Ўзбекистон Республикаси президентининг «Тиббий-санитария соҳасида кадрларни тайёрлаш ва узлуксиз касбий ривожлантиришнинг мутлақо янги тизимини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори имзоланди.
Президент қарорига кўра, Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ва Инновацион соғликни сақлаш миллий палатаси билан биргаликда:
а) уч ой муддатда жамоат саломатлиги ва санитария-эпидемиология назорати хизматлари соҳасида олий маълумотли кадрларни тайёрлаш бўйича алоҳида тиббиёт олий таълим муассасасини ташкил қилиш ва ўқув жараёнини 2020/2021 ўқув йилидан бошлашни назарда тутадиган Ўзбекистон Республикаси Президенти қарори лойиҳасини Вазирлар Маҳкамасига киритади;
б) 2021 йил 1 январга қадар:
- Н.И.Пирогов номидаги Россия миллий тадқиқот тиббиёт университети ҳамда Туркия Бахчишеҳир университетининг филиаллари ва клиникаларини Ўзбекистонда ташкил этиш юзасидан;
- мамлакатимиздаги тиббиёт олий таълим муассасаларида халқаро рейтингларга кирувчи нуфузли хорижий тиббиёт таълим муассасалари билан ҳамкорликда қўшма таълим дастурлари асосида халқаро факультетлар, шунингдек, филиалларни очиш юзасидан таклифларни Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига киритади.
Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Вазирлик Тошкент шаҳридаги Халқаро Вестминстер ва Акфа университетларини жалб қилган ҳолда ушбу университетлар ҳамда тиббиёт олий таълим муассасаларида 2020/2021 ўқув йилидан бошлаб соғликни сақлаш соҳаси учун менежер мутахассисларни (Master of Healthcare Administration) тайёрлаш бўйича магистрлик йўналишини жорий қилиш юзасидан зарур чора-тадбирларни амалга оширади.
Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги 2020/2021 ўқув йилида соғлиқни сақлаш соҳаси учун 20 нафар менежер мутахассисларни магистрлик йўналиши бўйича давлат гранти асосида тайёрлаш билан боғлиқ харажатларни қоплаш чораларини кўради. // Kun.uz