22 July 2020
18:23 - Жуда қизиқ: Наманганда Сhangan бренди остида кичик юк автомобиллари ишлаб чиқарилади
Чуст тумани ҳудудида жойлашган “Наманган” эркин иқтисодий зонасида Хитойнинг Сhangan бренди остида кичик юк автомобиллари ишлаб чиқариш лойиҳасини амалга оширишга киришилгани хабар қилинмоқда.

Хитойнинг Сhangan брендига мансуб кичик юк автомобилларини ишлаб чиқариш “Хориждаги ватандошлар” лойиҳаси доирасида амалга оширилади. Лойиҳага сўнгги ўн йил давомида Бирлашган Араб Aмирликларининг Ажман шаҳрида истиқомат қилиб келаётган асли наманганлик тадбиркор Жобирхон Ҳомидов томонидан 800 минг доллар, бошқа хорижий инвесторлар томонидан 2 миллион доллар ҳамда 3 миллион доллар банк кредити бўлиб, жами 5,8 миллион доллар миқдорида инвестиция жалб этилармиш.

Namangan Сhangan Motors МЧЖ томонидан лойиҳанинг биринчи босқичида йилига 1 минг 800 та 1-1,5 тонна юк кўтарадиган тўрт русумдаги автомобиллар ишлаб чиқарилади ва 120 киши иш билан таъминланади. Кейинги уч йил давомида маҳаллийлаштиришни 50 фоизгача етказиш ва маҳсулотнинг учдан бир қисмини БАА ҳамда Марказий Осиё давлатларига экспорт қилиш кўзда тутилган.

Тадбиркорнинг ҳисоб-китобларига кўра, Ўзбекистоннинг ўзида йилига 20 мингтагача шундай русумдаги автомобилларга эҳтиёж бор. Яқин ва узоқ хориж бозорлари инобатга олинадиган бўлса, ишлаб чиқариш кўламини янада кенгайтириш имкониятларини чамалаш мумкин бўлади.

Корхона илк маҳсулотини 2021 йилнинг биринчи чорагида ишлаб чиқара бошлайди, дейди ўз хабарини ЎзАда эълон қилган журналист Акрамжон Саттор.


Ким кимдир? Who is Who?Добавить персону