Ургут туманида айланиб юрган миш-мишларга қараганда, икки йил аввал, яъни 2018 йилнинг баҳор кунлари Шавкат Мирзиё шу вилоят фаоллари билан учрашганида, Ургут фаолларининг талаби билан маҳаллий кутубхона қуриб бериш ҳақида буйруқ берибди ва жуда катта имкониятларга эга бўлган ахборот-кутубхона маркази 2019 йилда Ахборот Технологиялари ва Коммуникацияларини Ривожлантириш Вазирлиги томонидан катта пулга қуриб берилибди.
Аммо, тушуниб бўлмайдиган сабаблар туфайли, бу янги кутубхона биноси СССРдан қолган комсомолнинг, аниқроғи, Ёшлар Иттифоқининг Ургут туман ташкилотига берилибди.
Ҳозир шу масала атрофида катта жанжал бўлмоқда. Ўзбекистон Инсон Ҳуқуқлари “Эзгулик” Жамиятининг шу туманда ўта фаол бўлган аъзолари нимага жим туришибди? Бу жамиятнинг раҳбарияти ва туман ташкилоти фаоллари қаерда қолишди?
Хуллас, саволлар кўп, аммо жавоб йўқ. Лекин, умид қиламизки, “Эзгулик” Жамиятининг раҳбарияти ва маҳаллий раҳбарлари жим туришмайди ва бу масалани ҳал қилиш учун курашишади.