23 May 2020
22:26 - Zafarbek Solijonov: Сардоба. Экпертлар. Саволлар... Нега?

Айни вақтда биз – жамоатчилик учун Сардобада уйсиз қолган ватандошларимиз тақдири муҳим бўлиши керак. Бошқа нарсаларга бутунлай чалғиб, юртдошларимиз аҳволи бизни бефарқ қолдирмасин. Энг камида уларнинг ўрнига ўзимизни қўйиб кўрайлик, байрам кунларда... Мен шу вақтгача ОАВларда чиққан экспертларнинг таҳлиллари билан танишиб чиқдим. Бу бўйича энг муҳимларини айтмоқчиман.

Абдуқаҳҳор Иминохуновга кўра, сув омбори лойиҳаcи техник шартлари жамоатчиликка ошкор қилиниши керак эди. Соҳа мутахассислари тажрибасидан келиб чиқиб ўз фикрини билдирган бўларди. Яна бир муҳим савол: қуриш нима учун айнан “Ўзбекистон темир йўллари”га берилди? Сув ва энергетика бўйича алоҳида ташкилотлар бор эди-ку. Энг қизиғи, “Ўзбекистон темир йўллари” ҳам нега айнан бу лойиҳани ўзи қурмай, субпудратчиларга бериб юборди?

Улар эса ўз навбатида бошқа қурилиш билан шуғулланувчи компанияларга берди. Нега тўғридан-тўғри шу компанияларга берилмадида, орасига воситачилар тиқиштирилди? 404 миллион долларнинг қанча қисми айни шу компанияларгача етиб борди? Бинони бузмасдан унинг таркибини, қанча материал сарфланганини билиш методлари бор. Шунга қараб лойиҳага аслида неча пул сарфланганини билиб олиш мумкин. Терговда иқтисодий зараридан кўра инсонларнинг ҳаётига хавф биринчи навбатда ҳисобга олиниши керак.

Қанча миқдорда ва қайси тур тупроқ ишлатилган? Тупроқ қаердан олиб келинган? Ишлатилган тупроқ пулига арзийдими? Шу ва бошқа саволларга тўлиқ жавоб олсак, лойиҳа ростан ҳам 404 миллион долларга арзиш-арзимаслигини билса бўлади. Ота бош бўлган ташкилот тендер эълон қилсаю боласи бош бўлган компания уни ютаверса, бир мартамас қайта ва қайта, бу мантиққа умуман зид. Аҳолини табиий офатлардан огоҳлантирувчи қурилмалар қани? Офат сабаб одамлар ҳалок бўлди.

Сарвар Қурбоновга кўра, “Сардоба” табиий материаллардан фойдаланиб қуриладиган энг содда кўринишдаги сув омбори ҳисобланади. Лойиҳада айтилган тупроқ билан сув омборига ишлатилган тупроқ тури бир-бирига мос келиши текширилиши керак. Сув омборини қурганлар, уни назорат қилаётган шахсларнинг мутахассислигини ҳам текшириб кўриш керак. Бундай сув омборининг четларига, тупроқ остига намлик даражасини кўрсатиб турувчи сенсорлар ўрнатилади. Намлик тупроқни емиришни бошлаганда сенсорлар марказга – назорат бўлмасига хабар бериб боради. Шунда сув сизиб чиқишини аввалроқ билса бўлади. Лойиҳанинг бу жиҳатлари ҳам текширилиши керак.

“Ўзингга қара” деган сигнал келса, шунга қараб сувни музлатиш ёки тупроқни алиштириш каби йўллар билан фалокатнинг олдини олиш мумкин эди. Тўғон қанча куб метр сувга чидамли бўлган ва охирги вақтда унда қанча сув сақланган, бу ҳам текширилиши шарт. Қурувчи ташкилотларнинг сони кўп бўлиши ҳам назоратни сусайтиради. Буни ҳам ҳисобга олиш лозим эди.

Deltares экспертлари BBC UZBEK журналисти Ибрат Сафога улар берган маълумот ҳукуматга қарашли Дунё ахборот агентлигида фожиага кўп ёққан ёмғир, шамол тўлқини ёки қувурларнинг ички емирилиши туфайли содир бўлган бўлиши мумкин деб нотўғри талқин қилинди, деб айтди. Оддий сайтлар, каналлар бир хато қилса, АОКА 5-6 варақда норозилик хати юборади. Кўриб келяпмиз. Спекуляция қилганларга қандай чора кўрилади? Эксперт Санжай Гири улар тўлиқ хулоса бериши учун ҳукумат тўлиқ маълумотлар тақдим қилиши лозимлигини айтмоқда. Хўш, бизникилар улар истаган ҳамма маълумотни бера оладими?

Сув омбори бузилиши сабаб ҳудудда жуда кўплаб муаммолар юзага келди. Қабристон, ҳожатхоналар ювилиб кетди. Ҳар хил зарарли бактериялар тарқагани аниқ. Сардоба сув омборининг тўғони бузилганидан сўнг, Қозоғистоннинг Мақтаарал тумани ҳудудига балиқ оқиб келган. Балиқ намуналари 12 май куни ветеринария лабораториясига юборилган. Таҳлиллардан сўнг балиқнинг ички органларида бир неча турдаги бактериялар топилган. Шу сабабли туман ҳудудида балиқ овлаш тақиқланди. Бизникилар бу ҳақда бирор хабар берадими? Бу бўйича қандай ишлар кетяпти?

Сизларда қандай фикр ва саволлар бор? Гапиринг, жим турманг!

Манба - t.me/zafarbeksolijonov

Ким кимдир? Who is Who?Добавить персону