Айни пайтда Андижон вилоятида 3 нафар, Наманганда эса 6 нафар кишига коронавирусдан зарарланиш ташхиси қўйилган. Наманган вилоятидаги беморлардан бири, 72 ёшли аёл вафот этган.
Наманган шаҳрида яшовчи 1969 йилда туғилган аёл Туркия орқали умра зиёратига бориб келгач, ўзидан ташқари яна 4 нафар оила аъзосига – онасига, қизига, набирасига ҳамда синглисига коронавирус инфекцияси юқтирган. Унинг сурункали касаллиги бор бўлган онаси миокард инфарктидан вафот этди.
Яна бир фуқаро Истанбул-Тошкент рейси билан учиб келиб, уй карантинида сақланган, вилоят юқумли касалликлар шифохонасида карантин кузатувида бўлиб, вилоят Санитария-эпидемиологик осойишталик маркази вирусология лабораторияси таҳлил натижаларига кўра, коронавирус инфекцияси борлиги аниқланган.
Наманган вилоят ҳокимлиги матбуот хизматининг Kun.uz’га маълум қилишича, коронавирус инфекцияси аниқланган 5 киши айни вақтда вилоят юқумли касалликлар касалхонасида даволанмоқда.
Андижонда 3 кишида коронавирус аниқланган, эр-хотин (уларнинг иккиси ҳам шифокор) ва унинг талаба қизида инфекция тасдиқланган.
Андижон вилояти ҳокимлиги матбуот хизмати маълумотига кўра, касаллик ташхиси қўйилган аёл 10 март куни Қирғизистоннинг Ўш шаҳрига бориб, 11 март куни қайтган. Оиланинг Ўш шаҳрида тиббиёт институтида ўқийдиган қизи ҳам шу шаҳарда 10-18 март кунлари бўлиб, Андижонга қайтган.
Аёлнинг турмуш ўртоғида касаллик аломатлари пайдо бўлганидан сўнг ўтказилган тиббий текширув натижасида оиланинг 3 аъзосида ҳам коронавирус тасдиқланган.
Наманган вилояти ҳокими Хайрулла Бозоровнинг маълум қилишича, коронавирусга чалинган андижонлик Фарғонада курсдошлар учрашувида иштирок этган. Бу учрашувда наманганлик шифокорлар ҳам бўлган.
«Афсуски, кўп фуқароларимиз бу касалликнинг юқумли эканлигини, махсус комиссия қўйган карантин талаблари, соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан берилган тавсияларни тушуниб етмаяпти.
Шунча тарғибот-ташвиқот ишлари амалга оширилаётганига, турли йиғилиш ва маросимлар ўтказиш тақиқланганига қарамасдан, олий маълумотли икки нафар фуқароларимиз Фарғона вилоятининг Ёзёвон туманига курсдошлар учрашувига борган. Бу ерда Фарғона, Андижон, Наманган вилоятидан келган собиқ курсдошлар кун давомида бирга бўлишган. Улар орасида Андижондан келган коронавирус юқтирган уч нафар фуқаро ҳам бўлган. Оқибатда ана шу учрашувда бўлган барча қатнашувчилар эндиликда карантинга олинди. Ҳозирда улар текширилмоқда. Наманганлик икки фуқаро ҳам карантинда, таҳлил натижалари чиқишини кутяпмиз.
Энг ачинарлиси, улар учрашувдан келиб, яна 47 киши билан мулоқотда бўлган. Тасаввур қилинг, икки киши касаллик юқтириб келиб 47 кишига юқтирса, 47 киши оила аъзоларига юқтирса нима бўлади?», - деди Наманган вилояти ҳокими Хайрулла Бозоров 27 март куни вилоят аҳолисига қилган телемурожаатида.
Андижон вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи Авазбек Абдураҳмонов берган маълумотга кўра, айни пайтда коронавирус инфекцияси аниқланган уч бемор вилоятнинг Хўжаобод тумани юқумли касалликлар шифохонасида даволанмоқда. // Kun.uz
Ким кимдир? Who is Who?Добавить персону
Дадажонов Исмоил
"Бирлик" Халқ Ҳаракати тузилган 1988 йилдан бери унинг фаоли бўлган Исмоил Дадажонов 2003 йили "Бирлик" Халқ Ҳаракати асосида тузилган "Бирл...
Добавить сведения