Ўзбекистонда ҳукмронлик қилаётган режимнинг қўғирчоқ оммавий ахборот воситалари Республика Махсус Комиссияси қарорига биноан шанба ва якшанба кунлари (18-19 июль ва 25-26 июль) республика миқёсида автотранспорт воситалари, шу жумладан, йўналишсиз таксиларнинг ҳаракати тўлиқ тўхтатилганини хабар қилмоқдалар.
Шанба ва якшанба кунлари аҳолига «ўзини ўзи яккалаш» ҳаёт тарзига қатъий риоя этган ҳолда ўз уйларида қолиш, давлат органлари ва муассасалари, хўжалик бирлашмалари ҳамда бошқа ташкилотларга ходимларни ишга жалб этмаслик, ходимларнинг ушбу кунларда уйда қолиши учун шароит яратиш тавсия этилди.
Масалан, бугун Самарқанд шаҳри кўчаларида фақатгина Ички ишлар органлари ҳамда Миллий гвардия ходимлари хизмат олиб боришмоқда. Шанба ва якшанба кунлари (18-19 июль) Самарқанд вилояти бўйлаб карантин чекловларини таъминлаш бўйича 3000 дан зиёд ички ишлар ходимлари жалб этилган. Кўчаларда ходимларимиз томонидан кучайтирилган тарғибот тадбирлари давом этмоқда.
Самарқандда эрта тонгдан вилоят Ички ишлар, Фавқулодда вазиятлар бошқармалари ҳамда Марказий ҳарбий округ махсус техникалари ёрдамида кенг қамровли дезинфекция ишлари амалга оширилди.