Фаластин президенти Маҳмуд Аббос Фаластин миллий маъмурияти Исроил билан давом этаётган можарони иккита давлат тузиш ҳақидаги қарор асосида ҳал этишга тайёр эканини билдирди.
“Исроил билан бўлаётган можарони иккита давлат тузиш бўйича қарор асосида ҳал этишга тайёр эканимизни яна бир бор маълум қиламан”, деди у.
Ўтган сешанба куни Фаластин раҳбарияти учрашув ўтказган эди. Мазкур учрашувда Исроилнинг Фаластин ерларини аннексия қилиш режасига қарши қандай чора кўриш масаласи муҳокама этилди. Ушбу учрашув “Фаластин“ телеканалида намойиш қилинди.
“Музокараларни “халқаро тинчлик конференцияси” доирасида халқаро тўртлик шафелигида ўтказиш лозим”, деди Аббос.
Олтинчи май куни АҚШнинг Исроилдаги элчиси Дэвид Фридман “Исраэль ха-Йом“ газетасига интервью бера туриб, Дональд Трамп маъмурияти Иордан дарёсининг ғарбий қирғоғидаги қишлоқлар ҳамда Иордан водийси устидан Исроил суверенитетини тан олишга тайёр эканини айтган эди. Элчининг таъкидлашича, расмий Вашингтон Исроилнинг ушбу ҳаракатларини қўллаб-қувватлайди.
АҚШ президенти Дональд Трамп 28 январда муаммони тинч йўл билан ҳал этиш бўйича “аср битими” режасини тақдим этган эди. Оқ уй режаси бўйича Қуддус шаҳри Исроилнинг ягона ва бўлинмас пойтахти деб тан олинади ҳамда Исроилга Иордан дарёсининг ғарбий қирғоғидаги Фаластин ерларини аннексия қилиш ва Иордан водийси устидан суверенитетини ўрнатиш имконини беради. Бундан ташқари, демилитаризация қилинган Фаластин давлатини тузиш (ўз чегараларини ва ҳаво кенгликларини ўзи назорат қилолмайди) таклифи илгари сурилмоқда. Фаластиннинг келгуси пойтахти сифатида Қуддус шаҳрининг шарқий қисмида жойлашган Абу Дис қишлоғи таклиф этилмоқда.
Фаластинликлар ва бошқа қатор мамлакатлар ушбу режани қабул қилишмади. Уларнинг фикрича, ушбу режа фаластинликларнинг БМТ резолюциясида кўрсатилган ҳудудларга бўлган ҳуқуқидан маҳрум этади. Фаластин миллий маъмурияти раҳбари Маҳмуд Аббос ҳам ушбу режани рад этди. Унинг таъкидлашича, фаластинликлар 1967 йилдаги чегараларини тан олишни талаб қилмоқда. Унда Қуддус шаҳри Фаластин пойтахти қилиб кўрсатилган. // ЎзА