16 June 2020
12:55 - Тошкентда икки ҳафтада гиёҳвандлик воситалари ноқонуний савдоси билан боғлиқ 74та факт аниқланди
Жорий йилнинг 1 июнь кунидан 14 июнга бўлган давр ичида Тошкент шаҳар ИИББ ва унинг туман бўлинмалари ходимлари томонидан гиёҳвандлик воситаларининг ноқонуний савдоси билан боғлиқ 74та факт аниқланди. Барча аниқланган фактлар бўйича жиноий ишлар қўзғатилди.

Пойтахт ИИББ хабарига кўра, жорий ойнинг бошидан ўтган 14 кун ичида “Қорадори-2020” тезкор-профилактик тадбирлар давомида жиноят қидирув ходимлари ва профилактика инспекторлари томонидан гиёҳвандлик ўсимликлари етиштириш билан боғлиқ 8та факт аниқланди. Мазкур фактлар асосида Жиноят кодексининг 270-моддаси (“Тақиқланган экинларни етиштириш”) бўйича жиноий иш қўзғатилди.

Жиноят кодексининг 276-моддаси (“Гиёҳвандлик воситалари, уларнинг аналоглари ёки психотроп моддаларни ўтказиш мақсадини кўзламай қонунга хилоф равишда тайёрлаш, эгаллаш, сақлаш ва бошқа ҳаракатлар”) бўйича 56та жиноий иш, 273-моддаси (“Гиёҳвандлик воситалари, уларнинг аналоглари ёки психотроп моддаларни ўтказиш мақсадини кўзлаб қонунга хилоф равишда тайёрлаш, олиш, сақлаш ва бошқа ҳаракатлар қилиш, шунингдек уларни қонунга хилоф равишда ўтказиш”) бўйича эса 10та жиноий иш қўзғатилди.

Ноқонуний савдодан жами 3 500 граммдан ортиқ гиёҳвандлик воситалари мусодара қилинди, уларнинг аксариятини марихуана, кўкнор ва гашиш ташкил қилди.

Бундан ташқари, шу давр ичида олиб борилган профилактик тадбирлар давомида кучли таъсир қилувчи тиббий препаратларнинг ноқонуний савдоси билан боғлиқ фактлар бўйича 6та жиноий иш қўзғатилди. Ноқонуний савдодан 151та “Тропикамид” ҳамда таркибида “прегабалин” бўлган 209та препарат мусодара қилинди, дейилади Тошкент шаҳар ИИББ ахборот хизмати маълумотида. // Kun.uz

Ким кимдир? Who is Who?Добавить персону