Бу мудҳиш воқеа ҳақида Қирғизистондаги ҳуқуқ ҳимоячиси ташкилотлар хабар қилдилар, унинг адвокатлари ростдан ҳам шундай бўлганини, ўзбек миллатига мансуб бўлган Азимжон Асқаров бугун 25 июль куни оламдан ўтганини тасдиқладилар.
Аниқроқ қилиб айтсак, буни унинг ҳамкасби Толекан Исмаилова ва адвокати Валерьян Вахитов тасдиқлабдилар.
69 ёшли Азимжон Асқаровнинг соғлиғи ёмонлашгани туфайли, адвокати уни шифохонага ётқизишни талаб қилгани, бироқ ҳукумат расмийлари маҳкумни Жазони ижро этиш давлат хизматининг марказий шифохонаси жойлашган 47-сонли колонияга ўтказишга қарор қилганлари ҳақида хабар аввалроқ тарқалган эди.
Эслатиш керакки, Азимжон Асқаров Қирғизистоннинг машҳур ҳуқуқ ҳимоячиларидан бири бўлган, умрининг сўнгги 10 йилини қамоқда ўтказганди.
У 2010 йил июнь ойи ўрталарида Қирғизистон жанубидаги миллатлараро низо вақтида қўлга олинди. Ҳуқуқ ҳимоячисига “оммавий тартибсизликларни ташкил қилиш”, “миллатлараро низони қўзғаш”, “милиционернинг ўлдирилишига аралашиш” каби айблар қўйилган, у бу айбларни тан олмагани сабабли, 2010 йил 15 сентябрь куни умрбод қамоқ жазосига маҳкум қилинганди.
БМТнинг Инсон Ҳуқуқлари Қўмитаси Асқаровнинг қийноққа солинганини, унга нисбатан суд маҳкамаси адолатли бўлмаганини урғулаб, 2016 йили Қирғизистон ҳукуматидан Азимжон Асқаровга чиқарилган ҳукмни бекор қилишни ва уни зудлик билан қамоқдан озод этишни талаб қилди. Ўзбекистонлик ҳуқуқ ҳимоячилари ҳам шу талабларни ўртага қўйдилар. Бироқ, минг афсуски, бундай ҳолат юз бермади.
Ҳуқуқ ҳимоячиси Азимжон Асқаровнинг оиласи ва унинг сафдошларини бу даҳшатли воқеага чидашга чақирамиз, Оллоҳдан уни жаннатга ётқизишни сўраб дуолар қиламиз.