Kun.uz таҳририятига Андижон шаҳрида фаолият кўрсатувчи «Озорные Почемучки» нодавлат таълим муассасасидан мурожаат келиб тушди. Ушбу болалар боғчасининг ҳисоб рақамига ота-оналардан март ойининг 12 куни учун бадал пули тушаётгани, лекин тушаётган барча пул маблағларини Андижон шаҳар солиқ инспекцияси инкасса орқали олиб қўяётганидан шикоят қилинган.
«Хусусий боғчамиз 2017 йил январь ойидан иш фаолиятини бошлаган. 140 нафар тарбияланувчи 7та гуруҳда тарбияланмоқда. Шу кунгача солиқ бўйича муаммо бўлмаган эди. 7 апрель куни шаҳар солиқ инпекциясидан Шахсий кабинетимга 2018 йил учун ягона солиқ тўлови учун 31 миллион сўм миқдорида қарздорлик хати келди.
Қарздор бўлишимиз мумкин эмас деб, қайта ҳисобот жўнатдим. 13 апрель куни ҳисоботни тўғрилаб қайта жўнатганимда, хусусий боғчаларга берилган имтиёзни кўрсатиб ўтдим. 04,05
Бироқ, шаҳар солиқ инспекциясида мен жўнатган сўнгги ҳисоботга эътиборсизлик билан қарашди ва 20 апрель куни ҳисоб рақамимиздан 3 685 335 сўм миқдорида пул маблағлари инкасса орқали олинди.
Бу ҳолатга изоҳ олиш учун шаҳар солиқ инспекцияси камерал бўлим бошлиғи билан телефон орқали боғландим. Янги ҳисобот жўнатганимни, қарздорлик йўқлигини айтдим ва нима учун инкасса қўйилганини сўрадим. Мутасадди менга ҳозирча база вақтинча ишламаётганини ва ишлаши билан бу ишни шахсан ўзи охирига етказишини айтди.
21 апрель куни боғча мудираси менга телефон қилиб, яна ҳисоб рақамдан 720 минг сўм пул маблағлари олингани ҳақида СМС-хабар келганини айтди. Раҳбаримдан роса дакки эшитдим. Ўша пайтнинг ўзидаёқ шаҳар солиқ инспекциясига бориб, аниқлик киритишимни тайинлади. Инспекцияга бордим. Ўша мутасаддига ҳисоботни тўғрилаганимни, солиқ бўйича имтиёз борлигини айтиб, нима учун бундай ҳолат бўлганини сўраганимда, у «Андижонда сизларга ўхшаган икки мингдан ортиқ ташкилот бор. Ҳар бирини кўриб чиққани вақт йўқ», деб айтди.
21 апрель куни ҳисоб рақамимиздаги инкасса тақиқини олиб ташлаш учун «отзыв» (Бухгалерия ҳисоботида йўл қўйилган камчиликни қайта тўғрилаш учун ҳужжат)ни солиқ инспекцияси раҳбаридан тортиб, барча мутасаддиларга имзолатиб ўша масъул ходимга топширдим. Энди инкассани ечиб, олинган пул маблағларини қайтаринглар дедим. Рози бўлишди. Лекин, банкдан «картотека» (Солиқ инспекцияси томонидан қўйилган тўлов талабномаси) кераклигини айтишди. «Ҳамкорбанк» операторидан телеграм орқали олиб, солиқ инспекцияси ходими Муҳаммадзокир Абдулҳаевга ташлаб бердим. Соат 15:30лар атрофида эди. У телеграм орқали жўнатган хабаримни очмади. Кейин 5 марта қўнғироқ қилдим. Жавоб бермади.
Кечки пайт хабаримни ўқиб, жавоб ёзди: «Опажоним, телефон қилган эдингиз, ололмадим. Улгурмай қолдик. «Отзыв» эрталабга бўладиган бўлди, узр», деган хабар жўнатди. Боғча мудирасига эрталабга ҳал бўлишини айтдим. Лекин 22 апрель куни кечки пайт яна СМС-хабар келди. Бу сафар ҳисоб рақамдан 1 440 000 сўм ечиб олинган экан. Яна солиқ инспекциясининг камерал бўлим бошлиғига қўнғироқ қилдим. Бўлим бошлиғи «Олиб ташлашмаган эканми? Ҳозир аниқлик киритаман» деб айтди. Бироз вақт ўтиб қўнғироқ қилиб, бўлимдаги мутасаддилар ишни охирига етказмаганини айтди. Яна банкдан картотека олиб беришимни айтишди. Банк билан боғлана олмадим. Карантин пайти бўлса, кўчага чиқишнинг иложи йўқ-ку? Мен яшаётган уй, банк ва солиқ инспекцияси орасида анча масофа бор.
