Ўзбекистондаги ҳозирги пандемия вазияти кўпчилик юртдошларимизни қийнаб қўйгани бор гап. Айниқса, ўзи ишлайдиган ташкилот ёки корхонадан оладиган ойликкагина кун кўрадиган оилалар талайгина.
Kun.uz таҳририятига Фарғона вилоятининг Ёзёвон туманидаги «Ўзгидротехник» МЧЖ ишчи-ходимларидан мурожаат келиб тушди. Унда жамият ишчи-ходимлари уч ойдан буён иш ҳақларини ололмаётгани айтилади.
Карантин сабабли мурожаатчилар билан юзма-юз кўришиб, учраша олмаган бўлсак-да, уларнинг арзларини эшитиш учун телефон орқали боғландик.
Ўзини корхона ҳайдовчиси деб таништирган мурожаатчининг таъкидлашича, корхонадаги ходимлар сўнгги марта жорий йилнинг апрель ойи учун иш ҳақларини май ойида олган бўлиб, шундан бери маош берилмаган.
Ишчи-ходимлар май ойида Сирдарё вилоятининг Сардоба туманидаги қурилиш ишларига жалб қилинган, жамият раҳбарияти уларга бир ойлик иш ҳақи миқдорида қўшимча рағбатлантириш пулларини ваъда қилган. Бироқ, орадан икки ой вақт ўтаётган бўлса-да, на ойликдан, на мукофот пулларидан дарак бор.
«Майли, Сардобада ишлаган меҳнатимизга розимиз, бизга фақат ойлик иш ҳақларимизни ўз вақтида беришсин. Орамизда оиласида ягона боқувчи бўлган ходимлар кўпчиликни ташкил этади. Энди тасаввур қилиб кўринг: бундай оилаларнинг тирикчилиги нима бўлади? Оиласи нима олиб, нима ейди?», дейди ходимлардан бири Kun.uz мухбири билан суҳбатда.
Мазкур ҳолатга ойдинлик киритиш мақсадида ўзини «Ўзгидротехник» МЧЖ бўлим бошлиғи деб таништирган Аюбхон исмли шахс билан телефон орқали боғландик. У ишчи-ходимларнинг иш ҳақларини тўлаш борасида ҳаракатлар олиб борилаётганини айтиб, бундан бошқа маълумот бера олмаслигини билдирди.
Шундай бўлса-да, ушбу ходимнинг ёрдами ўлароқ «Ўзгидротехник» МЧЖ раҳбари Фахриддин Усмонов билан телефон орқали боғланишга муваффақ бўлдик.
Унинг маълум қилишича, «Ўзгидротехник» МЧЖ «Ўзсувқурилиш» АЖ таркибидаги ташкилот бўлиб, унинг маълум улушига Давлат активларини бошқариш агентлиги эгалик қилади. Бугунги кунда ушбу жамиятда 700 нафар ишчи-ходимлар ўз фаолиятини олиб бормоқда экан.
Жамият раҳбари Ф.Усмонов ходимларнинг мурожаатларида келтирилган фикрларни қисман тасдиқлар экан, жумладан шундай деди:
«Ишчи-ходимларнинг май ойи маоши тўлаб берилган, фақатгина уларнинг бир қисмигина қолган. Июнь-июль ойларига эса ҳисобчиларимиз ҳаракат қилишмоқда. Бухгалтерия билан боғлиқ барча ҳужжатлар тайёрлаб қўйилган. Маблағ тушиши билан барчаларининг пластик карталарига иш хақлари ўтказиб берилади».
Ундан ишчи-ходимлар хақиқатан ҳам Сирдарё вилоятининг Сардоба туманидаги техноген фалокатдан сўнг қурилиш-таъмирлаш ишларида қатнашгани, уларга мукофот пуллари ваъда қилингани борасида сўрадик.
«Ишчи-ходимлар ҳақиқатан ҳам Сардобадаги қурилиш-таъмирлаш ишларига жалб қилинган эди. Уларга қўшимча мукофот пуллари беришни ваъда қилганимиз ҳам рост. Юқорида айтганимдек, бу борада ҳаракатлар олиб борилмоқда», деди Ф.Усмонов.
Ф.Усмонов ходимларнинг ойлик иш ҳақларини ўз вақтида тўлаб бериш борасида маблағ муаммо бўлмаётганини айтиб ўтди.
«Муаммо шундаки, биз буюртмачилардан буюртма олгач, унинг лойиҳасини тасдиқлатамиз. Лойиҳа тасдиқлангач, уни молия бошқармаси ҳузуридаги ғазначилик бўлими кўриши керак бўлади. Кейин маблағ тасдиқланади. Тез орада ушбу муаммонинг ечимини топамиз. Албатта, шу ой охиригача ишчи-ходимларга ойлик иш ҳақларини тўлаб берамиз», деди Фахриддин Усмонов.
Албатта, ҳаракатнинг борлиги яхши. Ушбу ҳаракатлар натижасида тез орада муаммо ижобий ҳал этилса, жамиятдаги ишчи-ходимларнинг руҳияти кўтарилади, оиласига қувонч кириб боради.
Мақолани нашрга тайёрлаш жараёнида мурожаатчилардан хабар келди: «Бугун ойлигимиз тушди, фақат жуда ҳам оз. Ҳаммага ҳар хил тушди, менга 2 миллион, бошқаларга 3 миллион, яна бировларга 1 миллион қисқаси, ҳаммага ҳар хил. Қолган икки ойлик маош тушганича йўқ».
Раҳбарият томонидан ваъда қилинган мукофот пуллари ёки май ойидан қолган иш ҳақининг қолган бир қисми ишчи-ходимларга берилган кўринади. Масъуллар ўз вазифасига масъулият билан ёндашиб, энди қолганини ҳам тезлаштиришарса ажаб эмас.
Маълумот учун: «Ўзгидротехник» МЧЖ «Ўзсувқурилиш» АЖ муассислигидаги 56та корхоналардан бири ҳисобланади.
«Ўзсувқурилиш» акциядорлик жамияти эса Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги «Ўзсувқурилиштаъминот» республика бирлашмаси муассислигидаги ташкилотдир.
Файзулла Султонов,
Kun.uz мухбири
“ҲАРАКАТ”: Бу мақола Kun.uz мухбири томонидан тайёрланган, умуман оганда тўғри фикрлар ўртага ташланган. Хулоса қилиш ўқувчиларимизга оиддир.