1. Ўзбекистондаги сиёсий партия лидерлари ва сенаторлар автомобилларнинг нархи ортиши ҳақида ўз фикрларини Kun.uz сайти мухбирига шундай изоҳлашибди.
Ўзбекистондаги сиёсий партия лидерлари ва сенаторлар Kun.uz мухбири билан суҳбатда UzAuto Motors томонидан автомобиллар нархининг оширилишини бир овоздан қоралади ҳамда бу борада ўз норозиликларини билдиришди.
UzAuto Motors енгил автомобиллар нархини кескин ошириши катта норозиликларга сабаб бўлмоқда.
Kun.uz мухбири Ўзбекистондаги бир қанча сиёсий партиялар раҳбарлари ва сенаторлардан бирининг автомобиль нархлари ошишига муносабати билан қизиқди.
Наримон Умаров: «Бу ҳолат монополия юзага келтириши мумкин бўлган салбий ҳолатларнинг ўндан бири»
«Адолат» СДП лидери Наримон Умаров фикрича, UzAuto Motors томонидан халқимиз орасида энг талабгир ҳисобланган бир нечта маҳсулотларнинг нархи ҳеч қандай огоҳлантиришсиз 21 фоизгача оширилиши монополия юзага келтириш мумкин бўлган салбий ҳолатларнинг 10 дан бирини амалда ифодалаб берди.
«Ҳеч қандай муҳокамаларсиз, ўрганишларсиз бу сингари қарорнинг қабул қилиниши аҳоли ўртасида эртанги кунига бўлган ишончсизликка олиб келади.
Автомобиллар таннархининг ошиши катта эҳтимол билан импорт қилинаётган бутловчи қисмлар нархи ошгани билан боғланса керак (суҳбат UzAuto Motors янгиликка изоҳ беришидан олдин ёзиб олинди. – таҳр).
Бу ҳолат ҳалигача маҳаллийлаштириш бўйича корхона олдига қўйилган вазифалар етарли даражада бажарилмаганини ёки фақат қоғозда бажарилганини кўрсатади», деди партия лидери.
Наримон Умаров сўзида давом этаркан, UzAuto Motors`дан қачонгача корхона фойдасини ва ортиқча харажатларни халқимиз бўйнига юклаш билан кун кўриши бўйича изоҳ талаб қилди.
«Маҳсулотлар учун янги бозорлар қидириш, маркетингни тўғри йўлга қўйиш, корхонанинг ортиқча харажатларини чеклаш, раҳбариятни, ходимларни ортиқча рағбатлантиришларни чеклаш орқали ҳам фойдани кўпайтириш мумкин-ку.
Шу билан бирга, UzAuto Motors очиқлик, ошкоралик, рақамли иқтисодиёт каби тушунчалар кун тартибига чиққан шароитда ҳанузгача бутловчи қисмлар етказиб берувчилар ўртасида очиқ танлов эълон қилмаяпти. Шу йўл билан ҳам маҳсулот таннархи анча камайишига эришиш мумкин.
Бир миллион сўм ҳам пул деб ҳисобловчи аҳолининг ўртаҳол қатлами орасида харидоргир бўлган машиналар нархини ошириб, пул топиш асосий муаммоси ҳисобланмайдиган аҳоли харид қиладиган машиналар нархини ошмаслигини қандай тушуниш мумкин? Бу аҳоли қатламлари ўртасидаги тенгсизлик кучайишига олиб келади.
Умуман, UzAuto Motors томонидан қабул қилинган мазкур қарор ноўрин қабул қилинган ва бу ислоҳотларга аҳолининг ишончи пасайишига сабаб бўлишига олиб келади», – деди Умаров.
Улуғбек Иноятов: «Муаммо нархнинг оширилишида эмас, балки оқибатни келтириб чиқараётган сабаблардадир»
ХДП раҳбари Улуғбек Иноятов сўзини ўзи бошчилик қилаётган партия ҳар қандай соҳадаги монополияга қаршилигини таъкидлашдан бошлади.
«Бизнингча, асосий муаммо – нархнинг оширилишида эмас, балки оқибатни келтириб чиқараётган сабаблардадир», деди у.
Партия раҳбари шунингдек, монополиянинг жиддий оқибатлари ва уни тугатиш бўйича ўз таклифларини билдириб ўтди.
«Нархнинг оширилишига энг катта асосий сабаб – монополиядир. Бозоримизда унга нисбатан рақобатнинг йўқлиги нарх оширилиши, маҳсулот сифати билан боғлиқ муаммоларни келтириб чиқаряпти. Бозор иқтисодиётининг энг асосий қонунияти – бу рақобатнинг ривожланишидир. Рақобат бўлмаган тизимдан биринчи навбатда оддий халқ вакилларига жабр етади.
Соҳада рақобат муҳитини ташкил қилиш лозим. Бошқа автомобиль ишлаб чиқарувчи ташкилотларга ҳам имконият берилиши лозим. Бунинг учун четдан кириб келадиган автомашиналарга бож миқдорини қайта кўриб чиқиш, ҳозиргидан пасайтириш зарур.
