09 July 2020
14:29 - Оқ Уй Хитойни Ҳонгконгни аннексия қилишда айблади ва янги санкциялар жорий этишини маълум қилди
Оқ Уй матбуот котиби Роберт О'Брайен президент Дональд Трамп Хитойда яратилган TikTok иловасининг АҚШда ишлашини тақиқлаш имкониятини кўриб чиқаётганлигини тасдиқлади.

Президент Дональд Трамп маъмурияти Ҳонгконгдаги вазият сабабли Хитойга қарши янги чоралар тайёрламоқда. Бу ҳақда Оқ Уй матбуот котиби Роберт О'Брайен маълум қилди, деб хабар бермоқда The New York Post.

Журналистлар учун ташкил қилинган брифинг чоғида О'Брайен Ҳонгконгдаги вазиятни охирги ўн йилликнинг «асосий воқеаларидан бири» деб атади.

«Биз Ҳонгконг амалда ХХР, Хитой коммунистик партияси томонидан аннексия қилинганини кўриб турибмиз. Ва улар демократия тарафдорлари бўлган озод инсонларга ўз иродасини ўтказмоқчи», - деди Оқ Уй вакили.

О'Брайен шунингдек, Трамп Хитойда яратилган TikTok иловасининг АҚШда ишлашини тақиқлаш имкониятини кўриб чиқаётганлигини тасдиқлади. У буни TikTok иловаси қўлга киритаётган америкалик фуқароларнинг шахсий маълумотлари Хитой ҳукуматига берилиши ва ғаразли мақсадларда фойдаланилиши мумкинлиги билан изоҳлади.

30 июнда Умумхитой Халқ Вакиллари Мажлисининг доимий қўмитаси Ҳонгконгда миллий хавфсизликни таъминлаш тўғрисидаги қонунни қабул қилди. У терроризм, айирмачилик, давлат ҳокимиятини ағдариш ва хорижий кучлар билан тил бириктиришга қарши курашга қаратилган. Ҳужжат айбдорларни умрбод қамоқ жазосига маҳкум этиш, Ҳонгконгда кенг ваколатларга эга бўлган хавфсизлик идораларини ташкил этиш, айрим ишларни Хитой ҳудудида тергов қилиш ва кўриб чиқиш имконини беради.

Қонун лойиҳаси таклиф қилиниш босқичидаёқ Ҳонгконгдаги ҳукуматга қарши кучлар ҳамда бир қатор ғарб давлатлари танқидига ва норозилигига учраганди.

АҚШ Хитойнинг ушбу ташаббусини Ҳонгконгнинг автоном мақоми бузилиши деб қабул қилди ва Хитойнинг махсус маъмурий ҳудуди фойдаланган барча имтиёзларни бекор қилишни бошлади. // Kun.uz

“ҲАРАКАТ”: Шу пайтгача биз “Ҳонгконг” сўзи ўрнига “Гонгконг” сўзини ишлатиб келган эдик. Бундан кейин ҳам ўз анъанамизни давом эттираверамиз.

Ким кимдир? Who is Who?Добавить персону