20 October 2020
16:24 - Ўзбекистонда 12 йиллик таълимнинг сифати 9,1 йилга тенг, у коронавирус туфайли 8,5 йилга тушиб қолиши мумкин
Инсон капитали индексига кўра, Ўзбекистонда 18 ёшга кирган шахс 12 йиллик таълимни тамомлаш имконига эга, бироқ бу таълим сифати билан солиштирилганда 2,9 йиллик бўшлиқ борлиги аниқланган. Пандемия бу бўшлиқни яна катталаштириши мумкин.

Таълим сифатини назорат қилиш инспекцияси, Халқ таълими вазирлиги Жаҳон банки билан ҳамкорликда Ўзбекистоннинг инсон капитали индексида кўрсатган натижаси таҳлилларига бағишланган конференция ўтказди.

Жаҳон банкининг таълим бўйича мутахассиси Аиша Вавданинг қайд этишича, инсон капитали барқарор ривожланиш ва камбағалликка қарши курашишда энг самарали усул ҳисобланади. Инсон капитали индексида таълим давомийлиги ва сифати ҳам муҳим кўрсаткичлардан бири ҳисобланади.

«Индексга тегишли маълумотлар коронавирус пандемиясидан олдин тўпланган. Унга кўра, Ўзбекистонда 18 ёшга кирган ёш 12 йиллик таълимни тамомлаш имконига эга. Бу кўрсаткич жуда ҳам яхши ҳисобланади. Лекин Ўзбекистон учун муаммо шундаки, таълим муддати сифатига коррекция қилинганда 2,9 йил йўқотилмоқда», деди Жаҳон банки эксперти.

Аиша Вавданинг таъкидлашича, пандемия бу кўрсаткичларни ёмонлаштириши мумкин. Марказий Осиёда ҳам карантин чекловлари жорий этилиши ўқувчиларнинг таълим олиш муддати ва сифатига таъсир этмай қолмаган. Ўтган ўқув йилида мартдан кейин мактабларнинг ёпилиши тезлик билан онлайн таълим чора-тадбирлари ишлаб чиқилишига қарамай кўплаб ўқувчиларнинг функционал саводсизлигига (Functional illiteracy) сабаб бўлди. Функционал саводсизлик кўрсаткичи PISA тадқиқотларига асосланган бўлиб, ўқувчиларнинг замонавий дунё иқтисодиёти талабларига жавоб бера олишини англатади.

«Коронавирус туфайли ўқувчиларнинг ўзлаштиришидаги бўшлиқ катталашди. Бу Ўзбекистон, Марказий Осиё ва бутун дунё учун ҳам тегишли. Сабаби ҳамма ўқувчида ҳам интернетдан фойдаланиш учун имкон йўқ эди, ҳаммани ҳам таълим олишга рағбатлантиришмаган, ҳаммада ҳам коронавирус чекловларига мослашиб, шу шароитда ўқий олиш учун кўникма бўлмаган.

Ўзбекистонда ҳам ўқувчиларнинг масофавий таълим олиши учун жуда яхши ҳаракат қилинган бўлса-да, мактабнинг вақтинча ёпилиши уларнинг келажакда топиши мумкин бўлган даромадларини 3,5 фоизга қисқартиради. Бу Ўзбекистон иқтисодиётига ҳар йили ўртача 425 миллион долларга тушиши мумкин», деди халқаро эксперт.

Шунингдек, конференцияда Таълим сифатини назорат қилиш инспекцияси бош бошқармаси бошлиғи Аслиддин Одилов ҳам муаммо ҳақида гапириб, Жаҳон банки прогнозига кўра, таълимдаги 2,9 йиллик бўшлиқ яна 0,6 йилга ошиши мумкинлигини айтиб ўтди. Яъни пандемиядан олдин 12 йиллик таълим муддатининг 9,1 йили сифатли таълим давомийлиги деб ҳисобланган бўлса, бу муддат ҳозир 8,5 йилга тушган.

«Пандемиядан олдин Ўзбекистонда минимум саводхонлик даражасидан паст бўлган ўқувчилар улуши 48 фоиз бўлган, пандемиядан сўнг уларнинг улуши 51 фоизга етган бўлиши эҳтимоли ҳисоб-китоб қилинмоқда. Буларни таълимдаги йўқотишлар деб айтиш мумкин. Бу йўқотишлар ҳозирги ёшларнинг кейинчалик меҳнат бозорига чиққанда даромадлари қисқаришига сабаб бўлади», деди инспекция расмийси.

Ким кимдир? Who is Who?Добавить персону