31 October 2020
15:30 - Замонавий масхарабозлик: Мактабгача Таълим Вазирлиги тарбиячилар сифатсиз кўмирдан брикет тайёрлаётгани ҳақидаги хабарларга муносабат билдиргани ҳақида
Мактабгача Таълим Вазирлигида куз-қиш мавсумига тайёргарлик, сифатли кўмир билан таъминлашдаги муаммолар мавзусига бағишланган матбуот анжуманида вазир ўринбосари Шодиёр Маматқулов тарбиячилар сифатсиз кўмирдан брикет тайёрлаётгани ҳақидаги хабарларига муносабат билдириб, қуйидагиларни айтибди:

“Ушбу ҳолат Самарқанд вилояти Тайлоқ туманидаги 30-сонли мактабгача таълим муассасида бўлган. Ушбу муассасага 11 тонна кўмир келтирилган. Ана шу кўмирнинг 400-500 килограми майдаланган, сифатсиз кўмир шаклида бўлган ва шу сабабли ходимлар томонидан шу ҳолатда тайёрланган. Мактабгача таълим муассасаси директори кўмирни увол қилмаслик мақсадида ўз ихтиёрлари билан қўлбола брикетларни ясагани маълум бўлди. Вилоят мактабгача таълим бошқармаси томонидан “Ўзбеккўмир” АЖнинг Самарқанда кўмир етказиб берувчи филиалидан 964 миллион сўмга 894 тонна кўмир ҳамда 1 минг 686 тонна кўмир брикет харид қилинган.

Мазкур ҳолат юзасидан Андижон мактабгача таълим бошқармаси томонидан тезкор ишчи гуруҳ тузилиб, жойларга чиқиб ўрганилганида бундай ҳолат қайси мактабгача таълим ташкилотида ёки қайси туманда бўлганлиги аниқланмаган. Лекин шунга қарамасдан буни очиқ айтишимиз керакки, бундай ҳолат нафақат Андижон вилоятида, балки бошқа вилоятларда ҳам кузатилади. Биз буни инкор қилмаймиз.

Андижон вилоятида 530 давлат мактабгача таълим ташкилотлари бўлиб, 2020-2021 йил куз-қиш мавсуми учун жами 19 минг 989 тонна кўмир ва брикет маҳсулотларини етказиб бериш кўзда тутилган. Шундан 5 минг 171 тонна кўмир ҳамда 14 минг 718 тонна кўмир брикет ёқилғиси олиш режалаштирилган бўлиб, бугунги кунда ушбу кўрсаткичи 74 фоизга бажарилганини айтиш мумкин.

Аниқланишича, Самарқанд, Навоий вилоятларида сифатсиз кўмир олиб келинган. Шунингдек, Фарғона, Наманган, Сурхондарё, Бухоро, Андижон вилоятларидаги сифатсиз кўмирни қайтариш ҳолатлари аниқланган. Далолатномалар тузилиб, “Ўзбеккўмир” АЖ билан ҳамкорликда сифатсиз кўмир сифатли кўмир маҳсулотларига алмаштириб берилган”.

Қаранг, ҳурматли ўқувчиларимиз, Ўзбекистондек давлатнинг вазир ўринбосари оддий масхарабозлик билан шуғулланиб, ҳаммани алдаш билан машғул бўлмоқда, фақат исботсиз гаплар гапирмоқда. Бунақада мамлакатимизда ҳеч қандай олға кетиш бўлмайди, бўлолмайди. Ўзбекистон ҳақиқий мухолифатчиларнинг “Бирлик” Халқ Ҳаракати Партияси айтаётган ФУНДАМЕНТАЛ ислоҳотлар ўтказиши керак ва ШАРТ.

Ким кимдир? Who is Who?Добавить персону