23 February 2020
14:10 - Бугун якшанба, аммо масхарабозликлар бутун дунёда давом этмоқда ва давом этаверади, Ўзбекистонимиз ўлимга қараб кетаверади. Бу жараёнларни тўхтатишимиз керак!

Жаҳон оммавий ахборот воситалари сўнги ойлар ва сўнги ҳафта давомида муҳокама қилинаётган масхарабзликларни муҳокама қилиш билан бандлар. Ҳеч бир янгилик йўқ.

АҚШнинг Невада штатида кеча Демократик Партия ўз праймеризини ўтказди. Яна Берни Сандерс ҳаммадан олдинда, 49 фоиз сайловчи гўёки унга овоз берибди. Қолганлар қанчалик кичикина фоиз овоз олганларини гапириб ўтиришга ҳам ҳожат йўқ. Берни Сандерснинг ўзи Россиядан АҚШдаги сайловларга аралашмасликни талаб қилиш билан овора. Жорийдаги Президент Доналд Трамп эса, Россиянинг АҚШдаги сайловларга аралашаётган ҳақидаги гаплар дезинформация холос демоқда.

Ўтган йилнинг охирги кунларида Хитойда чиққан ва секин аста дунёга тарқалаётган янги коронавирус COVID-19, табиий, ҳали ҳам ҳамманинг диққат марказида. Аммо, жиддий янгилик йўқ. Ҳозир COVID-19 қўшни Жанубий Кореяда ҳам тарқалишга киришди. У вирусдан ўлганлар Италия ва бошқа давлатларда ҳам пайдо бўлмоқда. Буёғи нима бўлишини ҳеч ким билмайди.

Россия Президенти Владимир Путин ўз мамлакатини суперпрезидент давлатига айлантириш мақсадида, жиддий шаклда, янгича референдум ўтказишга тайёрланмоқда. Мана бу ерда ҳамма нарса аввалдан аниқ, тахминан 2 ой ичида янгича референдум, яъни ҳар бир Россия фуқароси уйида ўтириб овоз бероладиган референдум ўтказилади ва Владимир Путин суперпрезидент бўлади.

Тўғри, Ўзбекистонда нималар бўлишини аввалдан башорат қилиш жуда ҳам мураккаб иш. Аммо, қилса бўлади.

Шавкат Мирзиё Ўзбекистонни тўла ўз қўлига, тўғрироғи, Давлат Хавфсизлик Хизмати (ДХХ) деб аталишга бошланган КГБнинг қўлига ўтказиб олгани билан маст бўлиб юрибди. Аммо, аҳолининг камида 10 фоизи, демак, меҳнат қилиш ёшидаги аҳолининг камида 20 фоизи чет элларда қуллардек ишлашни давом эттирмоқда. Аввал 13 йил Бош Вазир бўлган Шавкат Мирзиё 3,5 йилдан бери президентлик курсисида ўтирибди, аммо аҳолининг тахминан 100 долларлик ўртача ойлиги, инфляцияни ҳам ҳисобга олсак, тўхтовсиз камайиб бормоқда. Чет элларда қуллардек ишлаб юрган миллионлаб ватандошларимиздан биронтаси Ўзбекистонга қайтишни ўйлаётгани ҳам йўқ.

Дунёни қўйиб туринг, Ўзбекистоннинг эртанги кунини ўйлаш бизнинг мажбуриятимиздир. Қолаверса, бу иш – демократик мухолифатнинг, унинг ўзаги бўлган "Бирлик" Халқ Ҳаракати Партиясининг асосий вазифаси бўлиб қолаверади. 2019 йил 22 декабрда ўтказилган ёлғондакам парламент ва маҳаллий кенгашларга сайловларнинг натижалари ҳам ҳеч нарсани ўзгартирмади. Шу сайловлардан кейин ҳам, Олий Мажлис авваллари каби ижроия ҳокимияти билан бирлашиб/чатишиб кетди, оммавий ахборот воситалари шу бирлашган ҳокимиятнинг қўғирчоқлигича қолмоқдалар. Гўёки учинчи ҳокимият ҳисобланадиган судлар ҳақида гапириб ўтиришга ҳам ҳожат йўқ.

Бундан ҳам муҳими, ҳамма нарсанинг бош хўжайини, СССРда бўлгани каби, КГБ бўлиб қолмоқда. Ҳозир Ўзбекистон билан боғлиқ бўлган Интерентдаги оммавий ахборот воситалари ҳам шу ДХХнинг, яъни КГБнинг назорати остига ўтиб бормоқдалар. Демак, ҳозирги босқичдаги асосий вазифамиз – жорийдаги бу вазиятини ўзгартириш, КГБни ўз ўрнига ўтқазиб қўйиш бўлиши керак.

Ҳамма ҳақиқий демократларни айнан шу вазифа атрофида бирлашишга чақириш ва бирлашиш учун керак бўлган ҳамма нарсани қилишга чорлаш лозим. Бу вазифа осон эмас, аммо ҳозир бошқа йўл йўқлигини унутмайлик.

Ким кимдир? Who is Who?Добавить персону