Kun.uz Интернет нашрининг журналисти Ўткир Жалолхонов бугун 3 июлда “Шаҳаншоҳ. Яна Путин ва референдум ҳақида” сарлавҳали мақоласини эълон қилиб, биринчи марта расмий оммавий ахборот воситасида Россияда “путинпарастлик” борлигини очиқча ёзди.
Ҳамма гап шундаки, унинг фикрлари тўппа-тўғри. Аммо, ҳақиқатни ҳам кимдир ёзиши керак-ку?!
Бу мақоланинг асосий фикри қуйидаги сўзлардадир:
“2010 йилда Путинга қарши бутун бошли putinvotstavku.org сайти ишга туширилиб, унда Путиннинг ҳукуматдан кетишини қўлловчилардан имзо йиғилади. Сайтда «Путин кетиши керак» сарлавҳали баёнот ҳам эълон қилинган. Баёнотда жумладан шундай дейилганди: «Ҳалокатга юз тутаётган ижтимоий-сиёсий рус жамиятининг архитектори – Владимир Путин. У амалда ҳукумат тепасида турар экан ҳеч қанақа ислоҳот қилиб бўлмайди. Путинпарастликдан қутулиш янги эркин Россия тузиш йўлидаги энг муҳим қадам бўлади».
Баёнотда Россиянинг биринчи президенти Борис Ельцин ҳам танқидга олинган ва у ўз дахлсизлигини ўйлаб, Путинни ўрнида қолдиргани иддао қилинган. Ўша вақтда амалдаги президент бўлган Дмитрий Медведев эса «гапга кирадиган болакай»га қиёсланади. Бу кампания ташаббускори Андрей Пионтковский экани, баёнот матни муаллифи эса афсонавий шахматчи Гарри Гаспаров экани айтилади. Бу ҳаракатни кейинчалик (2015 йил) Кремль яқинида отиб кетилган Борис Немцов ҳам қўллаганди.
Хуллас, рус халқи катта танловни амалга оширди. Қандай ҳаётни танлаш эса уларнинг ўзига боғлиқ. Нима бўлганда ҳам, тинчлик бўлсин...”
Хуллас, Ўзбекистонда ҳам Владимир Путин замонида ўртага қўйилган фикрлар тилга олинаётгани тўғри. Аммо, қизиқ, Шавкат Мирзиё кеча Владимир Путин билан телефонда гаплашиб, уни табриклаган пайтида, бу фикрларни тилга олдимикан?