9 декабрда Инсон Ҳуқуқлари Умумжаҳон Декаларацияси қабул қилинганлигининг 71 йиллик тантаналари ўзбекистонлик ҳуқуқ фаоллари учун 9 декабрда Буюк Британиянинг мамлакатимиздаги элчиси Тим Торлоунинг резиденциясида бошланиб, кеча 10 декабрда АҚШ элчиси Даниел Розенблюмнинг резиденциясида тугади.
9 декабрда Буюкюбритания элчисининг уйига таклиф қилинган “Эзгулик” Жамияти раҳбари Абдураҳмон Ташановнинг айтишича, бу ердаги йиғилиш мамлакатдаги инсон ҳуқуқлари вазияти, иқтисодий-сиёсий аҳвол ҳақидаги муҳокамалар билан ўтган.
Элчи мамлакатнинг турли нуқталаридан келган 4 нафар ҳуқуқ фаолининг фикр-мулоҳазалари билан қизиқди. Ҳуқуқ фаоллари мамлакатдаги инсон ҳуқуқлари билан боғлиқ муамоларни турли ракурслардан кўрсатишга ҳаракат қилдилар. Масалан, фарғоналик Аҳмаджон Мадмаров диний эркинликлар борасида юмшашлар бўлганини гапирган бўлса, Абдураҳмон Ташанов болалар меҳнати ва мажбурий меҳнат чекинганини, аммо ҳали ҳал этилмаган муаммоллар кўплигини таъкидлаган.
Элчи Тим Торлоу эса, ҳуқуқ фаолларининг Президент Шавкат Мирзиёев Конституция байрамида қилган чиқишига муносабати билан қизиққан. Ҳар ким турлича муносабат билдирди, мен президентнинг сўз эркинлиги ортага қайтмайди, деган сўзлари қувончли эканини айтдим, аммо воқеалар қандай ривожланишини кузатиш лозимлигини ҳам урғуладим, деди “Эзгулик” раҳбари Абдураҳмон Ташанов.
Кеча, 10 декабрь куни тушдан сўнг АҚШ элчилиги тантана муносабати билан пойтахтдаги Виндҳам меҳмонхонасида ҳукумат, парламент ва фуқаролик жамияти вакилларидан иборат контингент учун конференция уюштирди. Конференцияда ҳуқуқ фаоли Елена Урлаева ҳукуматга одамларнинг ишончи йўқлиги, журналист Никита Макаренко яқинда бўладиган сайловларнинг шунчаки спектакл экани, ҳуқуқ фаоли Шуҳрат Ғаниев эса нодавлат ташкилотлар рўйхатга олинмаётгани, Абдураҳмон Ташанов партияларнинг рўйхатга олиниши борасидаги қонуннинг таҳрирга муҳтожлиги, ҳуқуқ фаоли Ҳайитбой Ёқубов эса снос ва паспорт билан боғлиқ муаммолар ортиб бораётганини гапирган.
Бунга жавобан Бош Прокурор ўринбосари Светлана Ортиқова ва Парламентнинг Инсон Ҳуқуқлари бўйича вакили, яъни Омбудсман Улуғбек Муҳаммадиев ҳуқуқ ҳимоячиларининг танқидларига ўзига хос “отпор” бериб, бу борада ҳукуматнинг ижобий қадамларини тилга олишга ҳаракат қилишди.
Шу куннинг ўзида “Эзгулик”нинг Тошкентдаги офисига Европада Хавфсизлик ва Ҳамкорлик Ташкилоти (ЕХҲТ) миссиясининг сайловлар бўйича кузатувчилари Тано Карпьяк (Франция) ва Ҳалил Зераргуи (АҚШ) келишди ва сайлов жараёнларининг бориши, ундаги рақобатчилик муҳити ва мухолифатчилик кайфияти билан қизиқиб, ҳуқуқ ҳимоячиларидан ҳозирги аҳвол ҳақидаги фикрларини ўрганишди.
“Агар рақобатчилик муҳити ҳақида гапирилса, у бор. Теледебатларда расман тан олинган партияларнинг вакиллари ўзаро рақобатлашмоқдалар. Ҳатто ҳукуматнинг сиёсий стратегиясига оид қарорларга ҳам қаршликлар сезилмоқда. Масалан, Миллий Тикланиш Партияси фаоллари Ўзбекистон ҳукуматининг Евроосиё Иқтисодий Иттифоқига кириш мақсадига кескин қарши эканликларини билдиришди. Бу воқеалар ўтган галги сайловлардан кўра анча ҳақиқатга яқин, аммо мухолифатчилик руҳи масаласида бир нарса дейиш қийин”, деди Абдураҳмон Ташанов.
Маълум бўлишича, ЕХҲТ миссияси вакиллари мухолифатнинг ўқ илдизи бўлмиш “Бирлик” Халқ Ҳаракати Партиясининг тарихи, унинг Адлия Вазирлигида рўйхатидан ўтишга уринаётгани ва имзолар масаласида ҳатто ҳукумат билан судлашишгача бораётганини ҳам билишар экан. Шунингдек, “Эзгулик” ташкилотининг Парламент ва ҳукумат органларига амалдаги “Сиёсий партиялар ҳақида”ги қонун талабларини ўзгартириш, авваламбор, партия аъзоларининг сонини камайтириш ташаббуси билан чиқаётганини ҳам билишлари маълум бўлди.
Айтиш керакки, ҳуқуқ ҳимоячиларининг байрам тантаналари оқшомда АҚШ элчисининг Тошкентдаги резеденциясига кўчди. У ерда ҳозир бўлган халқаро ташкилотлар, дипломатик корпуслар, ҳукумат ва парламент вакиллари ҳамда фуқаролик жамияти вакиллари яқинда оламдан ўтган ҳуқуқ фаоли Толиб Ёқубни хотирлаб, 1 дақиқалик сукут сақлаш билан анжуманни бошлашди.
Сўнгра мезбон элчи Даниэл Розенблюм ва Европа Иттифоқининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари Эдуард Спрайтис Инсон Ҳуқулари Умумжаҳон Декларациясининг мазмун-моҳияти ва унинг ҳозирги кундаги аҳамияти ҳақида нутқ сўзлашди. Сўнгра дастурхон тортилиб, суҳбатлар чой устида давом этди.
АҚШ элчихонасидаги бахс ва тортишувларнинг тафсилотлари ҳақида бошқа хабарларимизда маълумотлар берамиз. Аммо, Буюкбритания ва АҚШ элчихоналаридаги баҳсли суҳбатлар Ўзбекистондаги аҳволни тушуниш нуқтаи назаридан муҳим аҳамиятга эга бўлгани шубҳасиздир.
Юқоридаги расмда Ҳуқуқ Ҳимоячилар Куни АҚШ элчихонаси уюштирган йиғилишда нишонланмоқда. Пастдаги расмда - Буюкбритания элчиси Тим Торлоу (орқа қаторда марказда) ўзбекистонлик ҳуқуқ ҳимоячилари билан бирга.