Туркия президенти Ражаб Эрдўған - БАА ва Исроил ўзаро муносабатларни яхшилашга келишиб олишганига жавобан Анқара Абу-Дабидаги элчисини ортга чақиртириб олиши мумкинлиги ҳақида гапиришга бошлабди. Эслатиш керакки, аввалроқ Фаластин ҳам шундай қарорини эълон қилган эди.
Эрдўғаннинг таъкидлашича, у ўзининг Ташқи Ишлар Вазирини Анқара шундай чораларга бориши мумкинлиги хусусида огоҳлантирибди. У - БАА ва Исроил ўртасидаги келишувни Фаластинга нисбатан “кечириб бўлмас қадам” деб баҳолабди.
“Агар керак бўлса, Абу-Дабидаги элчимизни чақиртириб олишимиз мумкин, чунки биз Фаластин томондамиз ва унинг ҳуқуқларини ҳеч кимга бериб қўймаймиз”, дебди Эрдўған 13 август куни АҚШ президенти Дональд Трамп Исроил ва БАА муносабатларни яхшилаш ҳақидаги келишувга эришганини маълум қилгандан кейин.
АҚШ Президенти Доналд Трамп эса, “Биз бугун улкан муваффақиятга эришдик. Бу бизнинг катта дўстлар – Исроил ва БАА ўртасидаги тарихий тинчлик сулҳидир”, деб ёзибди ўз Твиттерда. Келишув доирасида Исроил Фаластин ҳудудларини қўшиб олиш бўйича режасини тўхтатишга рози бўлган экан.
Хуллас, шунақа гаплар. Эслатиш керакки, Исроил ва БАА ҳайъатлари яқин ҳафталарда инвестиция, туризм, авиаалоқа, хавфсизлик, технологиялар, энергетика, соғлиқни сақлаш, атроф-муҳит, маданият ва бошқа соҳаларда икки томонлама келишувларни имзолаш учун учрашмоқчи ва яқин орада икки давлатда элчихоналар очилиши кутилмоқда.
Яна эслатиш керакки, БАА - Иордания ва Мисрдан кейин - Исроил билан фаол дипломатик алоқаларни ўрнатишга рози бўлган учинчи араб давлатидир, демак, алоқалар қайсибир маънода бир-бирига яқинлашиб бормоқда. Нима ҳам дердик, келаётган воқеаларни кузатамиз, кейин ўзимизнинг узул-кесил хулосамизни билдирамиз.