16 September 2020
05:27 - Исроил Баҳрайн ва БАА билан муносабатларни яхшилаш ҳақидаги келишувни имзолади
Исроил Бош Вазири Биньямин Нетаньяху БАА Ташқи Ишлар Ввазири шайх Абдуллоҳ бин Зоид Ол Наҳаён ва Баҳрайн Ташқи Ишлар Вазири Абдул Латиф аз-Заёний билан ўз давлатлари ўртасида ўзаро муносабатларни яхшилаш ҳақидаги келишувларни имзолади. Келишувларни имзолаш тантанали маросими Оқ Уйда АҚШ Президенти Дональд Трамп, унинг рафиқаси ва меҳмонлар иштирокида бўлиб ўтди.

Келишувлардан бири Исроилнинг Иорданнинг ғарбий соҳилидаги яҳудий шаҳарларига ўз суверенитетини жорий қилишини тўхтатишини назарда тутади. Бундай шарт АҚШнинг Фаластин-Исроил ихтилофини тартибга солиш режасида кўзда тутилган.

Ушбу ҳужжат уч версияда – инглиз, араб ва иврит тилларида тузилган. Ҳужжатнинг инглизча версиясини Трамп ҳам имзолаган.

Бундан ташқари, барча 4 та давлат вакиллари БАА ва Исроил ўртасида АҚШ воситачилигида муносабатларни яхшилашга қаратилган “Авраам келишуви” нусхаларини имзолаган.

“Энди давлатларимиз аҳолиси лойиқ бўлган тинчлик ва хавфсизликни таъминлаш устида фаол ва дарҳол ишлашни бошлаш лозим”, деб таъкидлаб ўтган Баҳрайн Ташқи Ишлар Вазири.

Ўз навбатида Нетаньяху давлатлар ўртасидаги муносабатларнинг яхшиланиши араб-исроил ихтилофига чек қўйишга имкон беришини айтган. У келишувларнинг имзоланишини “дунёдаги янги даврдан дарак берувчи” тарихдаги бурилувчи он деб атаган.

Трамп эса келишувлар “бутун Яқин Шарқ минтақасида тинчлик учун асос бўлиб хизмат қилишини, аввал бунинг имкони йўқ деб ҳисобланганини” айтган.

Маросим олдидан АҚШ Президенти Нетаньяху билан учрашиб, унга Оқ Уйнинг рамзий қалитини топширган. Трамп бу калитни “давлатларимиз ва юракларимизга калит” деб атаган. Бунга жавобан Нетаньяху Оқ Уй раҳбарида “яҳудий халқи юрагига калит аллақачон борлигини” айтган.

Келишувлар имзоланиши ортида Ғазо секторидан Исроилнинг Ашкелон ва Ашдод шаҳарлари томон иккита ракета учирилган. Бир снаряд Исроилнинг ҳаво ҳужумига қарши тизимлари томонидан уриб туширилган. Бироқ иккинчи снаряд зарбаси оқибатида Ашдод шаҳрига кичик зиён етказилган, 2 киши енгил жароҳат олган, 4 киши эса карахт ҳолга тушган.

Келишувларнинг имзоланиши Фаластин томонидан қораланган ва расмий Рамаллоҳ БААдан ўз элчисини чақиртириб олган. Фаластинда Абу-Дабининг ушбу ҳаракатлари ўз халқига тажовуз ва унинг ҳуқуқлари ҳамда муқаддас қадамжоларига беписандлик деб аталган. // Kun.uz

Ким кимдир? Who is Who?Добавить персону