Аввалмбор айтиш керакки, Туркиянинг энг катта шаҳарлари – Истанбул, Анқара, Измир, Адана, Анталия ва Бурсадир. Ўтган йилги маҳаллий сайловларда фақат Бурсада исломчилар ғалаба қозонган эдилар. Ҳозир Туркия бўйлаб отатуркчилар билан исломчилар ўртасидаги жанжаллар совуқ урушга айланмоқда дейиш мумкин. Охирги мисол – Истанбул Канали.
Расмда кўрмоқдасизки, Қора Денгиз ва Мармара Денгизларини боғловчи Истанбул Бўғози (дунё уни "Босфор Бўғози" дейди) ростдан ҳам тарихда буюк аҳамиятга эга бўлган. Лекин, бир бўғоз икки денгиз орасидаги алоқаларни янада ривожлантириш учун етарсиз бўлиб қолмоқда. Шу сабабли, сунъий бўғоз қуруш ғояси йиллардан бери муҳокама қилинарди.
Ҳокимиятга исломчилар келгандан кейин улар аввал энг чапдаги канал лойиҳасини олға суришга бошладилар, аммо кейин ўртадаги канал лойиҳасини маҳкам ушлаб олдилар. Бу лойиҳани амалга ошириш учун ҳамма имкониятлар бор, аммо бу масалада ҳам отатуркчилар билан исломчилар келишолмаяптилар.
Бугун Истанбулда 2 та воқеа бўлди. Янги қурилаётган Истанбул Аэропорти билан шаҳарни улайдиган метро йўлининг бошланғич станцияси қурилиши бошланди. Бошланиш маросимига Туркия Президенти Ражаб Эрдўған ҳам келди ва очилиш нутқида яна Истанбул Каналини тилга олиб, унинг лойиҳасини мақташга бошлади. У бир неча марта отатуркчларнинг Жумҳурият Халқ Партияси раиси Кемал Қиличдорўғлини ҳам тилга олиб ва уни камситиб, Истанбул Канали лойиҳаси буюк эканлигини урғулаш билан банд бўлди.
Айнан бугун Истанбул шаҳар ҳокими Акром Имомўғли ўзига ўтган йилги сайловларда ёрдамчи бўлган Яхши Партия уюштирган “Истанбул Канали лойиҳаси ва атрофидаги муаммолар” номли конференцияда нутқ сўзлади ва бир қатор муҳим мисоллар кўрсатиб, Истанбул ҳокими сифатида Туркия Президенти қўллаб-қувватлаётган лойиҳа амалга ошишига йўл бермаслигини урғулади.
Туркияда ҳокимиятни тўла қўлга олиш учун курашаётган отатуркчилар билан исломчилар ўртасидаги жанжаллар жуда кўп. Аммо, бугун уларнинг энг муҳими айнан Истанбул Канали атрофидаги жанжалдир.
Биз, дейди "Ҳаракат" мухбири, ғоявий нуқтаи назардан отатуркчиларга яқин бўлганимиз учунгина эмас, ростдан ҳам Истанбул Канали лойиҳаси шубҳали кўринаётган сабабли, бу масалада ҳам Жумҳурият Халқ Партияси ва Яхши Партиянинг тарафдори бўлмоқдамиз. Кўрамиз, натижа қандай бўлади. Аммо, тахмин қилиш мумкинки, катта ваколатларга эга бўлган Истанбул шаҳар ҳокими Акром Имомўғли ўз айтганини қилдиради.
Ҳозир кўпчилик сиёсатшуносларнинг фикрича, кейинги Туркия сайловларида отатуркчилар ғалаба қозонса керак.