17 May 2020
18:58 - Хитойнинг етакчи эпидемиологи: “Уҳан раҳбарияти коронавирус кўламини дастлаб сир сақлаган”
Хитойлик эпидемиолог ва пульмонолог Чжун Наньшань CNN телеканалига берган интервьюсида коронавирус илк бор қайд қилинган Уҳан шаҳри раҳбарияти касаллик кўламлари ҳақидаги тафсилотларни дастлаб сир сақлаганини маълум қилди.

Телеканалнинг эслатишича, айнан Чжун Наньшань Уҳанга 18 январда келган ва 2 кун ўтиб коронавирус одамдан одамга юқишини очиқча тасдиқлаган. Бунгача Уҳан раҳбарияти бунинг исботи йўқлигини ва вирус тарқалиши “олдини олиш ва назорат қилиш мумкинлигини” ҳафталаб таъкидлаб келган.

“Ўша вақтда маҳаллий ҳокимият ҳақиқатни айтишни истамаган. Коронавирус авж олиши бошида улар бу ҳақида оғиз очишмаган ва ўшанда мен, эҳтимол бизда кўпроқ одам касалланаётганини айтганман”, деб айтиб ўтган интервьюда мутахассис.

Эпидемиологнинг таъкидлашича, хорижда касалланганлар қайд қилинаётгани ҳақида маълумотлар пайдо бўлаётган бир вақтда Уҳанда вирусга чалинганлар расмий сони 10 кун давомида ўзгармасдан 41 нафарлигича қолгандан кейин унда шубҳа пайдо бўлган. Унинг айтишича, у маҳаллий раҳбариятни саволларга тутавергач, улар охир-оқибат “истамайгина” ҳақиқий маълумотларни тақдим қилишган: 20 январь ҳолатига кўра, Уҳанда касалланганлар сони 198 нафарга етган, 3 киши ундан вафот этган. Бундан ташқари, 13 нафар тиббий ходим вирусга чалингани ошкор бўлган.

Чжун Наньшань эпидемия бошида касалланганлар сони камайтириб кўрсатилганини тан олса-да, у Хитой ҳукуматининг коронавирус бўйича расмий статистикаси ишончсизлиги ҳақидаги айбловларни рад этмоқда. Жумладан, бундай айбловларни АҚШ президенти Дональд Трамп билдирган.

Эпидемиологнинг таъкидлашича, Хитой ҳукумати 17 йил аввал юз берган атипик зотилжам эпидемиясидан сабоқ чиқарган. Ўшанда Пекин бу ҳақида бир неча ой оғиз очмаган. Унинг айтишича, бу сафар марказий ҳокимият жазолаш таҳдиди остида барча шаҳарлар ва ҳукумат идораларидан касалланганларнинг ҳақиқий сонини маълум қилишни талаб қилган.

“Демак, айтиш мумкин, 23 январдан бошлаб барча маълумотлар ҳаққоний бўлган”, деб қўшимча қилган мутахассис.

Олим, шунингдек Трамп ва АҚШ Давлат Котиби Майк Помпеонинг коронавирус лабораториядан чиққани ҳақидаги тахминларини рад этган. У бу борада Уҳандаги вирусология институти лабораториясига раҳбарлик қилувчи “яхши дўсти” Ши Чжэнлининг сўзларини келтириб ўтган. Ши Чжэнли юқорида келтирилган тахминларни “тутуриқсиз” деб атаган, чунки лабораторияда сунъий вирусни яратиш учун на инсон ресурслари ва на ускуналар мавжуд. Бундан ташқари, Чжун Наньшаннинг таъкидлашича, февраль бошида Хитойнинг мутасадди идоралари ушбу лабораторияда текширув ўтказган ва вирус “чиқиб кетгани”нинг ҳеч қандай аломатини топмаган.

Чжун Наньшань Хитойнинг коронавирусга қарши кураш бўйича махсус комиссияси раҳбари бўлиб, у 2003 йилда атипик зотилжамни келтириб чиқарган SARS-CoV коронавирусини аниқлаган. Олим ўшанда Хитой ҳукумати томонидан касаллик хавфи камайтириб кўрсатилган расмий маълумотларни инкор этгани билан халқаро миқёсда танилган. Таъкидланишича, ОАВда уни атипик зотилжам эпидемияси вақтида олиб борган фаолияти учун “SARS қаҳрамони” деб аташади. // Kun.uz

Ким кимдир? Who is Who?Добавить персону