Бир ҳафта аввал Москвадаги таниқли сафдошимиз, дўстимиз Баҳром Ҳамроев коронавирус юқтириб олгани маълум бўлди. Бу ҳақда Фейсбук ижтимоий тармоғидаги саҳифасида Қозондаги 7-шифохонада даволанаётганини айтган Баҳромнинг аҳволи яхши экани, унинг дардидан безовта бўлаётганларга миннатдорчилик билдиргани маълум бўлди.
Билмаганларга билдириш керакки, Баҳром Ҳамроев 1989-1991 йиллари Ўзбекистоннинг ҳозирги Навоий вилоятида “Бирлик” Халқ Ҳаракатининг асосларини яратиш билан шуғулланган ва кўп фойдали ишлар қилган. Аммо, 1991 йилнинг сўнги кунлари Ўзбекистоннинг махсус хизмати ходимлари Бишкекнинг марказидан Ўзбекистон Инсон Ҳуқуқлари Жамиятининг раиси Абдуманноб Пўлатни ўғирлаб келишгандан кейин, Баҳром Бишкекдан Москвага қочишга мажбур бўлган.
Айнан шу ерда ўша ерга оиласи билан келган “Бирлик” лидери Абдураҳим Пўлат билан бирга ишларини давом эттирган. Кейин улар Бокуга келиб, шу ерда фаолиятини давом эттиришга бошлашди. Бироқ 1992 йилнинг ёз ойларида Президент Элчибей ағдарилгач, Баҳром яна Москвага кетишга мажбур бўлди. Унинг фаолиятини ўша даврда, Туркияга кўчиб кетган Абдураҳим Пўлат молиялаштириб турган. Ҳозир унинг ўзи фаолиятини қўллаб-қувватлайдиган манбалар яратиб, улар воситасида ишларини юритмоқда.
Нима ҳам дердик, дўстимизга Aллоҳ шифо берсин! Сафларимизга тезроқ қайтиб, ўзининг олижаноб ишларини давом эттирсин.