17 October 2020
16:48 - Kun.uz: «Ўзбек анимацияси тузатиб бўлмайдиган талафот кўрмоқда». «Мультипликацион фильмлар студияси» ижодий жамоаси очиқ хат билан чиқди
«Мультипликацион фильмлар студияси» давлат унитар корхонаси ижодий жамоаси очиқ хат билан чиқди. Унда студиядаги ҳозирги ҳолат ва «Ўзбеккино» миллий агентлиги раҳбарияти билан муносабатлар ҳақида сўз юритилган.

Очиқ хатда айтилишича, 2018 йилда Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевнинг фармонига биноан «Мультипликацион фильмлар студияси» барпо этилди. Ўзбекистон халқ артисти Обид Асомов студиянинг биринчи директори этиб тайинланганди.

«Унинг раҳбарлиги остида студия жадал ривожлана бошлади. Обид Асомов нафақат ажойиб санъаткор, балки миллий анимация ва унинг ишчилари тақдири билан шуғулланган ақлли ва истеъдодли раҳбар эди. Унинг раҳбарлиги остида ўсиб келаётган авлод учун ватанга муҳаббат ва инсонийлик туйғуларини шакллантирадиган болалар фильмлари яратилди. Ёш аниматорлар, рассомлар ва режиссёрларни тайёрлаш учун ўқув курслари ташкил этилди.

Аммо, афсуски, буларнинг барчаси Обид Асомовнинг бевақт оламдан ўтиши ва «Ўзбеккино» Миллий агентлигининг ҳозирги бош директори этиб тайинланган Фирдавс Абдуҳолиқов келиши билан барбод бўлди.

Ўзининг раҳбарлиги даврида бу инсон илғор ислоҳотлар ниқоби остида йиллар давомида яратилган ўзбек анимацияси пойдеворни барбод қилишга эришди.

Аввалига, бу инсон студиямизни тарқатиб юборишини ва уни «Ўзбекфильм» концернининг мультцехига айлантиришини айтди. Ундан кейин «Футурист» хусусийкорхонасининг эгаси Бекзод Саломовни «Мультипликацион фильмлар студиясига» директор этиб тайинлади.

Шундан сўнг Бекзод Саломов дарҳол асос ва сабабсиз студиянинг барча ижодий гуруҳини ишдан бўшатди, бу меҳнат қонунчилигини қўпол равишда бузиш ва юридик нуқтаи назардан ноқонуний ҳисобланади. Аммо бизнинг норозилигимиз ва суд таҳдидидан кейин мультстудия директори ҳаммани ўз иш ўринларига қайтаришга мажбур бўлди», - дейилади очиқ хатда.

Хатда айтилишича, «Ўзбеккино» Миллий агентлиги бош директори буйруғи билан «Миллий қаҳрамон» ҳақидаги сценарий учун 50 000 000 сўмлик катта мукофот ваъда қилинган танлов ўтказилган.

«Бу танловнинг на режаси, на ташкилий ишлари мавжуд эди. Шунинг учун танлов билан боғлиқ барча ташкилий ишлар мультстудиямизга юклатилди. Натижада, ишлаб чиқариш ортга сурилди, танлов эса иштирокчиларнинг тажрибаси етишмовчилиги сабабли муваффақиятсизликка учради.

Интернетда Ўзбекистон билан Россия ҳамкорлигида «Хўжа Насриддин» ҳақидаги анимацион фильмни ишлаб чиқариш ҳақида тантанали равишда хабар берилди, бу лойиҳа ҳам бошланмасдан тугади.

Аммо энг муҳими шундаки, 2020 йилда давлат студиясида биронта ҳам анимацион фильм ишга туширилгани йўқ, гарчи биз Ватанимиз тарихи ва унинг қаҳрамонлари ҳақида кўп яхши сценарийларни «Ўзбеккино»га тақдим этгандик.

«Мультипликацион фильмлар студияси» ДУКнинг 30 нафар ходими - режиссёр, рассом ва аниматорлар тирикчиликдан маҳрум бўлиб, ишсиз қолган. Бу бир йилдан бери давом этиб келмоқда. Пандемия пайтида бу ҳақиқий фалокат, чунки уларнинг оилалари, ёш болалари, кекса ота-оналари бор ва уларни боқиш, парвариш қилиш керак.

Бундан ташқари, бундай муҳитда қанчадан қанча истеъдодли мутахассис санъаткорларимиз студияни тарк этиб, ўзбек анимацияси тузатиб бўлмайдиган талафот кўрмоқда. Бироқ бош директор учун одамлар эмас, балки пул муҳимдир.

Биз тижорат лойиҳалари ва хусусий студияларни молиялаштиришга қарши эмасмиз. Аммо давлат киностудияси мавжуд бўлганда биринчи навбатда унинг ходимлари ишга туширилиши керак, дейилади давлат корхоналари тўғрисидаги фармонда.

Бош директор давлат фильмларини молиялаштиришнинг янги қоидаларини ўрнатди: «Агар мен мультфильмингизни ишга туширсам, уни ишлаб чиқариш учун Молия вазирлиги режалаштирган пулнинг атиги 60 фоизини бераман, қолганини кўчада ўзингиз топасиз!» Бу ўзбошимчаликми ёки нима? Биз режиссёр ва рассомлармиз. Биз қонуний равишда давлат томонидан ажратилган пулларга фильмлар суратга олишимиз керак. Пул излаб юриш бизнинг вазифамизга кирмайди.

«Мультстудия» ижодий жамоаси ўзбек киноижодкорларининг жорий йил март ойида «Ўзбеккино»нинг ҳозирги бош директорининг ҳаваскор раҳбарлик услубига қарши Бош вазирга бўлган мурожаатига ҳамфикр бўлиб, Зулфиқор Мусоқовнинг миллий киномизга таҳдид солаётган фалокат ҳақидаги нутқига қўшиладилар», - дейилади «Мультипликацион фильмлар студияси» ДУК ижодий жамоаси очиқ хатида.

Очиқ хатга режиссёр Нозим Тўлахўжаев, режиссёр Дмитрий Власов, режиссёр Гаянэ Матевосян, режиссёр Азизбек Муҳаммедов, режиссёр Сергей Силка, рассом ёрдамчиси Ҳамидулла Маҳмудхўжаев, рассом-аниматор Камолиддин Абдураҳмонов, рассом-аниматор Татьяна Коробова, рассом-аниматор Фаина Мутигуллина, рассом Нилуфар Қудратуллаева, рассом Шаҳло Қурбонова, рассом Шодия Муҳаммадиева, рассом-аниматор Беҳзод Маннонов имзо чекишган.

Kun.uz изоҳ сўраб «Ўзбеккино»га мурожаат қилди. У ерда агентлик тез орада очиқ хатга жавоб бериши ва расмий баёнот билан чиқиши айтилди.

Аввалроқ, Ўзбек киносининг таниқли арбоби, кинорежиссёр Зулфиқор Мусоқов президент Шавкат Мирзиёевнинг виртуал қабулхонасига мурожаат йўллагани хабар қилинганди. Мурожаатда у «Ўзбеккино» миллий агентлиги бош директори Фирдавс Абдухолиқовнинг раҳбарлик фаолияти юзасидан салбий фикрларини билдирган.

Шу йилнинг апрель ойида эса кино соҳасига алоқадор 109 киши «Ўзбеккино» бош директори Фирдавс Абдухолиқов устидан бош вазир номига шикоят йўллаганди. // Kun.uz

Ким кимдир? Who is Who?Добавить персону