07 October 2020
03:47 - Алибой Йўляхшиев ажойиб инсон эди. "Ҳаракат" буни тасдиқлайди!

Ҳар куни ўлим хабарини эшитаркансан, ўлимнинг ҳам қадри қолмади, деган фикр хаёлингда чарх уради. Ҳақиқатан ҳам шундай: коронавирус сабаб кўплаб инсонлар орамиздан кетди. Ҳар куни, ҳар соат совуқ хабарларга кўникдик. Қалбимиз қотди, гўё урушдан пайдар-пай қорахатлар келаётган, уларни ўқиб кўз ёши қолмаган онага ўхшаймиз.

Бир ҳафта бурун орамиздан ажойиб инсон, “Бирлик”нинг дастлабки йиллардаги Самарқанд вилояти бўйича лидери Алибой Йўляхшиев кетдилар. У кишини Истанбулда, не-не фотиҳлар макон топган, улуғлар ер остида ётган заминда тупроққа бердилар. Аллоҳим тупроғини енгил қилсин, сўроқ-саволлари осон бўлсин!

Кейинги йилларда бироз камтар ҳаёт кечирган, сафдошларини кўп марталаб муросага чақирган дўстим чин маънода боқийга кетди. Кўнглимдан у киши билан елкама-елка олиб борган кураш йилларимиз кечмоқда. Бу мўйсафид дунёда миллатнинг озодлиги, ҳурлиги учун баҳоли қудрат ҳаракатларимизни эсламоқдаман.

Тангрим ўз халқи озодлиги учун курашиб, зулм туфайли муҳожирликда оламдан ўтган дўстимни Аллоҳ раҳматига олсин!

Холиқназар Ғани
Самарқанд, Жомбой

“ҲАРАКАТ” ТАҲРИРИЯТИДАН: Холиқназар аканинг таъзияси сабабли эшитдик, Алибой Йўляхши шу йил 29 сентябрда оламдан ўтганини. Айтилгани каби ўлимнинг кўплиги, ҳар куни совуқ хабарлар кўп эшитаётганимиз учун илғамабмиз, дўстимиз Аллоҳга омонатини топширганини. Тангри раҳматига олсин, “Бирлик”нинг тарихида ўчмас излар қолдирган у кишининг жойлари жаннатда бўлсин деб дуолар қиламиз.

Ким кимдир? Who is Who?Добавить персону