13 October 2020
14:27 - Kun.uz: Сирдарё вилояти ҳокимлиги Сардобадаги тошқиндан кейин чайлада яшаётган жабрланувчилар бўйича изоҳ берди
Сирдарё вилояти Оқолтин тумани ҳокимлиги тумандаги «Беш юз» қишлоғида уй-жой билан боғлиқ ҳолат юзасидан тарқалган хабарларга муносабат билдирди.

Сирдарё вилояти Оқолтин тумани ҳокимлиги тумандаги «Беш юз» қишлоғида уй-жой билан боғлиқ ҳолат юзасидан тарқалган хабарларга муносабат билдирди.

«Оқолтин туманининг «Бешюз» номли қишлоғидаги аҳволни ўргандик... сўзлар билан бошланувчи мақоладаги ҳолат юзасидан туман ҳокими ўринбосари А.Ибодуллаев ҳамда «Шодлик» маҳалла фуқаролар йиғини раиси У.Аллабердиев иштирокида ўрганиш олиб борилди.

Дастлаб ижтимоий тармоқларда гўёки куннинг совуқ бўлишига қарамай аҳоли бошпанасиз истиқомат қилаётганлигини акс эттирувчи суратлар олинган чайлага борилди.

Ҳақиқатан ҳам айни кунларда чайлада яшаётган фуқаролар мавжуд бўлиб, бироқ ушбу фуқаролардан нима сабабдан талафот кўрган ҳудудлардаги аҳоли учун ажратилган ётоқхонага жойлашмаётганликлари сўралганда улар қуйидагича жавоб беришди. Жумладан:

Икром Имонов - «Уй-жой кўтариш ниятида қурилиш материаллари олиб келганман, яқинда қурилишни бошлайман, шу материалларимни қўриқлаб ўтирибман, бола-чақам қариндошларникида ҳеч қандай шикоятимиз йўқ»;

Шуҳрат Имонов - «Яхши ниятларда чорва моллари боқяпман, мен буларни кимга ишониб ташлаб кетаман»;

Боййигит Мирзаев - «Президентимиз томонидан ажратилган 40 миллион сўмга, талафот кўрган уйимни ўрнидан уй кўтаряпман, худо хоҳласа тез кунларда битириб оламан, бу ердаги қурилиш материалларига ҳам кимдир кўз-қулоқ бўлиб туриш керакку, энди аёллар тушуниб-тушунмай бирон нима дегандирда, лекин ҳеч қандай шикоят қиладиган жойимиз йўқ, қолаверса 1-2 кун ичида янги қурилган кўп қаватли уй-жойларга кўчиб ўтамиз».

Шунингдек О.Пардаев ҳамда А.Эшбековнинг эски ҳовлисига борилганда ҳеч ким яшамаётганлиги аниқланди. Қўшниларининг гувоҳлик беришича улар бу ерда яшамайди, маҳалла марказидаги қариндошлариникида туришади, кундуз кунлари ҳовли-жойидан томорқасидан келиб хабар олиб-туришади деган жавобни олдик.

Шуни алоҳида таъкидлаш мумкинки, туман ҳокимияти томонидан уларга қулай шароит ва 3 маҳал иссиқ овқат билан таъминланган ётоқхоналардан жой ажратилган бўлиб, вақтинча яшаш учун таклиф берилган, бироқ улар мазкур таклифга қатъий рад жавобини берган ҳолда, ўзларининг хонадонлари ўрнида шароит яратиб яшаб келмоқда. Ушбу ҳолатда мутасаддиларни ҳаракатсизликда айблаш нотўғри бўлиб, асл моҳиятдан келиб чиқиб иш тутилиши мақсадга мувофиқ ҳисобланади. Зеро, ушбу фуқароларни ҳеч ким бу каби шароитда яшашга мажбур қилмаган.

Шундан англаса бўладики, мақола ва суратларда акс этган яшаш шароити айрим фуқаролар томонидан ўз хоҳиши билан яратилган. Улар эътибордан четда қолмаган ва қолмайди ҳам.
Ўрганишлар давомида маълум бўлишича, Оқолтин туманидаги 3 та маҳаллада 3518 («Шодлик» МФЙда 1351 та, «Саховат» МФЙ да 725 та, «Аҳиллик» МФЙ да 1442 та) та хонадон сув тошқинидан зарар кўрган бўлиб, шундан 466 («Шодлик» МФЙ да 375 та, «Саховат» МФЙ да 31 та, «Ахиллик» МФЙ да 60 та) таси яроқсиз, 732 («Шодлик» МФЙда 442 та, «Саховат» МФЙ да 173 та, «Аҳиллик» МФЙ да 119 та) таси таъмирталаблиги аниқланган.

Хусусан, юқорида номи келтирилган «Шодлик» маҳалласининг «Бешюз» қишлоғида 102 та хонадон, 125 та оила мавжуд бўлиб ушбу хонадонларда 425 нафар аҳоли истиқомат қилади. Сув тошқини натижасида ушбу ҳудуддаги 86 та уй-жойларга жиддий зарар етказилган. Ишчи гуруҳи томонидан шакллантирилган рўйхатга кўра дастлабки босқичда 70 та хонадон буткул талофат кўрган деб топилиб, уларга янги ва барча замонавий қулайликларга эга бўлган кўп қаватли уй-жойлардан ажратиш белгиланган.

Шу жумладан, юқорида исмлари қайд этилган фуқаролар яқин кунлар ичида ўзларининг янги хонадонларига кўчиб ўтишларини маълум қиламиз», дейилади Оқолтин тумани ҳокимлиги ахборот хизмати раддиясида.

Бундан аввалроқ Демократия ва инсон ҳуқуқлари институти директори Сайёра Хўжаева Болалар омбудсмани Алия Юнусова билан Сардоба ҳалокатидан жабр кўрган Сирдарё вилояти Оқолтин тумани «Беш юз» қишлоғига бориб, вазиятни ўрганган, фейсбукдаги саҳифасида ушбу қишлоқдаги одамларнинг айримлари чайлаларда яшаётгани тасвирланган суратларни жойлаштирганди. // Kun.uz

Ким кимдир? Who is Who?Добавить персону