Бугун Kun.uz Интернет нашрининг мухбири Шуҳрат Шокиржонов шу сайтда эълон қилган “Ҳолвани ҳоким, калтакни етим ейди: Сариосиёда аёл нега қўлига болта олди?” сарлавҳали хабарида айтилишича, Сурхандарё вилоятининг Сирдарё туманидаги “Гулобод” МФЙда қурилган янги уйи бузилишига қаршилик билдирган Холбиби Донаеванинг видеомурожаати ижтимоий тармоқларда, жумладан YouTube тармоғида ҳам тарқатилган: (https://www.youtube.com/watch?time_continue=77&v=uGhU-AlEipI&feature=emb_logo).
Унинг YouTube тармоғида кеча, 9 февралда эълон қилинган мурожаатини минглаб кишилар кўрганини қўйиб туринг, у аёлнинг гапларига адолат нуқтаи назаридан қулоқ солиш керак. Чунки, Холбиби Донаева Ўзбекистонда, жумладан, Сурхандарё вилоятида халқни алдаш, унга уй қуришга рухсат бериш, кейин турли баҳоналар билан уйни тортиб олиш ҳодисалари ҳали ҳам давом этаётганини кўрсатиб берган.
Ваҳолангки, ҳуқуқ ҳимоячиларининг “Ҳаракат” саҳифаларида ҳам эълон қилинган “Сурхон ҳокими Боболовнинг қалқони ким?” (2020 йил 8 январ) ва “Сурхондарё вилояти ҳокими раддиясига раддия” (2020 йил 2 феврал) номли хабарларида ҳам Сурхандарё ҳокими Тўра Боболов ва унинг Сариосиё туманидаги каби ялтоқ ҳокимлари ким эканликлари жуда яхши фош қилинганди.
Холбиби Донаева ўз чақириқларида фақат Шавкат Мирзиёевга ишониши ҳақидаги гапларга ҳам ортиқча эътибор бериш керак эмас. Балки, унинг ўзи ҳам ким ҳақ, ким ноҳақ эканлигини яхши билмайди. Аммо, Ўзбекистон каби порахўрлик ва коррупция ботқоғида ўлаётган Ўзбекистонда ҳамма амалдорлар порахўр ёки коррупционерлардир. Шавкат Мирзиё ҳам улардан бири, аслида, уларнинг бош раҳбаридир.
Хулоса қилиб айтсак, бу каби ишлар судда кўрилиши ва судга Шавкат Мирзиё, Тўра Боболов ҳамда Сариосиё ҳокими ҳам бу жиноятнинг турли даражадаги иштирокчилари сифатида чақирилиши керак. Натижа қандай бўлиши аввалдан маълум, бундай иштирокчилар жазоланиши, Шавкат Мирзиё, энг камида, дарҳол истеъфога кетиши кераклиги ҳам ўз-ўзидан маълум.