Энг асосийси, фуқароларга танлов имконияти яратилиши шарт. Қаерда ишлаб чиқарилганидан қатъи назар, улар ўзлари истаган автомашиналарни харид қила олишлари керак.
Агар шу масалалар ҳал этилса, ўзимизда ишлаб чиқарилаётган автомашиналар нархи ва сифатида ижобий ўзгаришлар бўлиши аниқ», – деди Улуғбек Иноятов.
Актам Ҳайитов: «Монопол корхоналар ўзи билганича иш қилишни қачон тўхтатади?»
UzAuto Motorsʼнинг ўз билганича нарх оширавериш сиёсати либерал-демократлар етакчиси Актам Ҳайитовни анча асабийлаштиргани суҳбат давомида сезилиб турди.
«Монопол корхоналар ўзи билганича иш қилишни қачон тўхтатади?», дея асабий тарзда сўзларини бошлади Ҳайитов.
Унга кўра, UzAuto Motorsʼнинг нархларни халқ билан маслаҳатлашмай ошириши партия электоратини ҳам, ЎзЛиДеП депутатларини ҳам норози қилган.
«Ваҳоланки, тараққиётимизнинг янги даврида ҳар бир ташкилот ўз қарорини халқ муҳокамасига қўйишга ўрганди. Ҳаттоки, қонун лойиҳалари ҳам халқ «экспертиза»сидан ўтказилаётгани фикримизга яққол далил. UzAuto Motors эса ана шу янги тенденцияни назар-писанд қилмади. Нархларни ўзи билганича оширди.
Ижтимоий тармоқлардаги муҳокамалардан четда қолиб кетяпсизлар, дегувчиларга айтмоқчимиз: ЎзЛиДеП сайловолди дастурида монопол корхоналарга қарши курашиш устувор вазифа этиб белгиланган. Партиямиз барча тадбиркорлик субъектлари учун тенг, ҳалол, адолатли, тизим яратиш тарафдори. Ана шундай демократик-либерал тамойил одамларни ҳам, тадбиркорларни ҳам давлатдан рози бўлиб яшашига замин яратади.
UzAuto Motors яқин орада автомобилларга ўрнатилган янги нархлар бўйича баёнот бериши маълум қилинди. Очиғини айтсак, биз ҳам бошқалар қатори мазкур баёнотни кутяпмиз. Негаки, UzAuto Motors`нинг янги баҳоналари биз учун ҳам қизиқ. Улар ўзини нима деб оқлайди, нега айнан «Damas», «Spark», «Nexia» каби машиналар нархларида кескин ўзгаришлар бўлганини қандай изоҳлар экан?
UzAuto Motors қандай баёнот беришидан қатъи назар, бир фикрда қатъиймиз: халқ ва халқ вакиллари – депутатларни ҳурмат қилган ҳар қандай ташкилот нархни оширмасдан олдин буни халқ муҳокамасидан ўтказиши лозим эди.
Хулоса ўрнида айтмоқчи бўлган фикримиз қуйидагича: бундан буён ЎзЛиДеП ўзи билганча иш қиладиган монопол корхоналарни ўз ҳолига ташлаб қўймайди», – деди Актам Хайитов.
Борий Алихонов: «Ҳар қандай монопол ташкилот нархларни оширишдан олдин жамоатчилик фикрини ўрганиши лозим»
Экологик партия раҳбари Борий Алихонов ўз фикрларини қисқача ифодалаб қўя қолди.
Унинг айтишича, ҳар қандай монопол ташкилот – қайси соҳада бўлишидан қатъи назар – нархларни оширишдан олдин кенг жамоатчилик фикрини ўрганиши лозим.
«UzAuto Motors нархларни ошириши ҳақида ОАВ ва ижтимоий тармоқларда асослантирилган баёнот билан чиқиши лозим.
Шу нуқтайи назардан олиб қараганда, UzAuto Motors`нинг автомобиллар нархини оширгани сабабини изоҳлай олмаймиз», – деди Алихонов.
Абдуқодир Тошқулов: «Бу – ҳукуматнинг омадсиз заводни тўхтаб қолишидан қўрқиб қилаётган иши»
Таниқли сенаторлардан бири Абдуқодир Тошқуловга автомобиллар нархи оширилиши бўйича фикрларини сўраб боғланганимизда, у бир неча кун аввал иш юзасидан Озарбойжон сафаридан қайтгани ва автомобиль саноати бўйича амалдаги ҳолатимизни бошқаларники билан солиштириш имконияти бўлгани ҳақида айтди.
Унинг айтишича, бу борадаги аҳволимиз жуда ачинарлидир.
«Европа ва дунёнинг ривожланган бошқа давлатлари ҳақида гапирмайман. Озарбойжон ва Тожикистонда ҳам бизнинг «Matiz», «Nexia» ва «Lacetti»га ўхшаш машиналар қолмаган. Ҳаммаси иномаркалар. Биз камбағал ҳисоблайдиган Тожикистонда ҳам ҳамма автомашиналар чет элники.
