Дунёда коронавирус вабоси ҳукмронлик қиларкан, Ўзбекистонда ҳам қарийб бир ҳафтадан бери карантин, одамлар деярли уйда ўтиришибди. Мамлакатда ҳукумат касалликнинг кенг тарқалиб кетишидан хавотирда, ижтимоий хизмат марказлари - дорихона, банк, озиқ-овқат дўконларидан ташқари барча муассасаларга қулф урилган. “Ҳаракат” мухбири вазиятдан фойдаланиб, мамлакатдаги фуқаролик жамияти вакилларининг мавжуд вазият, кўрилаётган чора-тадбирлар ва яқин истиқболдаги муаммолар борасидаги фикрлари билан қизиқди, вилоятдаги фаолларимиз билан билан телефонда суҳбатлашди.
Ўтказилган кичик тадқиқот натижаларини кутилмаган, деб бўлмайди. Масалан, Ўзбекистондаги таниқли “Эзгулик” жамиятининг водий вилоятлардаги фаоллари ҳукумат кўраётган чора-тадбирлар умуман олганда тўғри экани, бироқ оддий фуқароларда ижтимоий масъулият ҳисси ҳали шаклланмагани, белгиланган қатъий тартибларга амал қилмай жарималарга, жозоларга тортилаётганларини айтидалар.
Водийлик фаоллар мухбиримиз билан Фарғонанинг Ёзёвонида онахоннинг Умра зиёратидан вирус юқтириб келгани ва кичик тўй қилиб, мамлакатга катта зарар келтирганини муҳокама қилишди.
“Албатта, муқаддас Умра зиёрати эътиқод сифатида инсоннинг узвий ҳуқуқи эканини ҳуқуқ фаоли сифатида ҳам, оддий инсон сифатида ҳам қадрлаймиз. Аммо дунё таҳлика остида турган бир пайтда маърака ўтказиб, яқинлари ва халқни хавф остига қўйиш маъсулиятсизлигини оқлаш қийин” дейди “Бирлик” ва “Эзгулик”нинг Фарғонадаги раҳбари Адҳам Муҳитдинов.
“Карантин таътилларидан фойдаланиб, кўчатлар экяпман. Китоб ўқиш, интернет материалларини таҳлил қилишга имкон бўлганидан ҳам фойда чиқаришимиз керак. Мени вирус балоси кетганидан кейинги ижтимоий вазият, бунинг ортидан келадиган иқтисодий бўҳрон қизиқтиради. Манаман деган давлатлар вирус олдида чўккалаб қолди. Ишқилиб, бу офатдан жуда кам йўқотишлар билан чиқайлик. Барчани қатъий тартибларга амал қилишга чақираман” дейди Сирдарёдан Исроил Ризо.
“Маҳаллий ҳокимят вакилларининг карантин давридаги машаққатларини уларни кўрган одамгина ҳис қила олади. Шунга қарамай одамларимизнинг бу офатларга енгил-елпи қараётгани ёмон. Бу борада жуда кучли ижтимоий жипслик зарур” дейди Бойсундан Абдуҳаким Пўлат.
“Бошқаларни билмади-у, мен бу жараёндан катта фойда билан чиқмоқчиман. Аввало, уйда ўтирганимдан фойдаланиб, дунёдаги ижтимоий-сиёсий вазият, унинг Ўзбекистонга таъсири, пандемиядан кейинги ижтимоий муносабатлар ва сиёсий вазиятни таҳлил қилишга имкон бўлмоқда. Бундан ташқари соғлиғим билан жиддий шуғулланиб, кўпроқ пиёда юришга ўзимни мажбурлаяпман. Ҳамкасбларим билан гаплашиб турибмиз. Аксарияти ҳукумат олиб бораётган ишларни маъқуллашяпти. Ҳатто бугун биттаси “Ана ҳатто Доналд Трамп ҳам аввалига ғўддайиб юрганди, энди унинг ўзи америкаликларга мурожаат қилиб, ҳамма уйда ўтирсин” деди. Демак, ҳукуматимизнинг карантин сиёсатида қандайдир яхшиликлар бор. Ҳукумат сал кечикди, аввалроқ бу карантинни қилиши керак эди, дегувчилар ҳам бор” дейди “Эзгулик” жамияти раиси Абдураҳмон Ташанов.
Афсуски, фуқарлолик жамияти вакиллари орасида жаҳон пандемиясига глобал тарзда ёндашиб, вазиятни таҳлил қилиб бера оладиган мушоҳадалар кам. Уларнинг айримларида саросима сезилади, айримлари карантин шартларини оғир дейишмоқда. Бироқ умумий фикрда якдиллик бор, яъни Ўзбекистон ҳукумати таъкидлаётгани каби муаммони фақат жипслашув ва темир интизом асосида енгиб ўтамиз деган хулосада жон бор.
“Ҳукумат Ўзбекистондаги талофат кўлами, пандемия миқёсини яширмаяптими? ОАВда гапирилаётган гаплар реалми?” деган саволларга респондентларимиз: “Пандемият учун токи ҳукумат жавобгар экан, алдашдан нима маъно. Агар фактлар ёлғон бўлса, ҳукумат ўзини алдаган бўлади-ку” қабилида жавоб берганлар ҳам бўлди.
Аммо, кўпчилик фаолларимиз ҳукумат қилаётган ишлар кечга қолганини ва улар етарсизлигини ҳам таъкидлашни унутишмади. Демак, келажакда нималар қилиш хусусида жиддийроқ суҳбатлар ўтказиш керак. Фаолларимиз айнан шундай фикрни ҳам билдиришди.