Ходимлар иш ҳақини сўраб қўнғироқ қилишмоқда. Муаммо ҳал бўлмагани учун сизларга мурожаат қилдик», дейди «Озорные Почемучки» НТМ ҳисобчиси Эльвина Галиулина.
Ҳисобчи билан иш жойидаги шахсий комьютеридан «Банк клиент» тизими орқали солиқ инспекцияси томонидан олинган пул маблағлари тўғрисидаги маълумотларни кўздан кечираётган пайтимизда 24 апрель куни яна 1 568 005 сўм миқдоридаги пул инспекция томонидан ечиб олинганига гувоҳ бўлдик. Ечиб олинган маблағлар жами 7 413 340 сўмга етган.
«Таълим муассасасидаги ишчи-ходимларга март ойи учун 12 кунлик иш ҳақи бериш мақсадида боғча мудираси имконияти бор тарбияланувчиларнинг ота-оналарига қўнғироқ қилиб, шу ойдаги 12 кунлик бадал пулини ҳисоб рақамига ўтказиб беришини сўраб илтимос қилгани учун йиғилган пуллар эди бу. Ота-оналарни ҳам тўғри тушуниш керак-ку? Карантин пайтида кимдадир имконият бор, кимдадир йўқ. Биз ҳам ҳисоб рақамда тўпланган пулларни ходимларимизга ҳеч бўлмаганда, 400-450 минг сўмдан иш ҳақи қилиб беришни мўлжаллагандик», дейди ҳисобчи.
Масалага аниқлик киритиш мақсадида Андижон шаҳар солиқ инспекциясида бўлиб, камерал назорат бўлими бошлиғи Мирзағолиб Мирзағаниевдан изоҳ олдик.
«Ҳақиқатан ҳам, «Озорные Почемучки» боғчаси ҳисобчиси Эльвина Галиулина инспекцияга келиб, «отзыв» билан боғлиқ ишларни якунлаган. Ҳисобчи томонидан жўнатилган ҳисобот нотўғрилиги учун қайта тўғриланиб жўнатилган эди. Айни пайтда картотека «отзыв»ини электрон ҳолда банкка етказиш жараёнида муаммолар борлиги учун вақтида амалга оширилмай қоляпти. Шунинг ҳисобига ҳозир ҳам картотекаси ижрода турибди», дейди Мирзағолиб Мирзағаниев.
Хулоса
Шундай қилиб, ҳисобчи ҳисобот топширишда адашди ва оқибатда унга 7 апрель куни солиқ идорасидан 10 кун ичида қайта ҳисобот ва ёки асослантирувчи ҳужжат тақдим этиш сўралди. Бухгалтер 13 апрель куни ҳисоботни қайта топшириб, хусусий боғчаларга берилган имтиёзларни кўрсатди.
Қайта юборилган ҳисобот солиқ идораси томонидан ўрганиб чиқилмади ва муассаса ҳисоб рақамига инкасса қўйилди. 20 апрелдан ҳисоб рақамдаги пуллар инкассага тушди. 21 апрель куни боғча ҳисобчиси «отзыв» ҳужжатини расмийлаштирди ва унга инкасса тақиқи олинишини айтишди. Бироқ, 23-24 апрель кунлари боғча ҳисоб рақамига тушган пуллар яна инкасса орқали ушлаб қолинди.
Карантин пайтида аҳолининг озиқ-овқат маҳсулотларига эҳтиёжи янада ошган. Агар ходимлар иш ҳақини ўз вақтида олмаса, хонадонида қийинчиликлар юзага келиши тайин. Андижон шаҳар солиқ идораси ходимларининг ўз ишига масъулиятсизлик билан ёндашиши оқибатида мактабгача таълим муассасаси ходимлари март ойи маошини кутиб қолишди. Солиқ ходимлари билан 24 апрель куни суҳбатлашганимизда муаммоли ҳолат бўлганини тан олишди. Бироқ масала ўша куни ҳам ҳал бўлмаган, мактабгача таълим муассасасининг асоссиз равишда олиб қўйилган пуллари ортга қайтарилмаган эди.
Сарварбек Назаров
Kun.uz мухбири
“ҲАРАКАТ”: Кутилмаган танқидий мақолада Kun.uz Интерент нашри бу хабарга анчагина расмий ҳужжатлар илова қилган. Улар билан албатта танишиш керак. Истовчиларга бу хабарнинг адресини илова қилмоқдамиз:
- https://kun.uz/news/2020/04/26/andijonda-soliq-idorasi-masuliyatsizligi-tufayli-tadbirkor-ziyon-kormoqda-xodimlarning-maoshi-kechikmoqda