16 August 2020
15:49 - Коронавирус: 7 миллиард одам қандай қилиб эмланади?
Бугун бутун дунё олимлари Covid-19’га қарши вакцинани ишлаб чиқиш учун сафарбар қилинган.

Буюк Британия бош вазири Борис Жонсон «ҳаётимизнинг биргаликдаги энг шошилинч саъй-ҳаракатлари» деб таърифлаган сафарбарлик билан боғлиқ ҳар бир кишининг ақлида бир савол туғилади: 7 миллиард одам коронавирусга қарши қандай эмланади? Амалиётнинг логистикаси қандай бўлади?

Англияда эмлаш бўйича тадқиқотлар Оксфордширдаги собиқ RAF (Британия Қироллик ҳаво кучлари) авиабазасидаги Harwell тадқиқот кампусида давом этмоқда.

Вакциналарни ишлаб чиқариш ва инновациялар маркази (VMIC) директори Мэтью Дюшарс эмлаш жараёни ҳақида фикр билдирди. «Биз вақт жадвалини ярмига қисқартирдик. Аслида, вакцина 2022 йил охиригача тайёр бўлишини кутаётгандик, энди у 2021 йилда тайёр бўлади, деб умид қиляпмиз. Бундай вакциналарни тез ва самарали ишлаб чиқариш қобилияти нафақат мамлакат учун, балки бутун дунё учун жуда муҳим» деди у.

«Бу худди уйда торт тайёрлашга ўхшайди. Сиз энг зўр тортни тайёрлаш учун кўп вақт сарфлашингиз мумкин. Аммо ҳозир сиз ўзингиз пиширадиган тортдан 70 миллионта тайёрлашингиз керак. Уларнинг ҳаммаси бирдай мукаммал бўлиши лозим, бу эса жуда қийин», дея қўшимча қилади мутахассис.

Оксфорд университетида вакцинация тадқиқотлари учун етарлича лаборатория майдони яратилган. Охир-оқибат, инсоният миллиардлаб дозаларда Covid-19 вакциналарининг бир нечта турини тайёрлашга мажбур. Барчаси дунё бўйлаб ишлаб чиқарилиши, тарқатилиши ва бошқарилиши керак.

Халқаро вакциналар иттифоқи (Gavi) мамлакатларни эмлаш амалиёти ҳақида бош қотиришга чақирди. Аммо вакциналар бўйича халқаро ҳамкорликка эришиш осон эмас. Чунки кўплаб бой давлатлар сеҳрли формула топилса, ингредиентларни таъминлаш бўйича фармацевтика компаниялари билан икки томонлама келишувга эришмоқда.

«Эмлаш миллатчилиги»

Gavi бош директори Сет Берклининг айтишича, ҳозирги энг катта тўсиқлардан бири бу «эмлаш миллатчилиги»дир.

Беркли вакцина масаласини бутун дунё миқёсида кўриб чиқиш кераклигини таъкидлаган.

«Токи ҳамма хавфсиз бўлмагунча ҳеч биримиз ҳавфсиз бўла олмаймиз», деди у.

Унинг фикрича, ривожланаётган мамлакатлар тўғри вакциналардан фойдаланишни таъминлашга ҳаракат қилишдан ташқари, дунёда вакцина учун флакон (шиша идиш) етарли ёки етарли эмаслиги хусусида ҳам бош қотириши лозим.

«Бу масалада хавотиримиз бор эди, шунинг учун биз икки миллиард дозага етадиган флакон сотиб олдик. 2021 йил охирига қадар тайёр бўлиши умид қилинаётган дозамиз сони ҳам шунча», дея эътироф этди Беркли.

Музлаткичлар масаласи муаммо бўлиши мумкин

Аксарият вакциналарни паст ҳароратда сақлаш керак. Шунинг учун музлатгич ва шиша идишлар билан билан боғлиқ яна бир муаммо пайдо бўлади.

Бирмингем университетининг совуқ занжирли логистика профессори Тоби Питерс Gavi каби ташкилотларга ривожланаётган мамлакатларда мавжуд совутиш қобилиятини қандай ошириш мумкинлиги хусусида ёрдам бермоқда.

Питерс бу эҳтимолий муаммони қуйидача изоҳлади: «Муаммо нафақат вакцина совуткичлари билан, балки уни самолётларга ўтказиш учун тагликлар, муайян жойга етказиб бериш керак бўлган транспорт воситалари билан боғлиқ. Буларнинг бари ҳеч бир муаммосиз ишлаши даркор».

Профессор Питерс бу улкан лойиҳага ёрдам бериш, хусусан, музлатиш занжирли омборхоналарни сотиб олиш борасида глобал озиқ-овқат ва ичимлик компаниялари билан музокаралар олиб бормоқда.

Биринчи навбатда кимлар эмланади?

Вакцинацияни бошқаришни осонлаштириш учун давлатлар ўз аҳолиси орасида кимга устуворлик бериш кераклигини аниқлаб олиши лозим.

Буюк Британияда инсон ва ҳайвонлар саломатлиги бўйича тадқиқотлар олиб борадиган Wellcome Trust раҳбари, доктор Чарли Веллернинг айтишича, мамлакатлар ўзларига бир неча саволларни беришга мажбур бўлиши мумкин: «Ушбу вакцинага кимнинг эҳтиёжи бор? Хавф даражаси юқори гуруҳлар қайси? Биринчи навбатда кимларни эмлаш керак?».

Бир нарса аниқки, ишлаб чиқариладиган илк вакцина етарли миқдорда бўлмайди.

Соғлиқни сақлаш тизимларининг кучи етарли даражадами?

Ҳақиқий вакциналарни ишлаб чиқариш осон бўлмайди. Ушбу жараён учун соғлиқни сақлаш тизимлари ва мамлакатларнинг соғлиқни сақлаш соҳасидаги мутахассислари етарли бўладими?

Масалан, Англияда овоз бериш марказларидан фойдаланишга имкон берувчи шаблон мавжуд. Аммо қашшоқ давлатлар учун бу янада даҳшатли.

Доктор Веллернинг таъкидлашича, тўғри техник кўникмаларга эга бўлган мутахассислар ҳамда кучли соғлиқни сақлаш тизими белгиланган гуруҳларни эмлашда ўзига хос калит вазифасини бажариши мумкин.

Олимларнинг фикрига кўра, коронавирус қарши бир қанча вакциналар яратилади.

Зотан, дунё олимлари ҳозирда миллиардлаб одамларга вакцинани ўз вақтида етказиб бериш учун тунларини бедор ўтказишяпти. // Kun.uz

Ким кимдир? Who is Who?Добавить персону