим масалаларига тўхталиб ўтибди ва Ўзбекистонда миллий иқтисодиётни либераллаштириш, ташқи савдо режими ва экспорт-импорт тартиб-таомилларини соддалаштириш, норматив-ҳуқуқий базани халқаро стандартлар билан уйғунлаштириш, “яшил йўлаклар”ни шакллантириш, Жаҳон Савдо Ташкилотига қўшилиш, янада қулай инвестиция муҳитини яратиш борасида изчил кўрилаётган чора-тадбирларни қайд этибди.
Шавкат Мирзиёев транспорт соҳасидаги ҳамкорликни кучайтиришни ҳам тилга олибди. Шу муносабат билан давлат раҳбари мамлакатимиз Хитой-Қирғизистон-Ўзбекистон янги мультимодал транспорт йўлаги бўйлаб темир йўл қуриш лойиҳасини тезлаштириш тарафдори эканини қайд этибди ва Ўзбекистон саноат кооперациясини фаол ривожлантириш, биринчи навбатда, минерал-хомашё ресурсларни чуқур қайта ишлаш ва экспорт бозорларига чиқиш учун юқори қўшилган қийматли маҳсулотлар ишлаб чиқариш бўйича янги қўшма корхоналар ташкил этишга тайёр эканини яна бир марта такрорлабди.
Давлат раҳбари маросим иштирокчилари эътиборини пандемия шароитида иқтисодиётни рақамлаштириш жараёнларини тезлаштириш алоҳида долзарб аҳамият касб этганига қаратиб, халқаро савдо, божхона расмийлаштируви, транспорт, таълим соҳаларига ахборот технологияларини кенг жорий этиш бўйича қўшма чора-тадбирлар ишлаб чиқиш ғоясини илгари сурибди.
Сўзининг якунида президент Шавкат Мирзиёев кўргазма иштирокчилари фаолиятига муваффақиятлар тилаб, ҳамда ЭКСПО якунлари жаҳон савдосини тиклаш ва халқаро иқтисодий ҳамкорликни кенгайтириш жараёнига қўшимча суръат бағишлашига ишонч билдириб, ҳаммани бирга ишлашга чақирибди.
Бу тадбирда Сербия, Чили, Жанубий Африка Республикаси президентлари, Испания ва Покистон ҳукуматлари, қатор халқаро ташкилотлар раҳбарлари ҳам мурожаатлар билан чиқибдилар ва ҳаммани олға кетишга чақирганмишлар. Ваҳолангки, ишлар ҳали ЖУДА КЎП.
Аммо, ҳамма гап шундаки, давлат раҳбари “Бирлик” Халқ Ҳаракати Партиясининг 15-20 йилдан бери мамлакатимизда ФУНДАМЕНТАЛ ислоҳотлар ўтказиш ва бундай ислоҳотларнинг марказида ДАВЛАТ ИҚТИСОДИЁТИНИ тўла бозор иқтисодиётига ва демократия йўналишига ўтказиш кераклиги ҳақидаги таклифларини мутлақо тилга олмабди ва қуруқ валдирабди. Бундай ишлар билан олға кетиб бўлмайди, ўртоқ Шавкат Мирзиё!