Бу давлатларда аҳолига хизмат кўрсатадиган таксилар ҳам иномарка. Масалан, Бокуда Англияда чиқарилган бир хил куперлар, Тожикистонда эса ҳаммаси Hyundai. Бизда эса хатто пойтахтдаги таксиларнинг ҳаммаси «Matiz».
Сенатор UzAuto Motors томонидан оддий халқ кўпроқ харид қиладиган машиналарнинг нархини ошириш бирор бир мезонга тўғри келмаслигини айтди.
«Биздаги автомашиналар дунё бозориникидан икки баробар қиммат. Бу ҳукуматнинг омадсиз заводни тўхтаб қолишидан қўрқиб қилаётган иши, деб ўйлайман.
Бу нарх оширишдан бутун жамият жунбушга келди», деди у.
Абдуқодир Тошқуловнинг айтишича, унинг ўзи ҳам бир неча йилдан буён «Nexia» автомобили харид қилишни режа қилиб юрган. Аммо янги нархлар туфайли бу режа янада узоқроққа чўзиладиган бўлди.
«Энди ололмайман. Атайлаб олмайман. Аччиқ қилиб ҳам олмайман. Бу жуда қиммат ахир. Буни қоралайман.
Қиммат автомобилларнинг нархи оширилмади, дейилди. Лекин булар дастлабки нархи ўрнатилганда ҳам дунё бозоридан икки баробар қиммат эди. Буларни ўзгартиришга ҳожат ҳам йўқ. Халққа жабр, жудаям жабр.
Аслида ҳозир нархи оширилаётган автомобилларни ишлаб чиқаришдан олиб ташлаш керак. Бу автомобиллар хавфсизликни ҳам таъминлай олмайди, замон талабларига ҳам жавоб бермайди. GM нормаларига қандай жавоб бераётганига ҳайронман. Балки GM бизни стандартлардан чиқариб ташлагандир. Тушуниб бўлмаяпти», – дея асабий гапирди сенатор Абдуқодир Тошқулов.
Нуриддин Муродов: «8 йил олдин раҳматли депутат Бойкулов «Ўзавтосаноат» фаолиятини қониқарсиз, деб айтганида, хоин ва сотқинлар дастидан балога қолган»
Олий суд масъул ходими Нуриддин Муродовнинг айтишича, бир неча йиллар аввал «Ўзавтосаноат»ни танқид қилиш хавфли бўлган.
«8 йил олдин гапирганимиз эсимда. Раҳматли депутат А.Бойкулов «Ўзавтосаноат» фаолиятини қониқарсиз, деб айтганда, хоин ва сотқинлар дастидан балога қолган эди. Яхшиям замон ўзгарди. Ҳозир эслаб ўша «омон-омон» замонларда қониқарсиз, деб қарор қилган депутатларимизга таъзим қиламан. Ўша пайтдаги сотқинларга эса лаънатлар бўлсин, айримлари ҳозир ҳам депутат бўлиб юрибди», дея эслади Муродов.
Ўзбекистондаги яна бир сиёсий партия – «Миллий тикланиш» демократик партиясидан масала бўйича ҳали изоҳ ола олганимиз йўқ.
Илёс Сафаров суҳбатлашди
Манба: Kun.uz
* * * * *
2. Қаранг, дейди “Ҳаракат” мухбири, сиёсатчиларнинг ҳаммаси Ўзбекистонда аҳолининг жуда катта қисми ҳатто орзу қилолмайдиган автомобилларнинг нархи ортишидан норози. Аммо, бундай ортиш ҳақида гапираётган сиёсатчиларимиз нимага Ўзбекистон аҳолисининг умумий аҳволи билан, бизда аҳолининг ўртача ойлиги МДҲ давлатлари ичида энг пастлардан бири эканлиги билан қизиқишмайди?
Улар бизда аҳолининг ўртача ойлиги охирги йилларда 10-15 фоизга кўтарилганини, аммо инфляция туфайли ҳамма нарсанинг, фақат автомобилларнинг эмас, нархи бундан ҳам кўпроққа кўтарилганини билишмайдими? Билишмаса, бозорларга бориб, одамларнинг кундалик ҳаётида ишлатиладиган маҳсулотларнинг нархи билан қизиқишсин!!!
Аҳолининг ўртача ойлиги 100 доллардан бироз юқори экан, автомобиллар нархи билан қизиқиш шармандаликку!
Уят, жаноб сиёсатчилар! Сизнинг асосий вазифангиз – фақат автомобиллар нархи эмас, аҳолининг ғариб ва ачинарли аҳволидир. Хўш, бу каби масалалар билан ким шуғулланиши керак? Сиз эмасми? Ҳа, айнан сиз шуғулланишингиз керак!!!
Акс ҳолда, халқ майдонларга чиқиб, жамиятини сиз каби сиёсатчилардан тозалашни талаб қилишга бошлайди!!!!!!